Қирғизистонда “Хорижий айғоқчи” ҳақидаги қонун қабул қилинса нима бўлади?

Афтидан кўп йиллардан бери олға сурилиб келаётган мунозарали қонуннинг қабул қилинишига оз қолди.

Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши 25-октябрдаги йиғилишида “хорижий айғоқчи ҳақидаги” тамғаси билан маълум бўлган қонун лойиҳасини муҳокамасиз биринчи ўқишда қабул қилди.

 

Ҳужжатнинг бош муаллифи, депутат Надира Нарматова маъруза қилганидан сўнг, парламент спикери Нурланбек Шакиев тавсиялар иккинчи ўқишга қадар ёзма равишда киритилиши мумкинлигини айтиб, ҳужжатни муҳокамасиз овозга қўйди. Сессияда рўйхатга олинган 72 депутатдан 52 нафари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, етти нафари қарши чиқди. Қолган 18 депутат йиғилишга келмаган бўлса, 13 нафари овоз беришда иштирок этмади.

Қотил билан бирдай жазолашмоқчи

Қарор турли норозиликларга сабаб бўлди. Депутат Чингиз Айдарбеков халқаро миқёсда бундай қонунлар борлиги, лекин уларда Қирғизистондаги каби жазо йўқлигини эслатди. Яъни, қонун лойиҳасига кўра, агар бирор шахс фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларига тажовуз қиладиган нотижорат ташкилотига аъзо бўлса ва унинг фаолиятини ташвиқ қилса,   10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бундай жазо мамлакатда оғир жиноятлар, масалан қотиллик учун берилади. Лекин қонун лойиҳасида нотижорат ташкилотларнинг юқорида айтилгандай “зарарли” экани қай тартибда аниқланиши ҳақида ҳеч гап йўқ. Қолаверса, бунақа ташкилотнинг қандай қилиб  расмий рўйхатдан ўтиб кетиши мумкинлиги тушунарсиз.

Бундан ташқари депутат ушбу лойиҳани қабул қилиш “жуда хавфли иш” эканини айтиб, . фуқароларга “хорижий айғоқчи” мақомининг қандай берилиши ҳақидаги саволни кўндаланг қўйди.

“Бу нотўғри. …Турли соҳаларда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Аёллар, болалар ва ногиронлар ҳуқуқлари билан ишлашади. Бу уларга бевосита таъсир қиладиган қарор. Умид қиламанки, [иккинчи ўқишда] депутатлар мувозанат сақланган қарор қабул қиладилар”, деди Айдарбеков.

“Бутун Қирғизистон” фракцияси депутати Гуля Қўжўқулова мажлис давомида парламент регламентига риоя қилинмаганини айтиб, у ҳам 10 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақидаги моддани танқид қилди.

“Агар бирон бир қоида бузилган бўлса, огоҳлантириш ёки жарима солиниши мумкин. Бироқ, 10 йил қамоқ жазоси билан жазоланадиган жиноий жавобгарлик бўлмаслиги керак. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ишида фаол иштирок этиш” жиноятми? Бизда Молиявий разведка хизмати ва прокуратура бор. Рўйхатга олишни бекор қилиши мумкин бўлган Адлия вазирлиги бор. Давлат жуда кўп имкониятларга эга. Лекин жиноий жавобгарлик бўлмаслиги керак”, деди Қўжўқулова.

Парламент раиси Нурланбек Шакиев, қонун лойиҳаси бўйича бир гуруҳ чет эл ташкилотлари делегацияларини қабул қилганини айтди.

“Ҳаммасига тушунтирдим. Қўрқадиган ҳеч нарса йўқ. Сизлар ҳамма нарса очиқ ва аниқ бўлишини талаб қиласизлар. Мамлакатларингизда, худди шу АҚШ ва Европада шаффофлик ва тартиб биринчи ўринда туради. Биз ҳам худди шу нарсани талаб қиламиз. Ҳеч қандай тақиқ, босим, хўрлик йўқ. Фақат барча ҳаракатлар очиқ ва аниқ бўлсин”, деди Шакиев.

Депутат Эрулан Қўқулов раисни танқид қилиб, уни адвокат бўлмасликка чақирди.

Қонун лойиҳасининг тарихи

Тобора тоталитар режимга ўтиб бораётган Россияда 2012 йили “ҳорижий айғоқчилар” ҳақидаги қонун қабул қилингач, бундай ҳаракат Қирғизистонда ҳам бошланди. Бу ерда бундай қонун лойиҳаси 2013-2014 йилларда таклиф қилинган, бироқ фуқаролик жамиятининг сай-ҳаракатлари ва халқаро ташкилотларнинг босими натижасида лойиҳа кўриб чиқилмаган. Қонуннинг асосий мақсади – ҳокимиятни танқид қилиб, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишнинг муқобил йўлларини таклиф қилаётган нотижорат ташкилотларининг оёқ-қўлини боғлаб, овозини ўчиришга қаратилган.

Ўшандан бери бу масала кун тартибидан олинмади. Қонуннинг собиқ муаллифларидан бири Надира Нарматова 2022 йилда унинг номини “хорижий вакил” деб ўзгартириб, яна муҳокамага қўйди.

Нарматованинг ташаббусига кейинроқ 32 депутат қўшилган. Жамиятдаги қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг уларнинг бир гуруҳи муаллифликдан воз кечишди. Улар буни ҳужжатда ҳаддан ташқари чекловлар қўйилгани билан боғлашди.

Орада Қирғизистондаги матбуот ва фуқаролик жамияти вакиллари АҚШ, Европа Иттифоқи ва қатор давлатлар ваколатхоналарига мурожаат қилиб, лойиҳа ташаббускори Надира Нарматова ва парламент қўмиталари раҳбарларига виза бермасликка чақирган. Бундан ғазабланган депутат Нарматова Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан ушбу мурожаат муаллифларини аниқлашни сўради.

“Адилет” юридик клиникаси Нарматова таклиф қилган лойиҳанинг Россиянинг “Чет эл айғоқчилари тўғрисида”ги қонунига 98 фоиз ўхшашлигини аниқлаган. Сўнг 120 ташкилот парламент қўмитаси раиси Суюнбек Ўмурзоқовга мурожаат йўллаб, лойиҳа қабул қилинса, бу нафақат фуқароларнинг эркинлиги ва ҳуқуқларига, балки ижтимоий тармоқ ва иқтисодиётга ҳам зарар келтиришини урғулаган.

Мурожаатда қонун лойиҳасида демократия тамойилларига зид бўлган бир қатор камситувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлиги, уларнинг Конституцияга зид экани, давлат органларига ёқмаган нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини тугатиш имконияти берилиши таъкидланган. Шунингдек, аҳолининг муҳим ижтимоий эҳтиёжларини ҳал этишга ҳисса қўшаётган ташкилотлар ишига ҳам тўсқинлик қилиниши айтилган.

Бундан ташқари бир қатор халқаро ташкилотлар ва давлатларнинг элчихоналари ҳам парламент депутатларига мурожаат қилиб, бу қонун лойиҳасини қабул қилмасликка чақиришган.

Оқибат нима бўлиши мумкин?

Қонунга кўра, Қирғизистонда хориждан молиялаштириладиган ва сиёсий фаолият билан шуғулланувчи маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари “хорижий” деб тан олинади ва тегишли реестрда рўйхатга олинади. “Хорижий вакил” сифатида рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар фаолияти олти ойга тўхтатилади.

“Давлат органларининг қарорига таъсир кўрсатиш”, “давлат сиёсатини ўзгартириш”га қаратилган сиёсий ҳаракатларни ташкил этувчи ва молиялаштирувчи, ушбу органлар томонидан амалга оширилаётган ва бу йўналишда “жамоатчилик фикрини шакллантириш” ташкилотлари сиёсий фаолиятда иштирок этувчи ташкилотлар деб эътироф этилади.

Фан, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, спорт, экология ва хайрия соҳаларида фаолият юритувчи ташкилотлар сиёсат билан шуғуллана олмайдилар.

«Хорижий вакиллар» тегишли давлат муассасаларига ташқаридан олинган маблағларнинг мақсадли фойдаланиши, умумий фаолияти ва раҳбарлари ҳақида ҳар олти ойда бир марта қўшимча ҳисобот бериб туришлари керак.

Қонун лойиҳаси қабул қилинса, бирор давлат органининг аризасига кўра бу ташкилот навбатсиз равишда текширилиши мумкин.

Фуқароларни “фуқаролик бурчини бажаришдан ва бошқа ноқонуний ҳатти-ҳаракатлардан тийилиш”га тарғиб қилувчи ташкилотлар тузган ва уларга раҳбарлик қилган шахслар жаримага тортилади ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Бундай ташкилотлар ишида фаол иштирок этганлар ёки уларнинг фаолиятини тарғиб қилганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади. Хўш, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Халқаро ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори Асқар Сидиқовнинг айтишича, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳам депутатлар ташаббусидан хавотир билдирмоқда.

У Европа парламенти 2022 йилнинг июлида айнан шу қонун бўйича резолюция қабул қилиб, унда Европа Комиссиясига Қирғизистонга нисбатан ВСП+ устуворлик тизимини қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди. ВСП+ тизими дунёнинг фақат тўққизта давлатида мавжуд бўлиб, Европа Иттифоқи давлатларига божхона тўловларисиз товар экспорт қилиш ҳуқуқини беради.

“Агар биз бу мақомни йўқотсак, бу иқтисодиётимизга жуда салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу мақомнинг ягона мезони – демократия ва инсон ҳуқуқларидир”, дейди тадбиркор.

Сидиқов халқаро ташкилотларнинг Қирғизистонни қўллаб-қувватлашида демократия, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги ҳолатига эътибор қаратишини таъкидлаб, бу қонун лойиҳаси айрим оммавий ахборот воситаларига ҳам таъсир кўрсатишини айтди.

“Сўз эркинлиги биз учун жуда муҳим, чунки биз кўпинча қонунлар ва ташаббусларни оммавий ахборот воситалари орқали биламиз. Агар бу қонун қабул қилинса, оммавий ахборот воситаларига босим ўтказиш ёки ҳуқуқларини поймол қилинишга йўл очилади…”, дейди Асқар Сидиқов.

Парламентда лойиҳаси муҳокамасида “Лайлак-Инсон” жамоатчилик фонди раиси Гулнара Дербишева қишлоқларда муаммолар кўплиги, уларни ҳал қилишга маҳаллий ҳокимият, ҳукумат ва парламентнинг вақти бўлмаётгани боис нодавлат ташкилотлар ҳукумат ва ҳокимиятга ёрдамчи бўлаётганини эътироф этди.

“Нодавлат ташкилотлар ҳам Қирғизистон ривожини истайди. Қирғизистон нафақат сизнинг ватанингиз, балки бизнинг ҳам давлатимиздир”, деди Гулнара Дербишева депутатларга.

“Интербилим” жамоатчилик бирлашмасининг Ўшдаги вакили Гулғақи Мамасалиеванинг айтишича, шундоғам нодавлат ташкилотларга ноқонуний босим кучайган.

«Мен Боткенга бориб, у ердаги одамларга ҳуқуқий ёрдам олиш, конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиш ва бошқа масалалар бўйича маслаҳат бераман. Милиция ҳам мени кузатиб боради, мен кирган уйларимга кириб чиқишади ва оила аъзоларини “нима учун бу аёл билан гаплашасан”, деб қўрқитишади. Агар бу қонун қабул қилинса, қилган ишим учун 5 йилдан 10 йилгача қамаламан. Бу қотилнинг жазосига тенг», деди Гулғақи Мамасалиева депутатларни ушбу қонунни қабул қилмасликка чақириб.

Халқаро баёнотлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Қирғизистондаги доимий вакили Антье Гравенинг фикрича, “Хорижий агент” қонуни қабул қилинса, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ва мамлакат тараққиёти таҳдид остида қолади.

Лойиҳа муҳокамаси чоғида Гравер, ҳужжатдаги аксарият моддалар Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларига зид эканини айтиб,

лойиҳада 10 йиллик қамоқ жазоси назарда тутилгани алоҳида ташвиш уйғотишини билдирди.

 

Халқаро Human Rights Watch ташкилоти 17-октябрда агар ушбу қонун қабул қилинса, “мамлакатдаги фаол фуқаролик жамиятига салбий таъсир кўрсатиши, уларнинг оддий фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий хизматлар кўрсатишига ва кучли, инклюзив жамият ривожланишига тўсқинлик қилиши” қайд этилган баёнот эълон қилди.

Баёнотда Қирғизистоннинг феврал ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани, демак нафақат мамлакат ичкарисида, балки хорижда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбуриятини олгани айтилади.

Ташкилот парламентни қонун лойиҳасини рад этишга, президент Садир Жапаровни эса уни имзолашдан бош тортишга чақирди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг