Олти йил кеч: Қирғизистоннинг жануби ва шимолини боғловчи муқобил йўл келаси йили очилади
Қурилиши саккиз йил аввал бошланган бу муқобил йўл қурилиши олти йил аввал битирилиши керак эди.
Фойдаланишга олти йил аввал, 2018 йилда топширилиши керак бўлган йўл қурилишининг ишга тушиши келаси йилда кутилмоқда. Бу ҳақда 24 октябрь куни мамлакат парламенти йиғилишида Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги вакили Алмазбек Дуйшебаев маълум қилди.
Маълумки, бу йўлдаги асосий иншоот – узунлиги салкам 4 километр, кенглиги 10 метр бўлган туннел шу йилнинг августида тўлиқ тешиб ўтилгани маълум қилинган.
“Туннелни [келаси йил] июнда фойдаланишга топширамиз. Ҳозирча молиялаштириш манбаси аниқланмаган 5 та муҳандислик иншооти қурилиши лозим. Агар сармоячи топилса, келаси йили ушбу объектларни ишга туширамиз”, – деди Дуйшебаев.
Республиканинг юзлаб чақиримга чўзилган тоғ тизмалари ажратиб турадиган минтақаларини боғловчи «Шимол-Жануб» муқобил йўлининг қурилиши 8 йил аввал бошланган ва уч йилда топширилиши керак эди. Лекин молиялаштириш масаласи ҳал бўлмаслиги натижасида қурилиш ишлари чўзилиб келмоқда.
Иссиқкўл бўйидаги Балиқчи шаҳридан Норин вилоятининг Қўчқор, Чаэк ва Орол аҳоли пунктлари орқали ўтиб, Жалолобод вилоятининг Қазарман ва Жалолобод шаҳарларига чиқувчи янги йўлнинг узунлиги 433 километр. Балиқчидан пойтахт Бишкеккача 180 километр.
Бугунги кунда Бишкек ва Ўш шаҳарларини боғлаб турувчи асосий йўлнинг узунлиги 608 километрни ташкил қилади. Бу йўл 1965 йили қурилган бўлиб, Туяошув довонидаги узунлиги 3 чақирим бўлган туннел орқали ўтади. Денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда жойлашган бу иншоотни Москвадан келган метро қурувчилари барпо қилишган.
Давлатнинг икки пойтахтини бирлаштирувчи бу йўл 2000 йилларда қайта қурилган. Бугунги кунда йўлни реконструкция қилиш зарурати туғилган. Жумладан, асосий туннелни 1000 метр пастроққа тушириш ва кенгайтириш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Қирғизистонда йўл билан боғлиқ барча йирик лойиҳалар четдан олинган қарз ҳисобига бажарилади. Расмий маълумотларга кўра, 1996 йилдан бери йўл қурилиши учун Қирғизистон салкам 2,7 млрд. доллар атрофида қарз олиб сарфлаган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди