Дастлабки йигирматалик: Москвада марказий осиёликлар жиноий ишга тортилди
Оммавий текширишлардан сўнг юзга яқин Россия фуқаролигини олганлар рус армиясига сафарбар қилинди.
Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўлинмаси тарқатган маълумотга кўра, пойтахт шаҳарда Россия фуқаролигини олгандан кейин ҳарбий хизматдан бўйин товлаган марказий осиёлик муҳожирларга нисбатан 22 та жиноий иш қўзғатилган. Шу вақтнинг ўзида фуқаролик олган 80 дан ортиқ муҳожир рус армияси сафида хизмат қилишга жўнатилган.
Россия қонунларига кўра, ушбу жиноят, яъни ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаганлик учун 200 минг рублгача жарима тўлаш ёки икки йилгача мажбурий меҳнатга тортиш ёки 6 ойгача ҳибсга ташлаш ва ёки икки йилгача муддатга қамоқ жазоси қаралган. Жиноий ишга тортилганларнинг жазони ўтаганларидан сўнг ҳарбий хизматга юборилиши ёки юборилмаслиги аниқ эмас.
Маълумки, бугунги кунда Россиянинг барча шаҳарларида Россия паспортини олган, лекин ҳарбий рўйхатдан ўтмаган, демак, ҳарбий хизматдан бўйин товлаган янги “россияликларни” аниқлаш ва қўлга олишлар олиб борилмоқда. Бу масалада терговчилар ҳарбий комиссариатлар билан ҳамкорлик қилаётгани айтилмоқда. Улар ҳарбий хизматдан бўйин товлаётганларнинг қаердалигини аниқлаш ва Россия фуқаролигини олиши қонуний бўлганлигини текширишмоқда.
Бунгача Тергов қўмитаси яқин орада Россия фуқаролигини олган шахсларни ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаган тақдирларида фуқароликдан маҳрум қилинишлари ҳақида огоҳлантирган. Рейдлар давомида полиция ходимлари ва ҳарбийлар ҳаттоки масжидларга бостириб кириб, жума намозини ўқишга йўл қўймаган ҳолатлар кузатилмоқда.
Россия телеграм каналларидан бирида берилган хабарга кўра, шу кунларда Норильск шаҳри аэропортида 40га яқин муҳожир қўлга олинган.
«ФХХ (Федерал хавфсизлик хизмати. – таҳр.) ва Росгвардия аскарлари қўшма рейд ўтказиб, бир гуруҳ хорижликларни олиб кетишди. Уларнинг аксарияти ноқонуний такси ҳайдовчилари бўлган. Баъзиларини ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузганлиги учун ушлаб қолишди», деб ёзади Kras Mash телеграм канали.
Россиянинг Украинадаги уруши бошланиб, катта талафотлар бераётгани маълум бўлгандан буён турли даражаларда Россия фуқаролигини олган собиқ меҳнат муҳожирларини урушга жўнатиш таклифлари янграй бошлади. Турли амалдор ва Дума депутатларидан кейин Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ҳам собиқ муҳожирлар Украинадаги урушда иштирок этишдан бош тортса, уларни Россия фуқаролигидан маҳрум этишга чақирган эди.
«Махсус ҳарбий операция давом этаётган бир пайтда, фикримча, муҳожирларни ҳам унга жалб қилиш зарур. Агар муҳожирлар Россия фуқароси сифатида ҳарбий бурчини бажаришга тайёр бўлмаса, бундай шахсларни фуқароликдан маҳрум этиш тўғрисида қарор қабул қилиш керак», деган эди расмий баёнот бериб.
Украинадаги урушга меҳнат муҳожирларининг жўнатилаётгани бир йилча олдин маълум бўлган. Ўшанда Марказий Осиё давлатлари расмийлари ўз фуқароларини ўзга давлат аскарлигига ёлланганлик учун уларнинг ватанларида жиноий жазога тортилишлари ҳақида огоҳлантирган. Қирғизистонда икки судланиб, улардан бири 10 йилга қамалди ҳам, лекин кейинроқ бу иш қайта кўриб чиқиш учун қайтирилган.
Украинадаги урушга нафақат эркак муҳожирлар, балки аёллар ҳам таклиф қилинмоқда. Уларга катта маош эвазига босиб олинган минтақаларда ёки фронтда жойлашган ҳарбий қисмларда ошпаз ёки ҳамшира бўлиб ишлаш мумкинлиги айтилмоқда.
Ўтган йили қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилингач, 100 минглаган россиялик эркаклар ватанларини ташлаб қўшни давлатларга чиқиб кетишди. Яқинда президент Путин бундай қочоқлар ҳақидаги саволга жавоб бериб, уларнинг Россияга қайтиб келишига монелик бўлмаслиги ва уларнинг жиноий бўлмасада, маънавий жавобгарлиги сақланиб қолинишини айтган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди