Ҳолвани ҳаким еб… Ўшдаги жанжал туфайли Толасда ўшлик ҳайдовчилар калтакланди

Толас йўлидаги довонда гуноҳсиз йўловчиларга муштумзўрлик қилган жўжахўрозлар қўлга олинди.

Кечадан бери интернет тармоғида юзлари қонга бўялган ва калтаклангани кўриниб турган тўрт кишининг ноъмалум шахс томонидан сўроқ қилинаётгани тавсирланган видео тарқатилмоқда. Видеога қўшиб, қирғиз ва ўзбек тилларида ўшликларга мурожаат қилиниб, маълум вақт Толас томонга келмай туришлик тавсия қилинган аудио ёзув ҳам бор.

Видеодан маълум бўладики, бир гуруҳ ўшлик ҳайдовчилар Толасда калтакланиб, юртдошларини уят сўзлар билан ҳақорат қилишга мажбур қилинган. Калтакланганларни сўроқ қилаётган одам тергов ва суд ваколатларини ўзига олган ҳолда ноқонуний равишда зўравонлик қилгани ойдай равшан кўриниб турибди. Бу эса, миллатлараро ва минтақалараро нафратни кучайтириш, ўзбошимчалик қилиш, одамларни ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш, қийнаш каби бир қатор жиноятлар сифатида баҳоланиши керак.

Хўп, Ўшда яхши ниятда, президент иштирокида ўтаётган кўпкари мусобақаси ташкилотчилар ёки бошқа бузуқиларнинг айби билан жанжалга айланиб кетган бўлса, тинчгина тирикчилигини қилиб, уйига қайтаётган ҳайдовчиларда нима айб?

Яхшиямки, катта йўлдаги муштумзўрлар тез орада махсус хизмат ва милиция органлари томонидан ушланган. Улар ҳибсга олинган ва Толас вилоятида яшовчи 1995-йилда туғилган М. Н. уулу, Р. Б., К. Ш. уулу, А. А., Р. Б. экани аниқланган.

Калтакланганлар эса Ўш вилояти турғунлари бўлиб, Россиядан Қозоғистон орқали хусусий автомашинада уйларига қайтаётгани маълум бўлди.

Воқеа бўйича Қирғизистон Жиноят кодексининг «Ирқий, этник, миллий, диний, минтақалараро адоватни (нифоқни) қўзғатиш» моддалари бўйича иш очилган. Зарур экспертизалар тайинланиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 31 август, Қирғизистон мустақиллиги кенг нишонланаётган куни Ўш вилоятидаги ипподромда кўкбўри (кўпкари, улоқ) бўйича маҳаллий “Дўстуқ” ва Толаснинг “Интимақ” командалари ўртасида анъанавий президент кубоги учун финал учрашуви бўлиб ўтди. Ўйин сўнггида “Интимақ” командаси ғолиб деб эълон қилинди. Шунда мезбонлар норози бўлиб, жанжал кўтаришган. Норозилик бирпасда оммавий тартибсизликларга айланиб кетди.

Одамлар ҳакамни ҳақорат қилиб, уни алмаштиришни талаб қилишди ва пластик шишалардаги сувларни ота бошладилар. Ўнлаб милиция ходимлари уни зўрға хавфсиз жойга олиб чиқиб кетишди. Ҳакам калтаклангани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Умумий ҳисобда ўнлаб одам жабрлангани айтилмоқда. Икки киши: бир улоқчи ва милиция ходими касалхонага етказилган. Лекин улоқчи ўзининг ўйин пайтида жароҳат олганини айтган. «Тез ёрдам» машинасига ҳужум қилиниб, ойналари синдирилган, ҳайдовчи тан жароҳати олган.

Видеоларнинг бирида нуфузли меҳмонлар учун тайёрланган жойдан туриб, воқеани кайфияти бузилган ҳолда кузатиб турган президент Садир Жапаровни, бош прокурор Қурманбек Зулушевни ва Олий суд раиси Замирбек Базарбаевни кўриш мумкин.

Ўш вилояти ИИБдан маълум қилишларича бу ўйинни томоша қилиш учун 40 мингга яқин одам келган. Кечга яқин одамларни тарқатиб, вазиятни барқарорлаштиришга эришилди. Юз берган ҳолат бўйича милиция текширув ишларини олиб бормоқда.

Воқеадан сўнг видеолар тарқалиб, томонлар ўртасидаги даҳанаки жанг интернетда давом этди. Турли ҳақорат ва низо чиқариши мумкин бўлган изоҳларнинг олдини олиш учун каналлар изоҳ қолдириш имконини чеклаб қўйдилар.

Бугунги кунда ҳаракатдаги ҳокимият сўз эркинлигини чеклаш, рақибларини қамаш каби нотўғри сиёсат йўлига тушиб боряпти. Воқеалар кўрсатиб турибдики, мамлакатда аҳвол ҳалиям барқарор эмас. Одатдагидай озгина, бўлар бўлмас сабаб билан одамлар яна кўтарилиб, қийинчилик билан эришилган тинчлик ва барқарорликка путур етиши мумкин экан.

Инсоф билан айтиш керакки, Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев тузган иккилик раҳбарлигида мамлакатда жиддий ўзгаришлар бўлмоқда, йирик лойиҳаларга замин ҳозирланиб, уларни амалга оширишга киришилди. Қўшни ва бошқа давлатлар билан алоқалар яхшиланиб, жиддий келишувларга эришилмоқда. Эслаб кўрсак, 2020 йили яна ҳокимият алмашганда Қирғизистон ташқи ва ички қарзини тўлай олмайдигандек, оқибати нима бўлиши мавҳум бўлган чуқур инқироз ҳолатида қолган эди. Лекин тез орада мамлакат оёққа туриб олди, бюджетнинг кираша қисми ортиб, турли ижтимоий масалалар ҳал қилина бошлади, ойлик ва пенсиялар кўтарилди.

Албатта, иш бўлган жойда камчилик бўлади. Лекин бор ютуқ ва яхшиликларни инкор қилиб, ҳадеб нолийвериш ва ҳокимиятнинг қилаётган ҳаракатларини йўққа чиқаришга уриниш инсофдан бўлмаса керак. Шу билан бирга, амалдаги ҳокимият ҳам эришилган ютуқлардан ҳаволанмасдан мамлакатни мамлакат қилган, оламга донғини таратган сўз ва фикр эркинлигини, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш каби қадриятларни асраб-авайлаши керак.

Зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган иш эса – Ўшдаги ва Толасдаги нохуш аҳволга юридик баҳо бериб, айбдорларни қонун доирасида ошкора жазолашдан иборат.

Оқбура, Бишкек.

Скриншот интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг