Янги имкониятлар чорлайди: Италия ёрдам сўраб қирғиз чўпонларига мурожаат қилди

Шу йўл билан италияликлар таназзулга юз тутган чорвачилик соҳасини сақлаб қолишга уриняптилар.

Қирғизистоннинг Kaktus нашри бу мавзуда Буюк Британиянинг Financial Times газетасида эълон қилинган мақолани таржима қилиб чоп этди. “Италия Сардиниядаги чорвачиликни сақлаб қолиш учун ёрдам сўраб, қирғиз чўпонларига мурожаат қилди” деб номланган мақолада охирги йилларда бу йирик оролда чорвачилик таназзулга юз тутгани, ҳокимият ва бизнес вакилларининг бу соҳани чет элдан ишчи кучи олиб келиб ҳал қилишга уринаётганлари ҳақида ёзилган.

Қуйида ўша мақоланинг қисқартирилган таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

…Сардиниянинг қишлоқ жойларида ишчи кучи етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш мақсадида Coldiretti қишлоқ хўжалиги савдо гуруҳи Қирғизистонга борди. У ерда эчки ва қўй сутидан пишлоқ қилишдек “Сардиния мутахассисликлари” эгалари ҳамда йилқичиликдан хабари бор чўпонларни ишга олишмоқчи.

Coldiretti нинг маълум қилишича, 18 сентябр куни Бишкекда Қирғизистон Меҳнат вазирлиги билан битим имзоланган ва унинг доирасида чўпонлар ҳамда уларнинг оилалари ўз мутахассисликларига қараб Сардиниянинг ташлаб кетилган туманларида яшаб, ишлашлари мумкин.

Италиянинг Сардиния ороли ўзининг гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда қумли соҳилларга эга курортлари билан машҳур. Лекин маҳаллий ишчиларнинг ва ёшларнинг Италиянинг катта қисмига яхшироқ иш излаб кетиб қолаётгани сабабли оролнинг иқтисодиёти қаттиқ зарар кўрган.

Ўтган асрнинг 60-йилларида қишлоқ хўжалиги соҳаси Италия ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 7-8 фоизини тузган. Ўша пайтдан бошлаб бу соҳадан ишчилар кетишни бошлаган ва расмийлар ишчи кучи излаб бошқа давлатларга мурожаат қилишга мажбур бўлишган. Бугунги кунда бу соҳа мамлакат ЯИМнинг бўлгани 2 фоизини ташкил қилмоқда.

Охирги 40 йил ичида Италия ҳукумати Ҳиндистоннинг Панжоб вилоятидан 10 минг одам олиб келиб, Италиянинг шимолида сут ва пармезан (Италия пишлоғининг бир тури) ишлаб чиқаришни сақлаб қолган эди. Мамлакатга Африкадан ноқонуний равишда одам олиб келиб ишлатган ҳоллар ҳам бўлган ва бунинг учун айбдорлар жазоларини олишган.

Ўртада имзоланган битимга кўра, у ерга 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган, қишлоқ хўжалиги соҳасида тажрибага эга бўлган қирғизистонликлар ишга олинади. Улар махсус тайёргарликдан ўтишгач, Сассари, Барбажи ва Саррабус туманларида ишлай бошладилар. Аввалига уларга вақтинчалик виза берилади, агар ишлар яхши кетса, доимий визалар берилиши мумкин.

Натижада, Coldirettiнинг баён қилишича, кейинроқ бу ерларга минглаб чет элликлар келиб яшашлари мумкин бўлади. Одатда Италия бошқа Европа давлатларига нисбатан жуда кам ишчи визалари беради. Лекин мутахассисларнинг айтишича, мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасини сақлаб қолиш учун меҳнат муҳожирлари хизматига жуда муҳтож.

Бугунги кунда дунёнинг 164 мамлакатидан келган 360 мингга яқин муҳожир Италиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунан ишлайди. Бу мана шу соҳада ишлаётган одамларнинг 25 фоизини ташкил қилади.

Маълумки Қирғизистон сўнгги йилларда ўз фуқароларини фақат Россияга эмас, балки Европа ва Америка давлатларига бориб ишлашлари учун шароит тузишга интилмоқда. Жумладан, ўтган йили Буюк Британия билан тузилган келишувга кўра, қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари у ерга мавсумий ишларга жўнатиладиган бўлган.

Охирги йилларда Ғарб давлатларида оила институтининг пароканда бўлиши, ёшларнинг онги оила тузиш эмас, фақат карьера қуриш билан банд бўлиб қолгани боис, бу давлатларда туғилиш жуда камайиб кетган. Туғилиш кўрсаткичларига бир жинсдаги одамларнинг турмуш қуришлари кенг ёйилгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Мутахассислар яқин ўн йиллар ичида ғарбда кучли демокрафик муаммолар пайдо бўлишини башорат қилмоқдалар. Чунки бу давлатлар аҳолиси тобора қариб бормоқда, туғилиш даражаси жуда пастлиги сабабли нафақат аҳоли сони озаймоқда, балки ишга яроқли одамлар сони ҳам камайиб бормоқда.

Яқиндагина эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Россия-Украина уруши натижасида 10 миллионга яқин украиналик Европа давлатларига қочиб ўтган. Бу Марказий Осиёнинг Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби давлатлари аҳолисидан 30 фоизга кўп демакдир.

Бугунги кунда Германия ва Франция каби йирик давлатлар аҳолиси сони Туркия, Сурия, турли араб ва бошқа мусулмон давлатларидан борган қочоқлар ва меҳнат муҳожирлари ҳисобига маълум даражада ушланиб турибди. Масалан, фақат Франциянинг ўзи Суриядаги урушдан сўнг у ердан қочган 2 миллион сурияликни қочоқ сифатида қабул қилган. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, яқин 50 йиллар ичида Европанинг аксарияти давлатлари аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қиладиган бўлади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг