Тиқин жонга тегди: Ўш шаҳрида биринчи бор икки қаватли кўприк йўли қурилади

Ҳозирча бу фақат ғоя, лекин муҳими – иншоот қурилишидан маҳаллий аҳоли жабр тортмайди.

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти бўлган Ўш шаҳрида автомобиллар ва пиёдалар учун ер ости ва устидан ўтадиган қаватли йўл қурилади. Ҳозирда лойиҳа тугалланмаган, лекин ноқонуний равишда йўлга чиқиб кетган айрим иншоотларни бузиш ишлари бошланган.

Ўш шаҳар мэрияси ҳузуридаги капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Шумқарбек Пайзиевнинг маълум қилишича, янги ўтиш жойи шаҳарнинг Исақбек Мўнуев, Асқар Шакиров ва Айбек Алимжонов кўчалари кесилишган чорраҳада қурилади. Бундан ташқари, мазкур кўчалар таъмирланади. Пайзиевнинг айтишича, лойиҳа тўлиқ ишлаб чиқилмагани учун унинг бюжети тасдиқланмаган.

“Йўл ўртаси туннел бўлади. Масалиев кўчасидан келаётган автомобиллар ер остидан ўтади. Бунинг энг яхши жойи – йўлни тирбанд қилмай вилоят шифохонаси томон тўғри ўтиб кетилади. Шакиров кўчасидан келганлар эса ер устидаги айлана йўлдан ўтишади. Йўлнинг ўнг тарафидан келадиганлар эса светофорни кутмасдан, 24/7 дегандай, куну-тун тўхтамай ўтиб кетаверишади. Лойиҳа яқинда якунланади, кейин сметасини берамиз», – деди Пайзиев.

Унинг таъкидлашича, қурилишга 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Аммо ҳозирча молия манбаи аниқланмади. Бу маблағнинг маҳаллий ғазнадан ажратилиши режалаштирилмоқда. Қурилиш ишлари эса баҳорда бошланади. Иншоот шаҳарнинг ўртасида бўлгани учун тезроқ тугатишга ҳаракат қилинади.

“Тендерда ғолиб бўлган компанияга қурилиш ишлари 24 соат давомида олиб борилиш талаби қўйилади. Чунки бу ер шаҳарни ўртасидаги гавжум кўчалардан ҳисобланади”, – деди Пайзиев.

Ўш вилоят шаҳарсозлик ва архитектура бошқармаси ходими Мирлан Ўмуралиевнинг айтишича, ўтиш жойи қурилиши билан у ерда қанча объектда ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги аниқланмоқда. Муҳими, шаҳарликларнинг уйларига зарар қилмайди.

«Ҳозир аниқ бир нарса дея олмаймиз. Яна аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. У ердаги 13 объектдан бирининг панжараси олинса, бошқа бинонинг 2-3 метр ери сурдирилиши мумкин. Ушбу кўчаларда маҳаллий аҳолининг деярли уйлари йўқ. Шунинг учун ҳам хусусий уйларга зарар келтирилмайди», – деди у.

Ўш шаҳридаги транспорт тирбандлигини бартараф этиш мақсадида 2023-йилда Абсамат Масалиев ва Алишер Навоий кўчалари кесилишган чорраҳада пиёдалар ўтувчи йўл қурилди. Унга маҳаллий ғазнадан 45 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Тендерда “Сапат қурилиш” компанияси ғолиб чиқиб, қурилиш ишларини якунланди. Август ойининг охирида очилиши бўлиб, аҳолига иншоотдан фойдаланишга рухсат берилди. Бироқ мэрия мазкур йўлак ҳозирча муассаса балансига ўтказилмаганини маълум қилган. Бундай ҳолда қурилиш объектидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Шаҳар кўчаларидаги тирбандлик мамлакат пойтахти Бишкек учун ҳам жуда долзарб масала. Муаммони ҳал қилиш учун расмийлар турли ғояларни ўртага ташлаб, бу кучли муҳокамаларга сабаб бўлиб келади. Улар орасида ягона осма рельсли поезд ҳаракатини йўлга қўйиш, кўп қаватли осма кўприклар қуриш ва ҳоказолар бор.

Яқинда метро қурилиши ҳақида гап очилди. Лекин афтидан гапирибгина қўйишни яхши кўрадиган амалдорлар метро қурилиши ҳам осма поезд каби жуда қимматга тушиши ва бунга ҳозирча мамлакатнинг кучи етмаслигини тушунишмайди шекилли. Қолаверса, тоғли ҳудудда жойлашган Бишкекнинг ер қатлами кенг қамровли қазиш ишларига имкон берадими, йўқми, бу ҳам ноъмалум.

Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг