Қариб қолдим дейсизми? Демак, сиз қариликни бўйнингизга олибсиз

Ҳар қандай дард каби қарилик ҳам ҳаракатсизлик, бекорчиликдан келиб чиқишини унутманг.

Шу кунларда Ўшлик полвон, етмиш икки яшарлик Саидфозил ака Муҳаммедовнинг тош кўтаришнинг бир тури – пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпиони бўлганини оммавий ахборот воситаларидан ўқидим.

Яна бир Ўш фарзанди 62 яшар Алижон ака Тожибоевнинг турникда ёш йигитлардай чаққонлик билан ҳунар кўрсатаётганини томоша қилиб, кексаликка сўз бермай келаётган ана шундай кишиларнинг саломатлик дастурларини оммалаштиришимиз керак экан, деб ўйладим. Токи одамлар уларга ҳавас қилсин, ўргансин, фаол бўлиш орқали соғлиғини тиклаб олсин.

Бироқ минг афсуски, кўп юртдошларимиз олтмишу етмишни қўя туринг, элликка бориб-бормасиданоқ тандирнинг рапидасидай соқол қўйволиб, жисмоний меҳнатдан қочиб, қуюқ дастурхонлар ёзилган амри маъруфларга ўзини урадиган бўлиб қолишгани ҳам бор гап. Ҳолбуки, меҳнат қилиш, қўлидан келадиган қайсидир юмуш билан шуғулланиш ҳам тирикликнинг бир фарзи, аслида. Жисмоний меҳнат танимизнинг, йўқ, тўғрироқ айтайлик – тану жонимизнинг кундалик эҳтиёжи эмасми?

Биз энди қаридик шекилли деб, ўзини ҳам, бола-чақасини ҳам ишонтириб, бутун юкини болалар елкасига ортволиб кун кечираётганлар эса аслида ўзларини алдаб, ҳақиқий кексаликка, дарду касалликларга томон югуриб бораётганликларини билишармикин? Ундайлар қўлидан келадиган арзимас юмушни қилиш уёқда турсин, ҳатто китоб ўқиб, маърифий дунёсини бойитишни ҳам аллақачон йиғиштириб қўйишган.

Ҳолбуки, қарилик – биз унга сўз бериб қўйганимиздан кейин келади. Мен ҳали ёшман, тетикман, десак-чи?

Ё, қаридингизми аллақачон? Шунақа деб ўйлайсизми?

Аммо мана бундай фактларни ҳам эшитганмисиз?

Рим сенатори Maркус Като 80 ёшида юнон тилини ўрганган.

Сўқрот 70 ёшдан ошганида кўпгина мусиқа асбоблари чалишга киришган ва бу санъатни мукаммал эгаллашга муваффақ бўлган.

Микеланжело энг машҳур расмларини 80 ёшида яратган.

Гёте “Фауст”ини 80 ёшида тугатди.

Немис тарихчиси Леопольд Ранке «Жаҳон тарихи» асарини 91 ёшида ёзиб битирди.

Исаак Нютон 85 ёшида ҳам тинмай ишлаган.

Лев Толстой 82 ёшида шундай ўт ўрардики, ёш ўроқчилар унга етиб юра олмасдилар. «Уруш ва тинчлик»нинг мўйсафид муаллифи шу ёшида конкида учар, велосипедда юрар, от минар ва “тўппонча” усулида (бир оёқлаб) 40 мартадан кўпроқ ўтириб турарди!

Бастакор ва дирижёр Игорь Стравинский (АҚШ) 88 ёшигача ишлаган.

Шоир Берангер  – 77 ёшигача;

Лев Толстой – 82 ёшигача;

Виктор Гюго – 83 ёшигача;

Академик Иван Павлов – 87 ёшигача;

Юнон драматурги Софокл 90 ёшигача ишлаган.

Файласуфлар Диоген ва Демокрит, рассомлар Титиан ва Микеланжело саксондан ошганда ҳам ижодий фаолият кўрсатишган;

Бернард Шоу эса 94 ёшигача меҳнат қилган…

Булар дунёда машҳур кишилар ҳаётидан.

Ўзимизнинг улуғ пирларимиздан Аҳмад Яссавий юз йигирма йилдан ортиқроқ яшаган, ижодининг асосий қисми юздан ошганида дунёга келган.

Лутфий тўқсон тўққиз ёшида вафот этган. Умрининг охирги соатида ҳам бир байт шеър айтиб, видолашишга келган Абдураҳмон Жомийга уни тугаллаб, ғазал шаклига келтиришни васият қилиб, жон берган.

Ўшлик академик Иззат Султон 91 ёшида илмий асар ёзаётган ҳолда омонатини топширган, яна бир ўзбек академиги Наим Каримов ҳам 91 ёшигача шаҳидлар хотирасини абадийлаштириш юзасидан фаолият юритадиган давлат идорасида хизмат қилар, Тил ва адабиёт институтида докторлик илмий даражасини берадиган илмий кенгашни бошқарар, ўнлаб шогирдларининг илмий ишларини кузатиб, бош-қош бўлар эди…

Яқинда Америка олимлари Европалик ҳамкасблари билан бирга шу мавзуда бир шов-шув кашфиётни эълон қилишди:

Буни қарангки, инсон онги, илгари ўйлаганларидек 25-30 ёшгача эмас, балки 50 ёшгача ривожланаркан. Бундан ташқари, агар одам ақлий фаолият билан мунтазам шуғулланишда давом этса, мияси деярли қаримас экан!

Гапнинг индаллосини эшитинг:

«Қарилик» деган касаллик бўлмас, уни хато равишда ўйлаб топиб, ўзимизни ишонтириб оламиз экан.

Шунинг учун ҳам таниқли психиатр Даниэль Эйманнинг «эшитган ҳамма нарсангизга ишонманг, ҳатто бу овоз миянгиздан келган бўлса ҳам», деган маслаҳати жуда тўғри.

Ҳаётимиздаги катта-катта тўсиқлар ва ғовлар – ўзимизнинг ичимизда бўларкан.

Уларни йиқитинг, синдириб, улоқтириб ташланг!

Шууримиз асло қаримайди. То тирик эканмиз, ҳали яна юқорилаш, ўсиш имконияти бор – руҳий юксалиш йўлида яна ва яна баландликларга чиқа оламиз.

Аммо, бунинг фурсати қачон келаркин, деб кутиб ўтирманг – энг яхши вақтни яхши билиб олинг. У – ҲОЗИР! Бу юксалиш мендан лаҳзаси ўтиб кетди деб, ё соғлиғимни яхшилаб олай, ана ундан кейин… деб ҳам ўтирманг.

Ҳазрат Алишер Навоий айтади:

Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам,

Не учунким, дам бу дамдур, дам бу дамдур, дам бу дам.

(Маъноси: ўтган – ўтди, уни ҳикоя қилаверма, келажак эса  ҳали олдинда, орзу қилиб ўтира берма, чунки ҳақиқий фурсат – шу бугундир, шу бугундир, шу бугун).

Зуҳриддин Исомиддинов, Оқбура, Тошкент.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг