Мусулмонлар юзига тортилган тарсаки: Исроил судда геноцид учун жавоб бермоқда

Лекин Халқаро судга мусулмонлар эмас, аҳолиси насронийлардан иборат Африка давлати мурожаат қилган.

Ҳолландиянинг Ҳаага шаҳрида 12 январ куни Исроил давлати устидан Халқаро суд жараёни бошланди. Судга даъво аризаси билан Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) мурожаат қилиб, бу давлат Исроилни Фаластин аҳолисини геноцид қилишда айбламоқда.

Аризада Исроил давлати охирги бир неча ўн йил давомида Фаластиннинг туб аҳолисини қириб, яшаган жойларидан кўчиб кетишга мажбур қилаётгани, шу мақсадда ҳудуд аҳолисини яшаш учун зарур бўлган энг оддий нарсалар: сув, озиқ-овқат, газ, алоқа воситаларидан ҳам маҳрум қилиб келаётгани ҳақида “юракларни музлатиб юборадиган” фактлар келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Исроил давлати Фаластиннинг Ғазо ҳудудида кенг қамровли уруш олиб бормоқда. Урушга дунёдаги энг кучли армиялар орасида 4-чи ўринни эгаллаб келаётган Исроил ҳарбийлари тўла тортилган. Гарчи урушдан мақсад ҲАМАС ташкилотини тугатиш деб эълон қилинган бўлсада, ўтган қарийб уч ой давомида ҳудуддаги шаҳарлар бутунлай вайрон қилинди. Турар-жойлар, ҳатто касалхона ва мактаб, болалар боғчаларининг ердан, ҳаводан ва сувдан ўққа тутилмоқда. Оқибатда 23 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли ўлдирилган. Уларнинг 70 фоизи аёллар ва ёш болалар.

Гарчи Исроил бу урушни ҲАМАС ташкилотининг 2023 йилнинг 7 октябрида Исроилга қилган ҳужумига жавоб деб ўзини оқлаётган бўлсада, аслида Исроил фаластинликларни 70 йилдан буён қирғин қилиб келмоқда. Бугунги кунда Исроил қадимий Фаластин ерларини деярли тўла босиб олган ва 2,5 миллионлик маҳаллий фаластин аҳолиси Ғазо ва Иордан дарёсининг ғарбидаги бир парча ерда қисилиб яшаб келади. Беш миллионга яқин аҳоли эса қочқинлар лагерларида кун кўришади.

Фақат фаластинликлар эмас, айрим инсофли яҳудий журналистлари ва жамоат арбоблари ҳам бугунги Ғазо ҳудудини концентрацион лагерларга қиёслашади. Икки-уч авлод мана шу лагерларда туғилиб катта бўлди ва табиийки, Исроилни ўзининг ашаддий душмани деб билади. Ана шундай одамлардан ташкил топган ҲАМАС ташкилоти адолатсизликка қарши курашиб, ўз ерларини исроилликлардан озод қилишни мақсад қилган.

Хўш, ЖАР қандай давлат ва нега Исроилни Фаластин атрофида жойлашган ўнлаб ислом ва араб давлатлари эмас, айнан шу давлат судга берди?

Турли фойдали қазилмаларга бой бўлган Жанубий Африка Республикаси Африка қитъасининг энг жанубида жойлашган бўлиб, асрлар давомида Англиянинг колонияси бўлиб келган. XX аср бошларида қисман мустақилликка эришган, бироқ қора танли маҳаллий аҳоли ярим аср мобайнида келгинди европаликлар зулми остида қолиб келган. Махсус қонунлар уларни фуқароликка эга бўлиш, сайловларда иштирок этиш, ишлаш, таълим олиш каби энг асосий ҳуқуқлардан ҳам маҳрум қилган. Уларга ҳатто “оқлар” яшаган кўчаларга кириш ҳам таъқиқланган эди.

Узоқ йиллик кураш натижасида 1994 йилда ўтган сайловларда Африка миллий конгресси партияси ғалаба қозонгач, апартеид режими тугатила бошлаган. Ирқчи европаликлар эса аста-секин келган юртларига кетиб қолишди. Хуллас, тенгсизлик, ирқий камситиш ва геноцид нималигини ўз бошидан ўтказган ЖАР Исроилнинг бугунги сиёсатига фаол қарши чиқмоқда.

Бугун ЖАР аҳолисининг 80 фоизидан ортиғини қора танлилар, 7 фоиздан кўпроғини оқ танлилар ташкил қилади. Мамлакат аҳолисининг асосий қисмини насронийликнинг турли оқимлари вакиллари ташкил қилса, мусулмонлар сони 1,3 фоизга ҳам етмайди.

Араб давлатларига келсак, албатта, Фаластин атрофида жойлашган Миср, Иордания, Сурия, Ливан, Саудия Арабистони каби давлатлар ҳам Исроилнинг ҳаракатларини қоралаб келмоқдалар. Лекин улар бу урушни тўхтатиш учун аниқ, натижали  бир ҳаракат қилмаяптилар. Бундан руҳланган Исроил бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишда давом этмоқда сурбетларча бу урушни давом эттираверишини айтмоқда.

Фаластинликларга, ҲАМАСга ёрдам бераётган мусулмон давлатлар сифатида фақат Эрон, Ливан ва Яманни айтиш мумкин. Бироқ улар янада фаолроқ ҳаракат қилиш учун АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчиларига қарши чиқишга кучсизлик қилишмоқда.

Араб давлатларининг бу қадар сусткашлиги икки нарса билан тушунтирилади. Биринчидан, бу давлатларнинг деярли ҳаммаси Усмонийлар империясини тугатишга ёрдам берганлари учун Англия, Франция каби Европа давлатлари ва АҚШ томонидан тузилган. Яъни, уларга “қарз”. Бир вақтнинг ўзида Исроилни ҳам барпо қилган АҚШ ва Англия ҳамон Исроилни қўллаб-қувватлаб, қўлтиғига сув пуркаб келишмоқда.

Иккинчидан, Иордания, Миср ва Сурия қадимий Фаластиннинг маълум ерларини Исроил каби эгаллаб олишган. Саудия ва минтақадаги бошқа араб давлатлари АҚШ ва Исроил билан турли иқтисодий шартномалар билан чамбарчас боғланган. Яъни, Исроилга қарши чиққан тақдирда турли санкцияларга дучор бўлишдан ва улкан иқтисодий йўқотишларга учрашдан қўрқишади.

Қолаверса, Халқаро судга тегишли савияда ариза ёзиш ва у ерда Исроилдек кучли давлатни енгиб чиқиш учун кучли юристлар ва бошқа мутахассислар керак. Араб давлатларида эса, ана шундай кучли юристлар борлиги ҳам даргумон.

Хуллас, дунёнинг турли давлатларида, жумладан АҚШ, Европа ва Лотин Америкаси давлатларида ҳам фаластиндаги қирғинни тўхтатишни талаб қилиб минглаб одамлар намойишларга чиқаётган пайтда мусулмон давлатлари деярли жим. Тўғри, Туркияда юз минглаб одамлар намойишга чиқиб, президент Эрдўғон Исроил ва АҚШга қарши турли баёнотлар беряпти, лекин ишдан бундан нарига ўтмаяпти. Халқаро судга айнан Туркия мурожаат қилиши мумкин эди, лекин унинг ўзини арманларни геноцид қилишда айблаб келишади.

Албатта, Ғазодаги қирғинни тўхтатиш учун Исроилга қарши уруш эълон қилиш шарт эмас. Бунга йўл қўйиб ҳам бўлмайди, чунки бу қадам минтақадаги давлатларнинг урушга тортилиб, ўзаро қирғинбаротга айланиб кетиши мумкин. АҚШ ва Европада, Исроилда ҳам айнан шуни истайдиган кучлар бор.

Ғазода ва умуман Фаластинда тинчлик ва адолат ўрнатишга эришишнинг тинч, сиёсий йўллари йўқ эмас. Улар қаторида Исроил билан дипломатик алоқаларни узиш, биргалашиб иқтисодий санкциялар киритиш ва ниҳоят, Исроилни Халқаро судга бериш кабиларни санаб ўтиш мумкин.

Суд ишини Ғазодан 8500 минг км. нарида жойлашган ЖАР давлати ўзига олди ва ҳозир ушбу давлат раҳбарлари судда Исроилга қарши даъволарини ҳимоя қилмоқдалар. Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса унинг мамлакати “Ғазо халқининг давомли қирғин қилинаётгани” бўйича ишни тергов қилаётганини айтган. Буни мусулмон давлатлари юзига тортилган тарсаки дейиш мумкин.

Албатта, Исроил судда ўзини оқлашга уринмоқда. Биринчи кунданоқ Исроил раҳбарлари ЖАР берган даъво аризасини асоссиз эканини, буни судда исботлашга қодир эканини айтиб чиқишди. Унинг асосий ҳомийси бўлган АҚШ ҳам Исроилни геноцид қилишга асос йўқлигини иддао қилди.

Суд зудлик билан урушни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган тақдирда ҳам Исроил ўз ниятидан қайтмайди, лекин бу дунё афкор оммасининг Фаластин муаммосига жиддийроқ ёндошиб, Исроилга қарши кайфиятларнинг янада кучайишига олиб келиши аниқ. Бугунги кунда бутун дунёда Исроилнинг бу уруш ҳаракатларини, умуман унинг Фаластиндаги босқинчилик ва зўравонлик, тинч аҳолини қириб ташлашга қаратилган ҳаракатларига қарши намойишлар кучайиб бормоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг раиси Антонио Гутерриш ҳам бир неча бор Исроилни қоралаб баёнотлар берди. Лекин ҳозирча Исроилни қўллаб келаётган АҚШ ва унинг гумашталарининг овози ва қўллари баланд келмоқда.

Адолат сўзсиз ғалаба қозонади. Бир кун келиб, Фаластин халқи ҳурликка эришади, ўз давлатига эга бўлади. Ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар юртларига қайтадилар. Фақат ўша кунларда мусулмон давлатлари, айниқса, араб мамлакатлари қаерда бўлишади? Бугунги кунда фаластинликларни қўллаб намойишларга чиқаётган дунё аҳолиси кўзига улар қандай қарайдилар?

Омон бўлсак кўрармиз…

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг