Ақли йўқнинг валдирашими ёки Жириновскийнинг ўрнига янги сиёсатчи келдими?

Депутат Евгений Фёдоров Россиянинг собиқ совет республикалари билан урушини “башорат қилди”.

Россия Давлат думасининг 60 ёшли депутати Евгений Фёдоров 14 собиқ совет республикаларининг собиқ СССР иттифоқидан ноқонуний тарзда ажралиб чиққани ва Россия улар билан “эртами-кечми низолашиши ёки урушиши” мажбур бўлиши мумкинлигини айтиб чиқди.

“Фан назарияси нуқтайи-назаридан, Совет Иттифоқи таркибидан ноқонуний чиққан барча республикалар эртами-кечми Россия билан низолашади ёки урушади. Бу – назария масаласи. Айримлари ҳозир эмас: масалан, Беларус. Айримлари – Грузия, Украина аллақачон урушиб бўлди. Бу Арманистонга ҳам тўла-тўкис равишда тегишли”, – деди Фёдоров. Уч олий маълумотга эга бўлатуриб, ақлини топмаган бу сиёсатчи қайси “фан нуқтаи-назарини” назарда тутгани ноъмалум.

Унинг фикрича, Россия халқаро ҳуқуқ ва аллақачон тарихдан ўрин олган СССР қонунларига таянган ҳолда, “собиқ совет республикалари билан дипломатик мулоқотлар орқали ҳарбий низоларнинг олдини олиши мумкин”.

“Яъни халқаро ҳуқуқ ва совет иттифоқи қонунларини ҳисобга олган ҳолда, улар билан ҳозирги статуслари бўйича қайтадан келишувга эришамиз. Масалан, 1991 йилда бузилган 14/09-сонли қонун”, – деди Фёдоров.

Евгений Фёдоровнинг бу баёнотига Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидан тезда жавоб қайтаришди.

“Миллий тикланиш” партияси раиси, парламент қуйи палатаси спикерининг Алишер Қодиров твиттер (ҳозирда Х) орқали россиялик сиёсатчиларнинг бундай ёндашувлари бир кун Россиянинг бошига етади, деган фикрини билдирди.

“Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади, шекилли… Бундан биз фойда кўрамизми, йўқми, вақт кўрсатади. Ёнғинга қарши чоралар кўриб, совуққонлик билан кузатамиз…”, – деб ёзди Қодиров.

Парламент қуйи палатаси спикерининг яна бир ўринбосари Одилжон Тожиев рус депутатининг баёнотини “ғоят оригинал” деб атади.

“Халқ вакили ўзини геосиёсатнинг етук мутахассиси сифатида кўрсатиб, ҳар хил ҳеч кимга номаълум “назариялар”ни келтирибди… Афтидан, Фёдоров Конституция барча қонунлардан устун эканлигини тушунмайди. Модомики, СССР Конституциясининг 72-моддасида шундай дейилган эди: “Ҳар бир иттифоқ республикаси СССРдан эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади”, – деб ёзди Тожиев ўзининг телеграм каналида.

Тожиевнинг фикрича, Фёдоровнинг мантиғига кўра, ўтган 32 йил давомида Россия номидан иш тутган президентлар Ельцин ва Путин, Россия парламенти ва ҳукуматининг собиқ совет республикалари билан алоқалари ҳам ноқонуний бўлган.

“Бу ҳолда, бутун дунёга ишонч билан эълон қилиш мумкинки, бундай ноқонуний ҳуқуқий маконда ишлайдиган Россия ҳокимият институтлари ўз моҳиятига кўра ноқонуний ҳисобланади… У ҳазиллашяпти, ҳойнаҳой”, – деб ёзди спикер ўринбосари.

Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов эса Фёдоровни “навбатдаги фантазёр” деб атаб, унинг айтганларини “соғлом фикр маҳсули эмас”лигини эътироф этди. У ҳам воқеага телеграм канали орқали муносабат билдирган.

Бекмуродовнинг фикрича, Дума депутатининг юқоридаги сўзларига қандайдир жиддий муносабат билдириш шарт эмас. Лекин қизиғи шундаки, Евгений Фёдоров – Россиядаги ҳукмрон “Единая Россия” партиясининг вакили, Думанинг бюджет ва солиқ масалалари қўмитаси аъзоси. Шу билан бирга Фёдоров Россия “Миллий-озодлик ҳаракати” номли сиёсий бирлашманинг раҳбари ҳамдир. Бу ташкилот Россиянинг 1945 йилги чегараларига қайтишни, СССР тарқаб кетишига дохил воқеаларни тергов қилиш лозимлигини айтиб келади.

Шу ўринда Россия президенти Путиннинг собиқ СССР ҳақидаги айтганларини эслаб ўтиш ўринли. “СССРнинг тарқалиб кетишига ачинмаган одамнинг қалби йўқ, унинг тикламоқчи бўлганларнинг эса ақли йўқ”, деган эди Путин. Лекин охирги пайтда Россиянинг ташқи сиёсатининг йўналиши бу мамакатнинг собиқ империя сифатида қайта тикланишга уринишга ўхшаб бораяпти.

Шу маънода Фёдоров Путин айтган “ақли йўқлар” сирасига кирадими, ёки марҳум Жириновскийнинг ролини бажаришга киришдими, бир нарса дейиш қийин. Маълумки, Россия раҳбарияти кўп ҳолатларда ўз хоҳиш ва мақсадларини ўзини телбадек тутадиган Владимир Жириновскийнинг тили билан айтарди.

Ҳа айтмоқчи, асли келиб чиқиши қозоғистонлик бўлган Жириновский ҳам собиқ совет республикалари мустақиллигини жиддий қабул қилишни истамас эди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг