Аҳмоқликнинг давоси йўқ: Рус шовинизми ҳам шунақа дардлардан бири шекилли

Россия думаси депутати рус тилини ўзбекистонлик муҳожирлар ҳисобидан ривожлантиришни таклиф қилди.

Бу ғалати таклиф муаллифи Пётр Толстой нафақат депутат, балки Россия Давлат Думаси вице-спикери ҳамдир. Демак, унинг айтганларини расмий баёнот сифатида қабул қилиш мумкин. Қолаверса, бошқа давлат раҳбарлари унинг айтганларини рад этмадилар.

Буюк ёзувчининг адаши бўлган амалдор собиқ Совет Иттифоқига кирган давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳисобидан рус тилида ўқитиладиган мактаблар қуришни таклиф қилди.

Федерация кенгашида 14 ноябрь куни бўлиб ўтган «Рус тилини сақлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати: бугунги ҳолати, муаммолари ва ечимлари» мавзусидаги парламент тингловларида Толстой рус тилининг барча собиқ иттифоқ республикалари ҳудудида миллатлараро мулоқот тили бўлиши кераклиги иддао қилди.

Унинг фикрича, “бугунги кунда Россия ҳукумати меҳнат муҳожирларига нисбатан пассив позицияда” эмиш. Толстой бу “пассивлик”нинг нималарда акс этаётганига ойдинлик киритмади. Афтидан у муҳожирларга бўлаётган босимнинг янада кучайиштириш тарафдори.

Россия ҳукмронлик қилган собиқ СССР таркибига кирган давлатларда рус мактаблари тизимини ривожлантириш муҳим эканини айтган Пётр Толстой, бугунги кунда рус тили фақат Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонда миллатлараро мулоқот тили эканини эслатиб, бошқа республикаларни, жумладан Ўзбекистонни танқид остига олди. Афтидан амалдор бу республикаларнинг эндиликда мустақил давлатлар эканини унутган кўринади.

“Аммо Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда бундай эмас. У ерда рус тилидаги мактабларни қуриш… бизнинг ҳисобимиздан эмас, юқоридаги давлатлар ҳисобидан мустақил равишда, уларнинг фуқаролари Россияда ишлаб, ўз ватанларига юбораётган маблағлар ҳисобига амалга оширилишини таклиф қиламан”, деди Дума раиси ўринбосари.

Бу гаплар албатта Ўзбекистонда дарров акс-садо берди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов россиялик ҳамкасбига Ўзбекистоннинг “депутат Пётр Толстойнинг томорқаси эмас”лигини эслатиб қўйди.

“[Толстой] Ўз мамлакати ва фуқароларининг муаммолари билан шуғуллансин. Ўзбекистонда рус тили – эркин мулоқот тили. Биз иттифоқчи мамлакат мақомига мос равишда ишлаяпмиз. Депутат Толстой эса – йўқ», – деди у.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳам бу масалага ўз муносабатини билдирди. У вице-спикер Толстойга жавобан Ўзбекистон ҳам бу ерда ўзбек тилини билмайдиган хизматчиларни ишдан ҳайдашни таклиф қилишимиз керакми? – деган саволни ўртага ташлади.

“Биз бошқа йўлдан борамиз – уларга ўзбек тилини [ўзимиз] ўргатамиз. Сиз эса ўзингиз ишлашни ўрганинг. Бу рус тилига қачонлардир ҳақиқий ҳурмат пайдо бўлишига олиб келиши мумкин», – деди чуқур киноя билан Алишер Қодиров.

Сўнгги пайтларда Украинадаги уруш туфайли АҚШ бошлиқ Ғарб давлатлари санкциялари исканжасида қолган Россия дунёнинг бошқа минтақаларидаги турли ўлкалар билан алоқаларини жонлантиришга интиляпти, жумладан, Марказий Осиё давлатлари билан ҳам.

Ўзбекистон ҳам минтақадаги бошқа давлатлар каби Россияни стратегик ҳамкор сифатида қабул қилиб, икки давлат ўртасида иқтисодий ва ижтимоий, гуманитар соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Лекин шу вақтнинг ўзида Россияда Марказий Осиё давлатларидан борган меҳнат муҳожирларига, хусусан, мусулмонларга нисбатан босим кучаймоқда.

Минтақа давлатлари расмий равишда огоҳлантиришларига қарамай, муҳожирларни Украинадаги урушга тортишга ҳаракат сусаймаяпти. Давлат думаси ва бошқа расмий идоралар вакиллари муҳожирларга нисбатан талаб ва босимни кучайтириш борасида ташаббуслар билан чиқмоқдалар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг