Қирғизистон-Ўзбекистон: Ўзаро борди-келди ва виза масаласида саволлар қоляпти

Вазиятга аниқлик киритиш учун мутасадди расмийлар Ўш шаҳрида маҳаллий аҳоли билан учрашдилар.

Ўш шаҳрида бугун, 1 февралда Қирғизистон ва Ўзбекистон республикалари ўртасидаги борди-келдиларнинг янги тартибига боғлиқ масалалар юзасидан тегишли мутасаддилар маҳаллий аҳоли билан учрашдилар. Учрашув Бобур номли давлат ўзбек академик мусиқали драма театри залида бўлиб ўтди.

Учрашувда Қирғизистон-Ўзбекистон давлатлари ўртасида виза масаласидаги янги тартибларнинг жорий этилиши юзасидан савол-жавоблар бўлди. Расмийлар бу қоидаларни ўрганиб чиқилиши ва уларнинг келиб чиқиши сабабларини атрофлича тушунтириб беришди. Яъни, икки давлат ўртасидаги борди-келдиларни тартибга солиш, қонунбузарликларни олдини олиш каби сабаблар айтилди.

Улар янги қоидаларнинг жорий этилиши қўшни республика фуқаролари учун қийинчиликдек кўрингани билан, аслида уларга фойдаси ҳам борлигини таъкидлашди. Яъни, 10 доллар (6 ойга) ва 20 долларга виза олиб, бир йил давомида мамлакатга эмин-эркин кириб чиқишларини давлат кафолатлаши ижобий натижаларни беради, дейишди расмийлар.

Эҳтимол ишлагани ёки узоқ муддатга меҳмонга келаётганлар учун бу фойдали ҳамдир. Лекин Ўзбекистондан келин бўлиб тушганларчи? Ахир улар ҳам ўз уйи, оиласи билан бирга бўлишлари учун ана шундай виза олиб туришлари керак бўляпти-ку? Қирғизистон фуқаролигини олиш учун камида 3 йил кутиш керак. Демак, камида 3 марта бир йиллик виза олиш зарурати туғилмоқда.

Учрашувда расмий ходимларга жамоатчиликни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилинди. Ўш шаҳар кенгаши депутати ва мазкур театр юристи Хулкарой Исамова расмийларга бу янгилик жуда кўп тушунмовчиликларга олиб келаётганини, давлат ғазнасига тушиши белгиланган 10 ва 20 долларлик пулдан ташқари ўртамчилар айрим содда одамлардан қўшимча пул олиб, иш бажараётгани яхши эмаслигини айтди.

Исамова ижтимоий тармоқларда, “6000 қирғиз сўмига (салкам 70 АҚШ доллари) виза қилиб берамиз”, деган эълонлар айланиб юрганини айтди. Шунингдек у, расмийлар айтаётган 72 соатда олса бўладиган визани, навбат кутаётганларнинг кўплигиданми, бошқа сабабми, ойлаб ҳужжат йиғиб юрганлар борлигини аниқ фактлар билан айтиб ўтди.

Депутат биргина ўзбекистонлик фуқарони ишга жойлаш учун роппа-роса бир ой вақт кетганининг гувоҳи бўлганини таъкидлади.

Унга жавобан Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматининг Чегара назорати бош бошқармаси паспорт, виза маълумотлари ва таҳлиллари бўлими бошлиғи, полковник Мелис Памиров идораларда навбат кутаётганлар январ ойида кўпайгани муносабати билан яна уч нафар ёрдамчи мутахассис ишга олинганини айтди. Эндиликда виза ҳеч қандай муаоммосиз 3 кунда тайёр бўлишини тушунтирди.

“Ўртамчиларга алданиб қолманг”, деб айнан бугун биз шу ерда маълумот беряпмиз, -деди Памиров.

Ўзини Ислом деб таништирган блогер йигитнинг айтишича, ишчилар визасини тайёрлаш нархи 1500 долларгача кўтарилган.

“Бундай тушунмовчиликлар ҳар қандай янги тизимда бўлиши табиий ҳол, албатта, – деб жавоб берди Қирғизистон Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлигининг Ўш вилоятидаги аҳолини рўйхатга олиш бошқармасининг минтақалараро бўлими бош мутахассиси Қурсанбек Султанов. – Ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқларини қонуний тарзда билиши даркор. Ҳозир турли маълумотларни тарқатиш жуда осон. Ўртамчиларга эмас, расмий сайтларимизга кириб [қоидаларни] ўрганса бўлади”.

Султановнинг айтишича, мамлакатдан ташқарида юрганлар онлайн тарзда виза олишлари учун ҳам имкониятлар яратилган. Шунингдек, талабалар учун ҳам анча енгилликлар мавжуд бўлиб, олийгоҳнинг ўзида виза олиш учун ҳужжатларни тайёрлаш мумкин.

Расмийлар Ўзбекистон фуқароларининг Қирғизистон визасини олиш борасидаги саволларига жавоб беришиб, ташриф буюрганларга расмий сайт манзили ва мутасаддиларнинг боғланиш учун телефон рақамларини тарқатишди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Қирғизистон визасини олиш учун электрон виза портали орқали республикадан чиқмасдан туриб мурожаат қилишлари мумкин экан.

Виза олиш учун сиз https://www.evisa.e-gov.kg/ веб-сайтига киришингиз ва тегишли саҳифага кириб, уни тўлдиришингиз ва ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишингиз керак. Масалан, “Қариндош-уруғлар визаси” («Туугандар визаси») га мурожаат қилиш (Қирғизистон фуқароларининг оила аъзоларига) [учун зарур ҳужжатлар]:

Ўзбекистон фуқаросининг паспорти;

Қирғизистон фуқаросининг шахсий гувоҳномаси;

Ўзаро муносабатларни тасдиқловчи ҳужжат (никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома);

Қирғизистон фуқаросининг аризаси;

Қирғизистон фуқароси молиявий барқарорлигини далилловчи иш жойи ёки бошқа жойдан иш ҳақи тўғриидаги ҳужжат.

«Молиявий барқарорлигини далиловчи ҳужжат сифатида, хорижий фуқаронинг Қирғизистон Республикаси ҳудудида турар-жой билан ва моддий хавфсизлигини кафолатлаш мажбуриятини олиши ҳақида нотариал тасдиқланган ҳужжатни тақдим қилиши мумкин. Қирғизистон фуқароларининг оила аъзоларига виза бериш учун бошқа қўшимча талаблар йўқ», – дейилади сайтдаги расмий ахборотда.

Вазирликдан маслаҳат ва тушунтиришларни олиш учун +996 312663070 ва +996703428865 (Вотсап) расмий алоқа рақамларидан фойдаланиш мумкин.

Қўшимча маълумотлар олиш учун [email protected] электрон манзили ҳамда @visacenterkg Инстаграм саҳифаси орқали мурожаат қилиш мумкин.

Аҳоли билан учрашувда Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги ваколатли миссияси раҳбари Меримбек Апишов ҳамда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати бўлими бошлиғининг Ўш вилояти бўйича ўринбосари Марат Исмоиловлар ҳам иштирок этишиб, йиғилганларнинг саволларига жавоб беришди.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди. Мақолага бевосита алоқаси йўқ

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг