Қонли фожиалар акс-садоси: Миллий низога алоқадор дейилган 6 киши қўлга олинди

Қўлга олинганларни махсус хизмат сепаратистик гуруҳларнинг лидерлари ўлароқ баҳоламоқда.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Сузоқ туманида 2010-йилги июнь воқеаларига алоқадор деган гумон билан маҳаллий аҳолидан 6 киши қўлга олинди. Бу ҳақда бугун, 14-сентябрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МҲДҚ) хабар берди. Муассаса уларни сепаратистик гуруҳлар етакчилари деб атаган.

Маълум бўлишича, 12-сентябрь куни қўлга олинган олти кишининг энг каттаси 65 ёшда, энг кичиги эса 43 ёшда. Махсус хизмат уларни июн фожеаси пайтида “оммавий тартибсизликни қўзғатган, йўлларни тўсиб қўйган ва қочишга уринган тинч аҳолига ҳужум қилган” деган айбловлар қўйган. Ҳибсга олинганлардан бири Жалолобод шаҳрида яшовчи 48 ёшли шахсни ўта шафқатсизларча ўлдиришга алоқадорлиги айтилди.

Барча гумонланувчилар махсус хизматнинг тергов изоляторига киритилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда МҲДҚ фожиа билан боғлиқ жиноят иши қайтадан тергов қилина бошлаганини маълум қилган. Лекин кейин маълум бўлишича, иш фақат бир воқеаэпизод – ўзбек жамоатчилиги лидери Қодиржон Ботировнинг фожиали воқеалар арафасида мамлакатдан чиқиб кетиши билан боғлиқ экан, холос.

Бу айблов билан қатор собиқ амалдорлар устидан суд жараёни кетмоқда. Лекин 2010 йилда очилиб, айбдорлар топилмади, деган жўя билан ёпилиб кетган, одам ўлдириш, мулкни тунаш, жинсий зўравонлик каби фактлар бўйича 3 мингдан ортиқ жиноий иш ўша ҳолатда қолиб кетди.

2010 йил апрель ойида Қирғизистондаги норозилик намойишларидан сўнг ҳукумат ўзгарган. Ўша йилнинг июнь ойида Ўш ва Жалолобод вилоятларида миллатлараро низо келиб чиққан эди. Натижада 400дан ортиқ одам ҳалок бўлган, минглаб фуқаролар турли даражада жароҳат олган.

Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар давомида ҳалок бўлганларнинг 295 нафарини ўзбеклар, 123 нафарини қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июн воқеалари пайтида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлгани аниқланган.

Судланганларга келсак, 53 одам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улардан икки нафари қирғиз бўлса, 51 нафари ўзбек миллатига мансуб. Улардан 5 киши, жумладан журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳам қамоқхонада вафот этди. Бугунги кунда умрбод қамоқ жазосини ўтаётганлар 44 кишини ташкил қилади.

Ўш ва Жалолободдаги этник низони ўрганган Халқаро мустақил комиссия ўз текширувлари ортидан эълон қилган ҳисоботида 2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган қонли зўравонликлар уруш жиноятлари ёки қатлиом (геноцид) сирасига кирмаслигини баён қилган. Аммо агар маҳкамада тўлиқ тасдиғини топса, 11-13 июн кунлари Ўш шаҳрининг айрим маҳаллаларида уюштирилган муайан ҳужумларни инсониятга қарши жиноят сирасига киритиш мумкинлигини қайд этган.

Халқаро комиссия, бундан ташқари, июн ойидаги воқеалар чоғида бошқа кўплаб жиноятлар ҳам содир этилган, инсон ҳуқуқларига оид халқаро қонунлар жиддий оёқости қилинган ҳоллар юз берганлигини ҳам маълум қилган. Комиссия суриштирув жараёнида ҳар икки томондан ҳам номусга тегиш ва жинсий зўравонликларнинг бошқа шаклларига оид даъволарни қўлга киритганини ҳам маълум қилган.

Халқаро комиссиянинг ҳисоботи эълон қилингач, Қирғизистон расмийлари қаттиқ норозилик билдириб, комиссияни нохолисликда айблаган. Парламент эса, комиссия раиси Киммо Кильюненни “персона нон грата” деб эълон қилиб, унга мамлакатга киришни тақиқлаган.

Ушбу қонли этник низолардан кейин ярим йил ўтиб, Amnesty International – «Халқаро Амнистия» халқаро ташкилоти давлат расмийларидан «ҳақиқатни тиклаш ва минглаб қурбонлар учун адолат ўрнатиш»ни талаб қилган.

«Халқаро амнистия» каби бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар ҳозирга қадар «қирғиз ҳукумати можаро бўйича бир тарафлама ва нохолис ёндашувларни бартараф эта олмади», деб эътироф этади.

Ушбу халқаро ташкилот ўзининг «Ярим ҳақиқат ва танланган адолат: 2010 йил июн воқеалари оқибатлари» деб номланган ҳисоботида Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувлар пайтида инсониятга қарши жиноятлар содир этилган бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтган.

«Халқаро Амнистия» шунингдек мазкур можаро ва унинг оқибатлари юзасидан ўтказилган ҳукумат текширувларининг холислигини шубҳа остига олувчи қатор саволларни қўйган.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг