Қирғизистон-Ўзбекистон: Ўшда ўзбек тили ва маданияти маркази иш бошлади

Ушбу марказнинг очилиши қардош қирғиз ва ўзбек халқларини янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Қирғизистоннинг энг кекса олий ўқув юртларидан бири бўлган Ўш давлат университетида

Ўзбек тили ва маданияти маркази иш бошлади. Марказ иши Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон республикалари алоқаларининг 30 йиллиги муносабати билан икки давлат ҳукуматларининг келишуви асосида ташкил этилди.

Бу ҳақда маълум қилган филология фанлари номзоди, ЎшДУнинг доценти Оқибатхон Исманованинг сўзларига кўра, бу қарор икки давлат президентларининг ташаббус ва таклифлари асосида қарор қабул қилинган. Яқин кунларда Ўзбекистоннинг Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адбиёти университети қошида қирғиз тили ва маданияти маркази очилади.

“Бу марказлар очилишининг асосий мақсади – таълим ва фан, маданият соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, номи аталган университетларнинг профессор ўқитувчилари, худди шунингдек, талабалари орасида икки туркий халқнинг тили, маданияти, адабиёти ва санъатини тарғиб қилиш, халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва тинчликни мустаҳкамлашдан иборат”, – дейди Оқибатхон Исманова.

Марказларнинг иши бўйича икки давлатнинг олийгоҳлари ўртасида 5 йиллик шартнома тузилди. Лекин ундаги режалар узоқ муддатли мақсадларга йўналтирилган. Шунингдек бир йил давомида бажариладиган, бир ойда қилинадиган иш режалари ҳам тузилмоқда. Бу режаларни бажаришда иккала олий даргоҳ ҳамкорликда иш олиб боради.

“Масалан, ўзбек халқининг “Алпомиш” достони қирғиз халқининг “Манас” эпосига қиёс қилиб таҳлил қилинмаган. Ваҳоланки, бу иккала достоннинг таг-замирида туркий халқларнинг тарихи, маданияти, тили жамланган. Шунинг учун бугунги кунда халқ оғзаки ижоди жанрларини ўрганиш, уларни бир-бирларига солиштириш, тадбиқ қилиш келажакда яхши самаралар беради. Чунки халқ оғзаки ижоди орқали икки халқнинг илдизи бир эканлиги англашилади”, – дейди Исманова.

Марказ ишининг асосий йўналишларидан бири – биргаликда икки халқнинг адабиёти, тили ва маданияти борасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, талабалар, ўқитувчилар билан илмий анжуманлар уюштиришдан иборат.

Марказ ўтган ҳафта ўз фаолиятини бошлади. Унинг очилиш маросимига Ўзбекистон таълим ва фан вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги мухтор элчиси, Тошкент давлат ўзбек тили ва адбиёти университети ректори ҳамда Қирғизистоннинг таълим ва фан вазирининг биринчи ўринбосари, Ўш давлат университетининг ректори бошчилигидаги раҳбарлар, ўқитувчи-профессорлар жамоаси ва талабалар иштирок этишди.

Очилишда иштирок этган Ўзбекистон республикасининг олий таълим, фан ва инновация вазирининг ўринбосари Комилжон Каримовнинг сўзларига кўра, ЎшДУда ўзбек тили ва маданияти марказининг очилиши тарихий воқеа бўлди.

Мазкур марказ компьютер техникаси, ўзбек тили ва адабиёти, тарихи, маданиятини ёритган кўплаб илмий, бадиий адабиётлар билан бойитилди. Шунингдек қўшни давлатдан ўзбек-миллий чолғу асбоблари, тарихий воқеаларни ёритган расмлар, бошқа турли анжомлар тақдим этилди.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Нозлия Нормуродованинг таъкидлашича, ушбу марказнинг очилиши икки қардош халқнинг янада яқинлашишига сабаб бўлади.

ЎшДУ Ўзбекистоннинг 40га яқин олийгоҳлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Янги ўқув йилида Ўш Давлат университетида ўзбек тили ва адабиёти бўлими ҳам очилган эди. Маълумот камлик қилдими, ўқитувчилик касбининг қадри тушгани ёки бошқа сабаблар туфайлими, унга ҳужжат топширувчи ёшлар бўлмади. Келаси йили бу бўлим сўзсиз ўзининг биринчи талабаларини қабул қилади, деган умиддамиз.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Қирғизистон ва қўшни Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар очилиб, икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ҳамда таълим, маданият, санъат каби барча соҳаларда ҳамкорлик мустаҳкамланиб келмоқда. Бу икки халқ ўртасидаги дўстликнинг янада мустаҳкамланишига омил бўлмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг