Пичоқчи уста Зокиржон Заидов: Кўмирни ҳам танлаб ёқамиз

 Қадимий Ўш шаҳридаги ҳунармандлар кўчасида олис тарихимиз қиёфаси ҳамон акс этиб туради.

Ўш шаҳридаги Ҳунармандлар (аввалги номи Бўркашлар, русча Алебастр) кўчасида қадимий ҳунармандчилик усталари истиқомат қилади. Ўз номи билан кўча турли ҳунармандлар сандиқчилар, заргарлар, бешикчилар, кўнчилар, амиркончилар, косиблар, пичоқсозлар, ёғоч ўймакорлари, темирчилар, бўркашларни бирлаштирган. Зокиржон Заидов ҳам ўшаларнинг изидан борган, устазода пичоқсозлардан.

Қаҳрамонимиз умрининг қарийб 60 йилини қадимий ҳунармандчиликнинг бири – пичоқсозликка бағишлаган устазода. У 10-11 ёшларида маҳаллий пичоқчи уста Мўминжон отага шогирд тушган. Устозидан пичоқчиликнинг сирларини мукаммал ўрганган.

“Роса 12 йил деганда мустақил уста бўлиб чиқдим. Армиядан қайтиб келиб ҳам устозимнинг қўлида шогирд бўлиб юрганман. Пичоқчиликка ёшлигимдан қизиққаним учун, уни қунт билан ўрганишга ҳаракат қилдим.

Аввалари ҳамма нарса қўлда қилинар эди. Босқон уриш, чарҳлаш дегандай. Ҳозир буларни айтиб берсак, ёшлар ҳудди эртакдай қабул қилишади. Ҳозир ҳамма нарса техникалашиб кетган. Ҳатто ўчоқдаги ўтни ҳам битта “кнопка”ни босиб кўтарамиз, туширамиз, чархлашни ҳам техникада бажарамиз”,дейди Зокиржон уста.

Зокиржон уста

Зокиржон ота ўзининг мўъжазгина устахонасида пичоқнинг турли хилларини ясайди. “Рўзғори”, “ошпичоқ”, “чопқипичоқ”, “саллоҳи” (қассоблар ишлатадиган), “мардона” (эркаклар белига осиб юрадиган), “шамширак” (қиличдан кичикроқ бўлади), “харбўзи” (қовун сўйиладиган), “чол пичоқ” (суяк тозалашга мўлжалланган) каби турлари ва бошқалар. Ясаётган пичоқлари унинг қўлидан 100-120 мартадан ўтади. Устанинг сўзларига кўра, пичоқнинг сифатли чиқишида ҳомашёни (материални) тўғри танлай билиш муҳим.

Пичоқ хомашёси таркибига кўра: “дамашқий” (Дамашқ пўлатидан), “исфаҳоний” (Исфаҳон пўлатидан), “фарангий” (Европа пўлатидан), “ўрусий” (рус пўлатидан), “туркона” (маҳаллий пўлатдан) каби турларга бўлинади.

Бугунги кунда темир ва пўлатни уста эски машиналарнинг эҳтиёт қисмларидан, арралардан олади.

“Пичоқчилик жуда ҳам майда иш. Ҳатто заргарликдан ҳам майда десам бўлади. Битта пичоқни ясаш учун майда деталларигача тайёрлаш лозим. Ҳатто ўчоқда ёқиш учун қўлланиладиган кўмир ҳам танлаб олинади. Пўлат ва темирларини ҳам тўғри танланиши лозим. Шундагина пичоқ кескир, сифатли ва чиройли чиқади”,дейди уста.

Пичоқнинг дастаси учун ҳайвон шоҳлари, суякларидан, ёғоч ва бошқа материаллардан фойдаланилади. Бугунги кунда уста тоғ эчкиси, тўпос шоҳлари, қўй ва мол суякларидан даста ясайди. Уларга қайта ишлов беради.

“Пичоқ уч қисмдан иборат бўлади. Тиғ – пичоқ тиғи, кесадиган қисми; даста (сопи) – суқма даста, ёрма ҳамда нақшинкор даста; қин – пичоқ, қилич, ханжар ва бошқа кескир асбобларни солиб қўйиш учун махсус мослама”, дейди пичоқчи уста.

Қинларни бугунги кунда ўшлик усталар Ўзбекистондан олиб келишади. Уни асосан заргарлар мелҳиёр, кумуш, чарм, амирконлардан ясашади.

Ҳозирда кумуш қимматга тушиб кетмасин деб, кўпроқ мелҳиёрдан ясашмоқда. Мелҳиёр зангламай ялтираб туради. Усти турли тошлар билан безатилади”,деди Зокиржон ота.

Устанинг айтишича, пичоқни ясашда темир, зок, гулбанд, пистон, қайроқ, бозғардон, чилмих, парма, садаф арра каби асбоб-ускуналар ишлатилади. Тиғомбир тиғни қимчиб ушлаб туради. Бозғардон – бир қарич узунликдаги темир. Бозғон – катта оғир болға. Сандон – пўлатдан ясалган таглик. Садаф арра – кичкина арра. Улардан ҳар бирининг ўзи вазифаси бор. Масалан, чилмих, парма каби асбобларда пичоқдаги гул ўрни ўйилади.

Пичоқлар қадимдан нафақат ошхонада фойдаланилган ёки ов қуроли сифатида қўлланилган.  Уни эркаклар белбоғларига қинини боғлаб, ёнларида олиб юрган. У миллийликнинг бир белгиси ҳам эди.

Зокир отанинг сўзларига кўра, деҳқонлар далада бирор нарсани кесиш учун, чорвадорлар чорва орасида турли вазиятларда фойдаланган. Бундан ташқари, пичоқлар ҳимоя воситаси ҳам ҳисобланган. Яқин қирқ-эллик йилнинг нарёғида ҳам ўзбек эркаклари оммавий турда ёнларига пичоқ тақиб юришарди.

Афсуски, бугунги кунда пичоқчилик ҳунарига қизиққанлар камайиб бормоқда. Устанинг айтишича, асосан сайёҳлар унинг ишига, ясаган буюмларига қизиқиб келишади. У ўзи ясаган пичоқлари билан турли ҳунармандчилик кўргазмаларида иштирок этиб келмоқда.

Сўнгги икки йилда Халқаро Кўчманчилар ўйинларида кўргазмага қатнашдим. Бутун устахонамизни ўша ерга кўчириб кетдик. Ўша ерни ўзида пичоқ тайёрлаб, иккита қилич ҳам ясадим”,дейди Зокир уста.

Оқбура, Бишкек.

Умида Мирзабоева тайёрлади. Расмлар муаллифники.

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг