Путин ҳам айтган: Жалолобод шаҳри Қирғизистоннинг йирик саноат марказига айланади

Президент Садир Жапаров шаҳар кунида иштирок этиб, унинг ёрқин келажаги ҳақида гапирди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 26 октябр куни Жалолобод вилоятига ишчи сафар билан бориб, вилоят маркази учун янги автобус ва хизмат машиналарини топширди. Жалолобод шаҳри транспорт парки 50 дона янги автобуслар билан тўлиқланса, вилоят ички ишлар бошқармаси ва суди янги хизмат машиналарига эга бўлишди.

Кеча шаҳар ўзининг расман тан олинган 146 йиллигини нишонлади. Шаҳар автобус парки 2012 йилдан бери янгиланмаган эди.

“Биз етти вилоятнинг катта шаҳарлари ва мамлакат пойтахтини шаҳар мақомига муносиб бўлиши учун ҳаракат қиламиз. Умид қиламизки, бу шаҳарларга келган одамлар уларнинг гўзаллиги ва маҳаллий маданиятидан баҳра оладиган бўладилар”, – деди у тантаналар чоғида шаҳарликларни байрам билан табриклар экан.

Шунингдек президент аввалги ташрифи чоғида Жалолободни йирик иқтисодий марказга айлантириш бўйича режа тасдиқланганини айтганини, ва бунинг учун 2 миллиард сўм (22,5 млн. долларга яқин) маблағ ажратилганини эслатди.

“Ана шу пул ажратилгач, шаҳрингизда кўплаб ўзгаришлар бўлиб, қурилишлар олиб борилмоқда. Биз ҳаммамиз ички йўлларнинг таъмирланаётганига, аҳоли учун қулай шароитлар тузилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз”, деди президент.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда ҳамон катта обрўга эга бўлган Россия президенти Владимир Путин яқинда Бишкекка қилган расмий ташрифи чоғида Жалолободни мамлакатнинг йирик саноат маркази сифатида эътироф этган эди. Дарҳақиқат бу вилоятда мамлакатнинг энергия салоҳиятини ташкил қилувчи ГЭСлар каскади, нефть ва газ саноати ҳамда кўплаган олтин конлари ишлаб турибди. Қишлоқ хўжалигида ҳам вилоятнинг алоҳида ўрни бор.

Сўнг президент машҳур Жалолобод курортига бораверишда, Айюб тоғ деб аталган жойда баландлиги 50 метр бўлган тутқичга ўрнатилган давлат байроғини кўтариш маросимида иштирок этди. Бу иншоот қурилишига 16,7 млн. сўм сарфлангани айтилмоқда.

Маросим чоғида Садир Жапаров жамиятда қизғин муҳокама қилинаётган давлат байроғини ўзгартириш ҳақидаги масалага тўхталди ва бу ташаббусни қўллашини яна бир бор маълум қилди. Давлат байроғининг ҳеч қачон йиқилмаслиги ва Қирғизистонда ҳамиша тинчлик бўлиб, халқ хавфсизликда бўлишини тилади.

“…Бугунги технологиялар асрида Қирғизистонни етти вилоят тўлиқлаб турибди. Қуёшли Жалолобод эса, мамлакатимизнинг ҳар томонлама ўсиши ва ривожланишида, кўп миллатли халқимизни бирлаштиришда ва унинг маданиятида катта ўрин тутади”, деди президент.

Ташриф чоғида президент ДХХҚ раиси ҚАмчибек Ташиев билан машинада Жалолобод шаҳрининг янги қурилган кўчалари бўйлаб сайр қилдилар. Жорий йилнинг ўзида шаҳар бюжети ҳисобидан ўнга яқин кўчалар қурилиб, таъмирдан чиқарилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг