“Булбуллар ичра тинмас забон” эди: Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев вафот этди

Дилларда достон бўлган санъаткорнинг қўшиқлари ва хотираси қалбларда мангу яшайди.

Ўзбек қўшиқчилик санъати, бутун ўзбек халқи ўзининг энг ёрқин намояндаларидан биридан ажралди. Ўзбекистон халқ ҳофизи, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев, кеча, 4-сентябрдан 5-сентябрга ўтар кечаси 76 ёшида вафот этди.

Серқирра иждкор Шерали Жўраев 1947-йилнинг 12-апрелида Андижон вилоятининг Асака туманида таваллуд топган.

Шерали Жўраев Тошкент театр ва рассомчилик институтини, сўнгра Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтини тамомлаган. Турли йилларда “Шодлик” ашула ва рақс ансамблида, Андижон вилояти филармониясида, Ўзбек давлат филармонияси, “Ўзбекнаво” бирлашмасида яккахон хонанда сифатида халқимизга хизмат қилди.

Унинг меҳнатлари юксак баҳоланиб, 1991-йили Навоий номидаги давлат мукофоти, 2018-йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени, 2022-йилнинг 12-апрелида 75 йиллик юбилейи муносабати билан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан ҳам тақдирланган.

Шерали Жўраев 1987 йилдаёқ Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган. 2018-йилда Шерали Жўраевга Тожикистон халқ артисти унвони берилган эди. Ҳар янги йил олдидан унинг мухлислари янги қўшиқ кутишар ва унинг яратган ҳар бир янги қўшиғи бутун ўзбек халқининг маданий ҳаётида улкан бир ҳодисага айланиб кетарди.

Жўраевнинг қўшиқлари нафақат ўзбеклар, балки бошқа турли қардош халқлар орасида ҳам жуда машҳур эди. Унинг бугунги кунгача яратиб, ижро этган қўшиқларининг сони мингтага яқин экани айтилади. Ҳофиз бугунги кунгача ижоддан тўхтамай келаётган эди.

Шерали Жўраев куйлаган қўшиқлари деярли барчасининг куйини ўзи басталаган. Улар орасида “Биринчи муҳаббатим”, “Ўзбегим”, “Инсон қасидаси”, “Ошиқ бўлинг”, “Онагинам”, “Карвон”, “Аччиқ ҳақиқат”, “Яралган”, “Ошиқлар сардори” каби юзлаб қўшиқлари мухлислари қалбидан мустаҳкам ўрин олган.

Тенги йўқ ҳофиз “Бобо Деҳқон”, “Замон”, “Қарашларга”, “Она Туркистон”, “Соҳибқирон”, “Дўст бўлсанг, ёнимда тур”, “Қаён кетмоқдасиз?” каби қўшиқларининг матнини ўзи ёзган.

Шерали Жўраевнинг Қирғизистонлик мухлислари ҳам жуда кўп бўлиб, кўп йиллар давомида Ўшга ва Қирғизистоннинг бошқа шаҳар ва туманларига келиб концертлар қўйган. Машҳур ўшлик шоир Муғаннийнинг шеърларига куй басталаган «Ўш тоғидан», «Сен кетдинг аста-аста…» каби қўшиқлари ҳам миллионлаб қўшиқ мухлислари қалбидан жой олган.

Ярим йилдан ортиқроқ ижодий даври мобайнида «Шерали ва Ойбарчин» бадиий фильмининг сценарийсини ёзиб, бош ролни ижро этган, «Бола дунёни тебратар», (1988), «Бир қўшиқ куйлайки…» (2022) китоблари чоп этилди.

Биз буюк ҳофиз, бастакор ва қалам соҳибининг яқинларига чуқур таъзия изҳор қиламиз. Шерали Жўраевнинг қўшиқлари халқимиз, унинг мухлисига айланган барча қардош халқлар вакиллари қалбида узоқ йиллар жаранглаб туражак.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг