Қирғизистон-Ўзбекистон: Тошкентда Қирғиз тили ва маданияти маркази очилди

Икки ойча аввал Ўш давлат университетида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилган эди.

Жорий йилнинг 23-ноябрида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Чингиз Айтматов номидаги Қирғиз тили ва маданияти марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамиятининг раҳбари Зуҳриддин Исомиддинов хабар берди.

Очилиш маросимига Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчисининг биринчи ўринбосари ва маслаҳатчиси, Ўш давлат университети ректори, Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамиятининг раҳбари ҳамда икки давлат олийгоҳларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

Марказ учун олийгоҳнинг катта бир хонаси ажратилди. Унга Ўш Давлат университети томонидан тақдим этилган қимматбаҳо қирғиз тили ва адабиётига оид манбалар, қирғиз миллий буюмлари, ёдгорликлари ва расмлари совға қилинди.

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг Чингиз Айтматов номидаги мукофоти лауреати, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб бораётганига эътибор қаратди.

“Бунда икки давлат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг сиёсий иродаси ва қатъияти салмоқли асос бўлди. Гуманитар ҳамкорлик масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар, яни буюк адиб, ўзбек-қирғиз дўстлигининг олтин кўприги бўлган Чингиз Айтматов номидаги бугунги Қирғиз тили ва маданияти марказининг очилиши сўзимизни далили бўлиши мумкин”, – деди Шуҳрат Сирожиддинов.

Ўш давлат университети ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Қудайберди Қўжўбеков ўз нутқида қирғиз ва ўзбек халқларининг урф-одатлари, маданияти, қадриятлари, тили, дини, тарихи, мероси бир хил эканини алоҳида таъкидлади.

«Қирғиз ва ўзбек тиллари жуда яқин, шунинг учун бу икки тилда сўзлашувчилар бир-бирини таржимонсиз ҳам яхши тушунадилар. Шу билан бирга, иккала тил ҳам бир-биридан фарқ қилади ва ўзига хос хусусиятларга эга. Уларни билиш ва ўрганиш муҳим ва ҳамжиҳатлик тимсолига айланиши шубҳасиз”, – деди Қудайберди Қўжўбеков.

Маросимда сўзга чиққанлар қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва маданий алоқалар янги босқичда давом этаётганидан мамнун эканликларини билдирдилар.

ЎшДУ ректори Қудайберди Қўжўбековга икки қардош давлат олимлари ва ёшлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фахрий профессори” унвони берилди.

Тадбир доирасида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари томонидан қирғиз ва ўзбек тилларидаги қўшиқ ва рақслардан иборат концерт дастури намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда Ўш давлат университетида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилган эди.

Бу марказларнинг очилишидан асосий мақсад – икки давлат ўртасида таълим ва фан, маданият соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, номи аталган университетларнинг профессор ўқитувчилари, худди шунингдек, талабалари орасида икки туркий халқнинг тили, маданияти, адабиёти ва санъатини тарғиб қилиш, халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва тинчликни мустаҳкамлашдан иборат.

Марказларнинг иши бўйича икки давлат олийгоҳлари ўртасида 5 йиллик шартнома тузилди. Лекин ундаги режалар узоқ муддатли мақсадларга йўналтирилган.

Марказлар ишининг асосий йўналишларидан бири – биргаликда икки халқнинг адабиёти, тили ва маданияти борасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, талабалар, ўқитувчилар билан илмий анжуманлар уюштиришдан иборат.

Ўшдаги марказнинг очилиш маросимида Ўзбекистон таълим ва фан вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги мухтор элчиси, Тошкент давлат ўзбек тили ва адбиёти университети ректори ҳамда Қирғизистоннинг таълим ва фан вазирининг биринчи ўринбосари, Ўш давлат университетининг ректори бошчилигидаги раҳбарлар, ўқитувчи-профессорлар жамоаси ва талабалар иштирок этишган.

Марказларнинг очилиши Қирғизистон билан Ўзбекистон республикалари ўртасидаги дипломатик алоқалар ташкил топганининг 30 йиллигини ҳамкорликда кенг нишонлаш бўйича тадбирлар доирасида амалга оширилди.

Ўш давлат университети бугунги кунда Ўзбекистоннинг қирққа яқин олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилади.

Оқбура, Бишкек.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг