С5+1: АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантирмоқчи
Жаҳонда вазият ҳар томонлама кескинлашган шароитда Марказий Осиёга эътибор кучайди.
Шу ҳафта Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда инсониятни ташвишга солаётган сиёсий, иқтисодий, экологик, ижтимоий ва гуманитар масалалар муҳокама қилинмоқда. Бу сафар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бу анжуман ишидаги фаоллигининг бир даража ортганини кўриш мумкин.
Ассамблеяда сўзлаган нутқларида Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари сўнгги йилларда дунё давлатлари ўртасида талаш ва ишончсизлик кучайиб кетганидан ташвиш билдиришди. Бу вазиятни бартараф қилиб, жаҳон ҳамжамиятининг салоҳиятини яратувчилик йўналишига буриш лозимлигини таъкидлашди.
Бирлашиш лозим
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бош Ассамблея йиғинида сўзлаган нутқида дунёдаги геосиёсий кескинлик ҳақида гапирди. У дунёда рўй бераётган ўзгаришлар Марказий Осиё давлатларининг барқарорлиги ва хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатаётгани, шу билан бирга, минтақанинг роли ва аҳамиятини ошираётганини ҳам таъкидлади.
Жапаров Марказий Осиё минтақасини геоиқтисодий макон ва геосиёсий воситачи сифатида кўришини ҳам қўшимча қилиб, иқлим инқирози ва озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи жаҳон ҳамжамиятини бирлаштириш зарур эканини урғулади.
Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятга тўхталар экан, ўтган йили икки давлат қон тўкилишини тўхтатишга муваффақ бўлганини, Бишкек ҳамиша музокаралар учун очиқ бўлишини, ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлашини айтган.
“Биз ҳеч қачон бегона ерларни босиб олишга интилмаганмиз, лекин ҳеч кимнинг бир қарич еримизни тортиб олишига ҳам йўл қўймаймиз”, деди Садир Жапаров.
У шунингдек тоғларни барқарор ривожлантириш ва музликларни сақлаш масаласига ҳам тўхталиб, Бишкек тоғли мамлакатларнинг кенг коалициясини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Биз, БМТга аъзо давлатлар, ўз Ташкилотимизни можароларнинг олдини олиш, муросаларга эришиш, тинчлик ва тотувликни ўрнатиш учун барча ишни қилиш бўйича глобал саъй-ҳаракатлар марказига айлантиришимиз керак», дея хулоса қилди Қирғизистон президенти ўз нутқида.
Жапаров АҚШдаги беш кунлик сафари доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Тараққиёт дастури бошқарувчиси Аким Штайнер, қатор давлатлар ва халқаро молия институтлари раҳбарлари билан учрашади. Шунингдек, Қирғизистон-Америка бизнес форумида ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Ўйнаб гапирсанг ҳам…
Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Бош Ассамблея сессияси олдидан учрашиб, чегара масалаларини ва Қирғизистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, “қирғиз-тожик ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва истиқболларини” муҳокама қилишди.
Тожикистон президенти матбуот хизмати ҳам ушбу учрашув ҳақида хабар берди, бироқ чегара масаласи муҳокама қилинганлиги ҳақида ҳеч нарса айтмаган. Бу учрашув Қирғизистонлик катта амалдорнинг Душанбенинг норозилигига сабаб бўлган шов-шувли баёнотидан кейин бўлиб ўтди.
Икки президент 14 сентябрда Душанбе шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви доирасида ҳам учрашган эдилар. Эртаси куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев “янги топилган ҳужжатларга кўра, Қирғизистоннниг кўплаб ерлари Тожикистонга бериб юборилганлигини» айтган.
“Агар қўшни давлат бизга нисбатан ҳудудий даъволаридан воз кечмаса, биз ҳам асосли равишда қўшниларимизга даъволаримизни айтишимиз мумкин”, деган эди Ташиев.
Ушбу баёнотдан кейин, Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси Эрлан Абдилдаев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва унга “тожик-қирғиз чегараси масаласи бўйича юқори лавозимдаги мансабдорнинг иддаолари Тожикистон томонини хавотирга солгани» билдирилган.
Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам икки давлат вакилларини эришилган битимларга путур етказиши мумкин бўлган бундай баёнотлар қилишдан сақланишга чақирди.
Афғонистонни ёлғизлатмайлик
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бош Ассамблея сессиясида сўзлаган нутқида қатор муаммоларни тилга олди. Жумладан у диний тоқатсизлик кўринишларига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида гапирди.
«Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз», деди Мирзиёев.
У ЮНEСКО шофелигида Ўзбекистонда Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш, 2024 йили «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф қилди.
«Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз», дея таъкидлади президент Шавкат Мирзиеёв.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида, қўшни Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб, халқаро хавфсизлик у ердаги жараёнлар билан бевосита боғлиқ эканини, бу мамлакатда янги вазият вужудга келгани ва афғон масаласини ҳал этишда ўзига хос ёндашувлар талаб қилинаётганини айтди.
“Афғонистонни ўз муаммолари билан яна ёлғиз қолдириш – бу катта хато бўлади. Инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда. Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деб ҳисоблаймиз», деди Мирзиёев.
У дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга чақирди. Шавкат Мирзиёев АҚШга расмий иш сафари доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, қатор давлат раҳбарлари ва халқаро ташкилот вакиллари билан ҳам учрашмоқда.
Хавфсизлик кўпчиликнинг иши
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ассамблеяда сўзлаган нутқида, Хавфсизлик кенгашини янгилаш ва низоларни дипломатик йўл билан ҳал этиш учун БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши кўпроқ ваколатларга эга бўлиши кераклигини айтди.
«Мен «ўрта кучлар» ва Кенгашдаги барча ривожланаётган мамлакатларнинг овози кучайтирилиши ва аниқ эшитилиши кераклигига аминман. Хавфсизлик Кенгаши боши берк кўчадан чиқа олмаётгани сабаб, бошқа давлатлар, жумладан, Қозоғистон ҳам тинчлик ва хавфсизликни сақлашда кўпроқ рол ўйнаши учун кўпроқ вакилликка эга бўлиши керак», деди Тўқаев.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун асосий масъулиятни зиммасига олган. У 15 аъзодан иборат – беш доимий (Россия, АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Франция вето ҳуқуқига эга) ва икки йилга сайланувчи ўн нафар доимий бўлмаган аъзо.
Тўқаевнинг фикрича, инсоният яна бир геосиёсий қарама-қаршилик даврига кирган бугунги кунда муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилмаслик, улардаги аъзоликни тўхтатиб қўйиш ва улардан чиқиб кетиш амалиёти ўта ташвишлидир. Чунки бундай ҳолат халқаро савдо тизимини бузади, иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи таъминот занжирларини заифлаштиради, озиқ-овқат хавфсизлигига зарар етказади ва инфляцияни тезлаштиради.
Тўқаев барча томонларни БМТ Низоми ва умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари асосида можароларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирар экан, Қозоғистоннинг Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этиш бўйича таклиф этилаётган барча саъй-ҳаракатлар ва режаларни юқори баҳолашини билдирди.
“Халқаро низоларни ҳал қилишда дипломатия ва мулоқот доимо устун бўлиши керак. …Келинглар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзагини ташкил этувчи бирлик ва жамоавий ҳаракатлар руҳини жонлантирайлик. Дурустроқ дунё қуриш бўйича умумий мажбуриятимиз ўзимиздаги келишмовчиликлардан устун туриши кераклигини ёдда тутайлик», деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
С5+1 саммити
Нью-Йоркда ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси орасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг АҚШ президенти Жо Байден билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевлар иштирок этишди.
Байден саммитни «тарихий лаҳза» деб таърифлаб, Вашингтоннинг минтақа билан ҳамкорлиги янги чўққиларни забт этаётганини урғулаган.
Бу “узоқ муддатли яқин ҳамкорликнинг умумий қадриятларимиз – суверенитет, мустақиллик, ҳудудий яхлитликка асосланишини айтган Байден биринчи навбатда, терроризмга қарши ҳамкорликни кучайтирилаётганини эътироф этди. АҚШнинг Марказий Осиёга хавфсизликни таъминлаш учун ажратадиган маблағларини ошириш, дипломатик саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва хусусий секторни ривожланиш мақсадида янги бизнес платформаси яратилаётганини айтди.
Байденнинг айтишича, келгуси йилларда энергия хавфсизлиги ва таъминот манбаларини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган минерал ресурслар бўйича янги мулоқот қуриш имкониятлари муҳокама қилинмоқда. У ногиронлар ҳуқуқлари бўйича янги ташаббусни бошлаш арафасида турганини, кейинги учрашув беш давлатнинг бирида ўтказилишига ишора қилди.
Саммитда Қирғизистон президенти Садир Жапаров “АҚШ – Марказий Осиё” форматидаги ҳамкорлик Бишкек ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлаган. У ушбу форматнинг ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган бўлиши кераклигини урғулаган.
Жапаров, тоғ-кон ва энергетика ресурслари масаласида Қирғизистон Америка бизнесининг минтақадаги иштирокини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
“Биз “яшил” иқтисодиёт, гидроэнергетика, МТ (маълумот технологиялари), бандлик ва таълим каби муҳим йўналишларда кенг халқаро ҳамкорликка тайёрмиз”, деди Жапаров.
Қирғизистон президенти, шунингдек, Марказий Осиёдаги хавфсизликни Афғонистондаги вазиятдан алоҳида муҳокама қилиб бўлмаслигини таъкидлаб, Қирғизистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш ва бу давлат билан яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёв Марказий Осиё минтақасида дўстлик, ўзаро англашув ва шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, бу кенг ҳамкорлик учун янги ва ноёб имкониятлар яратаётганини урғулаган.
Саммит доирасидаги режаларда савдо-сармоя фаолиятни кучайтириш, лойиҳавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, “яшил” иқтисодиётни илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, таълим дастурларини кенгайтириш, Афғонистондаги вазиятнинг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш каби бутун минтақа ривожи учун стратегик аҳамиятга эга бўлган устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилган.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон минтақа мамлакатларининг иқтисодиёт, транспорт, коммуникация, сув-энергетика ва барқарор ривожланишнинг бошқа долзарб масалаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Шунингдек, у таҳдидларнинг кучайиши, терроризм ва экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги сиёсий вазият ва Тожикистон давлат чегарасини қўриқлаш масалаларига тўхталиб, бу жараёнда халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик ва уларнинг кўмаги зарур эканлигини айтди.
У Тожикистоннинг ўз логистик салоҳиятига эгалиги, жумладан, Тожикистон ва Афғонистон чегарасида 6 та кўприк мавжудлиги, Афғонистонни электр энергияси билан таъминлаши, фаолияти қайта тикланган чегара бозорлари орқали қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишини маълум қилди.
“…Биз бу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик тезроқ тикланишидан манфаатдормиз”, деди Раҳмон.
Қозоғистон раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев ўз нутқида иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, муҳим фойдали қазилмалар, қайта тикланадиган энергия манбаларини ўзлаштириш, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда Америка компаниялари имкониятларига алоҳида эътибор қаратди.
Тўқаев, шунингдек, Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини яратишда АҚШ кўмагига умид қилаётганини таъкидлаган.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам саммитда, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, “яшил” ривожланиш, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилиш истиқболлари ҳақида гапирди.
Саммитда хавфсизлик муаммолари, жумладан, киберхавфсизлик, терроризм, зўравонлик экстремизми, ноқонуний миграция ва наркотрафик каби муаммоларни ҳал этишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Саммит якунлари бўйича махсус декларация қабул қилиниб, унда долзарб глобал ва минтақавий муаммолар ҳамда ушбу форматдаги мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб қўйилган.
“Америка овози”нинг ёзишича, С5+1 саммити якунида беш давлат президентлари журналистлар билан мулоқот қилишдан ўзларини тийишган.
Маълумки, сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақасига эътибор кучайиб бормоқда. Беш давлат раҳбарлари билан бунгача Европа Иттифоқи, Ҳиндистон ва Хитой ҳам мана шундай учрашувлар ўтказишган. Минтақани ўзининг доимий таъсир доираси деб ҳисоблаган Россия ҳам сўнгги пайтда минтақа давлатлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Лекин Украинадаги уруш, унинг оқибатида дунёнинг илғор давлатлари киритган санкциялар туфайли Россиянинг минтақага таъсири камайиб боряпти.
Камига Россия расмий доираларида минтақа давлатлари ҳақида бу давлатлар нуфузига путур етказувчи, баъзида очиқча камситувчи гаплар айтилиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида минтақа давлатларининг бошқа давлатлар ва давлатлар иттифоқи (масалан, ЕС) билан алоқаларни мустаҳкамлашга туртмоқда.
Кузатувчилар, Вашингтон саммит орқали Марказий Осиё давлатларига эътиборини кучайтираётганини намоён қилаётганини айтмоқда. Бу эса минтақа давлатларини стратегик ҳамкор билган Россия учун яна бир жиддий белги бўлиб қолиши керак.
АҚШ давлат котиби ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари даражасидаги C5+1 саммити илк бор 2015 йилда Самарқандда ўтказилган. Ўшандан бери бу саммит шу даражада ўтиб келаётган эди. Бу йиғинда АҚШ президентининг шахсан иштирок этиши уюшманинг янги босқичга кўтарилаётганидан дарак бериши мумкин.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди