Охири қамалди. Мухолиф депутат Адахан Мадумаров икки ой ҳибсда бўлади

Узоқ йиллардан сўнг энди парламентга келган депутат ватанга хоинликда айбланмоқда.

Қирғизистон парламентидаги “Бутун Қирғизистон” фракцияси етакчиси, депутат Адахан Мадумаров 24 октабрга қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида ҳибсда сақланади. Бундай қарорни 2-сентабр куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди чиқарган.

Адахан Мадумаровнинг адвокати Гуляна Убалиева бир кун ичида Бишкек шаҳар судига апелляция шикоят аризасини беришини маълум қилди. Мадумаров шанба куни тушга яқин Ички ишлар вазирлигининг махсус отряди томонидан Бишкекда қўлга олинган.

Унинг ҳамкасблари воқеанинг Мадумаров ёш боласи билан кўчада кетаётганида юз берганини маълум қилишган.

Мадумаров аввалига ИИВнинг Тергов бошқармасида икки-уч соат сўроқда бўлиб, сўнгра Биринчи Май туман судига олиб борилган. Қарийб беш соатдан кейин суд уни икки ойга қамаб туриш ҳақида қарор чиқарган. Суд биносига Мадумаров тарафдорлари ва журналистлар киритилмаган.

Адахан Мадумаров судга олиб кетилаётганида журналистларга Боткендаги қирғиз-тожик чегарасида имзоланган протокол бўйича ҳибсга олинганини айтган.

“Ҳар доимгидек эртак, Боткен бўйича”, деган мухолафатдаги депутат.

Судда иштирок этган “Бутун Қирғизистон” фрацияси депутати Гуля Кожоқулова журналистларга Жўғўрқу Кенеш Мадумаровни “хизмат мавқеини ҳаддан ташқари ошириб юбориш” моддаси бўйича жавобгарликка тортишга рухсат берганини, бироқ тергов уни “давлатга хиёнат” моддасига ўзгартирганини айтган. У Мадумаровнинг ҳеч қачон тергов саволларига жавоб беришдан қочмаганини, шунга қарамай, ҳуқуқ-тартибот идоралари уни ёш боласининг кўз олдида мажбуран ҳибсга олгани нотўғри эканини қўшимча қилган.

«Тергов негадир давлатга хиёнат қилиш моддасига ўзгартирмоқда. Саволлар кўп. Ҳуқуқий тарафдан ҳам саволлар пайдо бўлмоқда», деган Қожоқулова.

Куннинг иккинчи ярмида депутатнинг тарафдорлари Ички ишлар вазирлиги биноси олдига тўпланишган. Суд биноси милиция томонидан қаттиқ қўриқланиб, депутат тарафдорлари ва журналистлар ташқи панжара яқинига ҳам йўлатилмаган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги кечки саот 22:00лар атрофида Мадумаровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида маълумот берган. У Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов хизмати, юқори мартабали шахсларнинг давлатга хиёнат қилиш факти бўйича жиноят иши бўйича тергов олиб бораётганини маълум қилган.

Мадумаров қўлга олинишидан бир кун аввал, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида: “Давлатга хиёнат қилган, давлатни бузишга уринган ҳар бир кишига раҳм-шафқат бўлмайди. Куч идораларининг ундай одамларга жавоби қаттиқ бўлади!” – деб ёзган.

Мунозарали чегара протоколи

Жорий йилнинг 22-июнида Бош прокуратура депутат Адахан Мадумаровни, 2009 йилда қирғиз-тожик чегараси бўйича протокол имзолагани учун жавобгарликка тортиш учун Жўғўрқу Кенеш рухсатини олган. Бир йил аввал депутатлар назорат органининг айни таклифига қарши чиқишган эди. Аммо мухолиф депутатни “Кампиробод иши” бўйича жавобгарликка тортиш таклифини депутатлар қўллаб-қувватланмаган.

Адахан Мадумаров Бош прокурор таклифини кўриб чиқиш бўйича тузилган депутатлик комиссия аъзоларини “юқоридан қатъий буйруқ олганликда” айблаган.

Адахан Мадумаров 2008-йилнинг 5-октябридан 2009-йилнинг 26-октябригача Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаган.

У ушбу лавозимда 2009-йили Хўжандда Тожикистон томони билан икки мамлакат Хавфсизлик кенгашлари котиблари бошчилигидаги ишчи учрашуви протоколини имзолаган. Ҳужжатга кўра, Қирғизистон томони Тожикистондан майдони 5 гектар, узунлиги 275 метр бўлган ер участкасини 49 йилга ижарага олган. Қирғизистон томон ўша ернинг асли Қирғизистонга тегишли бўлгани, таклиф қилинган протоколни имзолар экан, Мадумаров бу участканинг Тожикистонга қарашли эканини тан олган деб ҳисоблайди.

Ўз навбатида Мадумаров бу протокол давлатнинг тегишли органлари томонидан олдиндан тайёрлангани, расман тайёр ҳужжатга қўл қўйгани учун айбдор эмаслигини айтиб келади.

Кейинчалик Тожикистон имзолаган протоколни асос қилиб Қирғизистон билан чегарасини мустаҳкамлай бошлаган. Бу эса чегара ҳудудларида яшовчи қирғиз фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган ва бу ерда тез-тез қирғиз-тожик фуқаролари ўртасида можаролар юз бериб келади.

2021 йилнинг апрель ойи ва 2022 йилнинг сентябрида қирғиз-тожик чегарасида юз берган қонли тўқнашувда ҳар икки тарафдан ўнлаб одамлар ҳалок бўлиб, юздан ортиғи яраланган. Шунингдек, қатор уй ва бинолар вайрон бўлган. Тожикистон томон оғир ва зирҳли ҳарбий техникани қўллагани боис талофат Қирғизистон томондан кўпроқ бўлган.

Шундан сўнг, Қирғизистон Тожикистон билан чегарасини бир томонлама ёпган ва Бишкек-Душанбе авиақатновини ҳам тўхтатган. Орадан бир йил вақт ўтган бўлсада, ҳануз икки давлат ўртасидаги чегара масаласи бўйича музокаралар жуда оғир кечмоқда.

Адахан Мадумаров ким?

Қирғиз сиёсатида ўзининг ўжарлиги билан танилган Адахан Мадумаров, меҳнат фаолиятни 1990 йиллар бошида Қирғизистон матбуот ва ахборот вазири ёрдамчиси сифатида бошлаган. Ундан кейин Миллий давлат телерадиокомпанияси таҳририятида турли лавозимларида ишлаган.

Ўш вилоятининг Ўзган туманида туғилган Мадумаров, ушбу туман округидан 1995, 2000 ва 2005 йилларда Жўғўрқу Кенеш депутати бўлган ва ҳатто Ижтимоий сиёсат қўмитасини бошқарган.

Мадумаров 2005 йилнинг март ойида Қирғизистонда юз берган “халқ инқилобидан” кейин президент Қурманбек Бакиев даврида бир муддат Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган. Кейинчалик Қирғизистон Давлат котиби, Жўғўрқу Кенеш раиси ва Хавфсизлик кенгаши раиси бўлган.

2010 йилнинг апрелида юз берган навбатдаги “инқилоб”дан кейин, Адахан Мадумаров «Бутун Қирғизистон» сиёсий партиясига асос солган ва ўтган давр ичида ўтказилган уч парламент сайловларида иштирок этиб, депутат бўла олмаган.

Сиёсий курашга тўймаган Мадумаров, уч марта президентликка ҳам номзодини қўйган.

Ва ниҳоят, 2021 йилда ўтказилган навбатдаги парламент сайловида Мадумаров депутатлик мандатини қўлга киритган.

У мухолиф фракция раҳбари ўлароқ, ҳукуматни тинимсиз танқид қилиб келади. Тили “заҳарлиги” сабаб ҳеч ким билан муроса қила олмайди.

Шунингдек, Мадумаров бунгача ўзининг миллатчилик чиқишлари билан ҳам танилган.

Унинг, “Агар мен президент бўлсам, Қирғизистонда яшаётган ҳаммага қалпоқ кийдираман”, “Қирғизистон қирғизлар учун, қолганлар эса ижарачилар (квартирантлар)”, деган сўзлари кўпчиликка маълум. Кейинроқ у журналистлар уни нотўғри тушинганини айтиб оқланмоқчи бўлган.

2007-йилнинг октябрида Ўшда журналист Алишер Соипов отиб кетилганда бир муддат ўзи ҳам журналист бўлиб ишлаган Мадумаров:

“Ҳамма давлатларда журналистларга қарата ўқ узишади: Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, фақат Қирғизистонда бунга аламли муносабатда бўлишади. Нима бўлибди, журналист ўлдирилган бўлса? Депутатларни ҳам, сиёсатчиларни ҳам отишяпти, фақат журналистлар ўзлари шундай шов-шув кўтариб, ҳамма нарсани бўрттиради”, деган эди.

Асли касби тарихчи бўлган Мадумаров, ўзига мухолиф бўлганларни билимсизликда айлаб келади.

Нима бўлганда ҳам у бугунги кунда ҳаракатдаги ҳокимиятнинг камчиликларини рўйи-рост айтиб келаётган деярли ёлғиз депутат эди. Фақат танқидни қизиққонлик ва эҳтирослар билан эмас, конструктив, юқорироқ даражадаги сиёсий маданият доирасида қилиб келса, бундан эл-юртга ҳам, ўзига ҳам кўпроқ манфаат бўлган бўларди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг