Эҳтирос эмас, ақл билан: Ўзбекистон Фаластин давлати барпо этилишини қўллайди

Президент Шавкат Мирзиёв Фаластинга 1,5 миллион доллар ажратишга қарор қилганини маълум қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги қарорини кеча, 31 октябрь куни мамлакат энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлашга бағишланган ҳукумат йиғилишида эълон қилди. Бу маблағ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги агентлиги ҳисобига ўтказилади.
Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистоннинг Фаластин халқи билан бирдам экани ва мустақил Фаластин давлатини барпо этиш ҳақидаги БМТ қарорини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. У “Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик” изҳор этди.
Шавкат Мирзиёев бугунги кунда Исроил аскарлари ҳужуми алангасида қолган Ғазо ҳудуди аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилганини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев Фаластинда урушаётган ҳар икки томонни зудлик билан инсонларча муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирди. Шу билан бирга барча ўзбекистонликларга, аввало, ёшларга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар қилмасликка чақирди.
“Биз яшаётган Марказий Осиё минтақаси турли миллат ва конфессиялар вакилларининг ўзаро тинч-тотув яшаши бўйича ноёб тажрибага эга экани маълум. Бу заминда асрлар давомида мусулмон, насроний ва яҳудийлар дўстлик ва ҳамжиҳатликда ёнма-ён яшаб келяптилар”, – деди Мирзиёев.

Бир неча кун аввал Доғистоннинг Махачқалъа шаҳрида минглаб одамлар аэропртга ҳужум қилиб, натижада ўнлаб одам ярадор бўлган. Намойишчилар Исроил пойтахти Тел-Авивдан келган самолётда яҳудийлар борлигини таҳмин қилиб, уларни Доғистон ерига киритмасликни талаб қилишган. Бу тартибсизликлар бутун дунёда қораланиб, Фаластин халқи ва уларни қўллаб-қувватлаётган кучлар юзига доғ бўлиб тушди.

Шундан сўнг Чеченистон президенти Рамзан Қадиров ўз куч ишлатувчи органларига ана шундай тартибсизликларни уюштиришга уринганларга қарши ўқ ўтишга буйруқ берди.

Жаҳон матбуоти Қадировнинг: “Уч марта осмонга отинг, шундаям талабингизга бўйсунишмаса, уларнинг пешонасига қарата ўқ узинг”, деган сўзларини келтирмоқдалар.
Маълумки, бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида Фаластин халқини қўллаб-қувватлаган намойишлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Туркияда президент Эрдўғон иштирокидаги катта митингда 1,5 миллион одам қатнашган. Митингда Эрдўғон исроил ва Ғарб давлатларига мурожаат қилиб, Ғазодаги қирғин катта урушга айланиб кетиши ҳақида огоҳлантирди.

Марказий Осиё давлатларидан бундай намойиш Бишкекда ва Тошкентда ўтказилди. Англиянинг Исроил ва АҚШ бошлиқ ғарб давлатлари ариғини чопаётган Би-би-си нашри бу ҳақда ёзар экан, бу намойиш ташкилотчиларини танқид қилди, ва бунга йўл қўйиб берган давлат расмийларининг жим турганидан ҳайрат билдирди. Яъни, Ғарб матбуоти фикрича, бутун дунё бу урушда Исроилни қўллаши ва ўз ерларини ҳимоя қилаётган “террорчиларни” қоралашлари керак экан.

Тўғри, Тошкентда ўтказилган Фаластинни қўллаб-қувватлаш митинги иштирокчилари тезда тарқатилиб, уларнинг бир қисми жавобгарликка тортилди.

«Газета.uz» нашри тарқатган хабарга кўра, 29 октябрда Тошкентдаги Амир Темур ҳиёбонига 100 дан ортиқ одам йиғилган. Улардан камида уч нафари 15 суткага қамалгани маълум бўлди. Суд уларни ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ва йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишларни уюштириш ва ўтказиш тартибини бузишда айбдор деб топган.

Жаҳон давлатлари Фаластин давлатини барпо қилиш масаласида ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқдалар. Хусусан, БМТ БОш ассамблеяси йиғилишида зудлик билан Исроил босқинини тўхтатиш тўғрисидаги резолюцияни 120 давлат қўллаб-қувватлади. Улар қаторида Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳам бор.

Шу вақтнинг ўзида Канада, АҚШ, Исроил ва яна бошқа давлатлар киритган, ХАМАС ташкилотини террорчи деб таниш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини Бош ассамблея рад этган.

Норозиликнинг янги тўлқини

Бугун, 1 ноябр куни Боливиянинг Ғазо секторини бомбардимон қилаётгани учун Исроил билан дипломатик алоқаларини узгани маълум бўлди. Боливия президенти Луис Арсенинг маъмурияти Исроилдан минглаб тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлаётган ва фаластинликларнинг мажбурий кўчирилишига олиб келган Ғазо секторига ҳужумларни тўхтатишни талаб қилиб баёнот берди.

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиёти туфайли 2009 йилда Боливия Исроил билан дипломатик алоқаларини узган ва бу алоқалар фақат 2020 йилда тикланган эди.

Энди мана шу босқин ва Ғазодаги тинч аҳолининг қирғини туфайли Колумбия ва Чили Тел-Авивдан ўз элчиларини чақириб олди. Бразилия президенти эса Исроил ҳаракатларини «ақлдан озганлик» деб атади.

Колумбия президенти Густаво Петро Ғазодаги ҳарбий амалиётни “Фаластин халқининг қирғини” деб атади. Аввалроқ у Исроил ҳаракатларини нацистларникига ўхшатган эди. Чили президенти Габриел Борик эса ўз элчисини Исроил Ғазода “халқаро гуманитар ҳуқуқни чидаб бўлмайдиган даражад бузаётгани масаласини муҳокама қилиш учун чақириб олганини айтди. Борич Исроилнинг ҳарбий амалиётини “Ғазо секторидаги тинч аҳолини жамоавий жазолаш” деб таърифлади.

Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва вазиятга баҳо бериб, Исроилни “Ғазо секторини йўқ қилиш истагида у ерда ҲАМАС жангариларидан ташқари аёллар ва болалар ҳам борлигини унутиб қўяётганликда айблади. Буни у ”Исроил бош вазирининг» ақлдан озиши» деб таърифлади.

Бундан ташқари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлигининг Нью-Йоркдаги идораси директори Крейг Мохибер Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари ва халқаро ҳамжамиятнинг бу разилликка нисбатан юмшоқ муносабатига норозилик сифатида истеъфога берди. У БМТнинг яқин ўтмишда Руанда, Босния ва Мянмадаги геноцидлардаги каби “Ғазо секторида ҳам тинч аҳоли геноциди”ни олдини олиш бўйича ўз бурчини бажара олмаётганини айтди.

Халқаро миқёсдаги норозилик ва қирғинни тўхтатиш ҳақидаги талабларга қарамай, АҚШ ҳомийлигида ва ҳарбий, молиявий қўллаб-қувватлашидан қутурган Исроил касалхона ва ҳатто қочқинлар лагерига ҳам ҳужум қилмоқда.

Исроил 31 октябрда Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерига ҳужум қилганини тасдиқлади. Бундан мақсад – ҲАМАСнинг юқори лавозимли қўмондонларидан бирини жисмонан йўқ қилиш бўлган. Бу бомбардимон оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлган ва 150 киши яраланган.

Сўнгги маълумотларига кўра, 7 октябрдаги ХАМАС ҳужуми натижасида Исроилда 1400 га яқин одам ўлган бўлса, Ғазо секторида саккиз мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Уларнинг 40 фоизи ёш болалар. Икки томондан ярадорлар сони йигирма минг кишидан ошди. ҲАМАС Исроилга тажовузида асирга олган 220 дан ортиқ одамни гаровда ушлаб турибди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг