Ақл эгалари учун ибрат: Америкада ноъмалум шахс жамоат жойида 22 кишини отиб ўлдирди
Бундай қирғинлар АҚШ ҳукуматининг дунё бўйлаб олиб бораётган зулмлари акс-садоси эмасмикин?
АҚШнинг Мэн штатидаги Льюистон шаҳрида ҳозирча шахси аниқланмаган қотил жамоат жойларида одамларни ўққа тутган. Сўнгги маълумотларга кўра, камида 22 киши ҳалок бўлиб, камида 60 киши яраланган.
Ҳужум қилган одам ҳамон ушланганича йўқ.
Полиция одамларни ўққа тутган кишининг шахсини аниқ атамасада, унинг исми Роберт Кард бўлиши мумкинлиги ва унинг 40 ёшда эканини эълон қилиб, қидирув эълон қилган. Округ шерифи идораси тарқатган суратда қўлида милтиқ ушлаган соқолли эркак тасвирланган.
Полиция унинг оқ рангли Subaru Outback автомобилида юрган бўлиши мумкинлигини билдириб, шаҳар аҳолисидан уйдан чиқмаслик талаб қилиниб, ташқаридагиларга хавфсиз жойга яшириниб туриш тавсия қилинган.
The Sun Journal газетаси оммавий қотилнинг учта турли масканда – боулинг маркази, ресторани ва савдо марказида одмларга қараб ўқ узганини хабар қилган. Улар бири-биридан бир неча чақирим олисликда жойлашган. Люистон шаҳрининг мамлакат шимолида жойлашгани, у ерда одам сийрак яшагани боис жиноятчилик кам экани ва у ерда полиция ходимлари ҳам кўп эмаслиги айтилмоқда.
Маълумки, АҚШда бундай оммавий қирғинлар тез-тез бўлиб туради. Агар айтилган қурбонлар сони (22 нафар) тасдиқланса, бу отишма 2019 йилдан буён Қўшма Штатларда кузатилган энг қонли воқеа бўлади. Тўрт йил аввал Эл-Пасодаги Walmart дўконида қуролли шахс харидорларни ўққа тутиб, 23 киши ўлдирилгани маълум. Бироқ унда ярадорлар сони озроқ эди.
АҚШда бу қадар энг кўп одам қурбон бўлган отишма 2017 йилда содир бўлган. Ўшанда Лас-Вегасдаги меҳмонхонага жойлашиб олган террорчи мусиқа фестивалида иштирок этаётган 58 кишини отиб ўлдирган эди.
Бу муаммо билан шуғулланувчи Gun Violence Archive ташкилотининг маълумотига кўра, ўтган 2022 йили ана шундай отишмалар 43,6 минг киши ҳалок ёки жароҳат олган, 2021-йилда уларнинг сони 45 минг кишини тузган эди. Улардан 6 минг нафардан ортиқроғи 17 ёшгача бўлган ёшлар бўлган.
Аввал Кайзер оиласи фонди номи билан танилган KFF ташкилотининг 2023 йилда ўтказган сўровига кўра, ҳар беш нафар катта ёшдаги америкаликнинг оиласидан бирортаси ё отиб ўлдирилган, ёки ўзини отиб ўлдирган. Ушбу ташкилот берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 10 ойида АҚШда 565 марта одамларга қарата ўқ узилган. Жумладан, 31 марта оммавий равишда отиб ўлдириш рўйхатга олинган.
Жорий йилнинг июнида Монтеррей-парк шаҳрида ана шундай отишмада 11 киши ўлган бўлса, январ ойининг ўзида юз берган олти отишмада 6 киши ўлиб, 29 киши жароҳат олган. 27 мартда Нешвилла шаҳридаги мактабда бўлган отишмада 6 киши ўлдирилган. Улардан учтаси ўқувчилар, 3 нафари ўқитувчилар бўлган. Қотилнинг ўзи ўша жойда отиб ўлдирилган. Кўп ҳолларда қотилларнинг руҳий соғлиги жойида эмаслиги айтилади.
Pew Research Center ташкилотининг 2017 йилда катталар орасида ўтказган сўров натижаларига кўра, сўровда иштирок этганларнинг 30 фоизининг ёнида ўқ отиш қуроли юради, 42 фоизининг эса уйида қуроли бор.
Сўровда иштирок этганларнинг учдан бир қисми эса оилаларида бештагача қурол борлигини маълум қилишган. Улар орасида тўппончадан тортиб автоматгача бор.
Ҳукумат шахсий қурол олиб юриш ҳуқуқини чеклашга ҳаракат қилмоқда, лекин бу аҳоли томонидан қаршиликка учрамоқда.
Демократик партиядан сайланган сенатор Крис Мерфининг фикрича, АҚШ – воқеликдан ажраган одамлар оммавий қирғин ёрдамида ўзларидаги иблисни қувиб чиқаришга уринадиган ягона давлат.
“Биз одамларда руҳий хасталик мавжуд бўлган ягона давлат эмасмиз… Лекин фақат Америкада бизлар оммавий қирғин қуролларига нисбатан енгилтаклик билан муносабатда бўламиз ва фақат Америкада зўравонликка сиғиниш борки, натижада мана шундан оммавий отувларга эгамиз”, деди сенатор журналистлар билан суҳбатда.
Мушоҳада қилиб кўрилса, зўравонлик, оммавий қотилликлар акс этилган киноларнинг аксарияти АҚШда ишлаб чиқарилади ва улар асосан бошқа давлатларда намойиш этилади. Шунга қарамай, зўрлик ва шафқатсизлик Америка ёшлари орасида ҳам кенг тарқалган. Дунёда АҚШ солдатининг оёғи етганки жойда зўравонлик ва оммавий қирғинлар содир бўлади.
Қуролга эгалик қилишни чеклаш масаласи жамоатчиликда ва мамлакат парламентида доимий тортишувларга сабаб бўлиб келмоқда. Республикачилар ва аҳолининг катта қисми бундай чекловлар киритилиша қарши. Чунки улар қўрқишади ва шахсий қуролни ўзини ҳимоя қилишнинг ишончли, балки ягона воситаси деб билишади.
АҚШ ҳукумати демократия ўрнатиш баҳонасида дунёнинг Афғонистон, Ироқ, Ливия, Сурия каби ўнлаб давлатларида расмий ҳокимиятни ағдариб, давлат раҳбарларини ўлдирди, ушбу мамлакатларнинг ўзида эса фуқаролар уруши алангасини ёқди. Бу урушларда оммавий қирғинлар юз бериб, миллионлаган одамларнинг ёстиғи қуримоқда.
Ярим асрдан буён давом этиб келаётган, бугунги кунда ҳам минглаб гуноҳсиз одамларга фалокат олиб келаётган Фаластин-Исроил урушини аланга олдиришда ҳам АҚШнинг асосий рол ўйнаётгани ойдай равшан бўлиб қолди.
Афсуски, АҚШ ҳукуматининг одамзотга қарши бу жиноятлари ҳамон жазосиз қолиб келмоқда. Лекин афтидан бу гуноҳлар учун жазо уларга мана шундай оммавий қирғинлар кўринишида берила бошлади. Афсуски, бунда ҳам доимгидай бегуноҳ одамлар қони тўкилмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди