Янги савдо-логистика маркази Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари умидини оқлайдими?

Қирғизистоннинг Олабуқа туманига қарашли Боястон қишлоғида савдо-логистика маркази қурилиши бошланди. Унинг пойдеворига капсула қўйиш маросимида Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ўзбекистоннинг Наманган вилояти маъмурлари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Косонсой туманига яқин ерда жойлашган ушбу логистика маркази учун 20 гектар ер ажратилган.

Бу ерда Ўзбекистон ва Қирғизистон қўшма корхоналари тузилади. Шунингдек, турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гўшт сақлаш музлатгичлари бўлиб, маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича иш олиб борилади.

Савдо-логистика марказида озиқ-овқат, кийим-кечак, мева-сабзавот савдоси учун бозор ҳам очилади. Марказнинг яна бир қисми Тошкентда қурилиши мўлжалланган.

Маълумотга кўра, логистика марказининг қурилиши учун ер давлат (Қирғизистон) томонидан берилган. Унинг инфраструктурасини қуриш эса тадбиркорлар ҳисобидан бўлади.

Тадбиркорларнинг айтишича, ушбу марказнинг ишга тушиши икки давлат бюжети учун ҳам фойдали. Шу билан бирга, деҳқону боғбонлар, чорвадорлар учун ҳам катта имконият яратилади.

Жалолобод вилоятида ўтган тадбиркорлар анжуманига келган ўзбекистонлик тадбиркорларнинг айтишича, Ўзбекистон томон Қирғизистондан чорва моллари, ем ва асал сотиб олишга кўпроқ қизиқади.

Косонсой тумани ҳокими Баҳодир Юсупов Олабуқа тумани маъмурияти билан бирга Косонсойга ўтиб, у ердаги ўзбек тадбиркорларига қурила бошланган савдо-логистика маркази ҳақида маълумот берилиши ва ҳамкорликда қандай ишлар амалга оширилиши бўйича фикр алмашилишини айтди.

“Икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари йўлга қўйилса, ҳар икки томоннинг иқтисоди учун ҳам манфаатли бўлади, деҳқонлар учун катта имконият яратилади”, – деди Косонсой тумани ҳокими. У бу ҳақда Олабуқа туманидаги Сафед Булон қишлоғига қилган зиёрати вақтида сўзлади.

Аммо айни пайтда Олабуқа туманига қарашли Сафедбулон қишлоғи аҳли Косонсой пости орқали Ўзбекистонга автотранспортда ўтиш мумкин эмаслиги сабаб, бир қатор ноқулайликлар борлигини ва чегарадан ўтиш учун керак бўлган ПЗР тестининг нархи қиммат эканидан шикоят қилмоқда.

«Чегарадан ўтиш учун ҳар бир кишига 1200 қирғиз сўми (тақрибан 15 доллар) бериш керак экан. Яқинда отам билан келинимизни ўтказдик, Ўзбекистонга. Даволаниш учун бориб, уч кунда қайтишди. Чегарадан ўтишда ноқулайликлар бўлди. Машина билан пост олдигача етказайлик десак, автомобилларга рухсат йўқ. Оқсоқол юра олмайди. Икки давлат постининг орасида 300 қадамча масофа бор. Техника кириб-чиқадиган даражада олди-берди қилсак, савдо учун ҳам яхши бўлар эди», – дейди сафедбулонлик Ҳасанбой Тошбоев.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Косонсой постидан автотранспортда кириш-чиқиш йўлга қўйилмаса, тадбиркорлар маҳсулотини Ўзбекистонга (ёки аксинча) олиб кириши учун Ўшдаги “Дўстлик” чегара постига 350 км.дан ортиқ йўл босиб бориши зарур. Бу эса икки давлат тадбиркорлари ишини қийинлаштиради ва нарх ортишига сабаб бўлади.

Аҳолини қийнаётган ушбу масалалардан Косонсой тумани ҳокими хабардор эканини айтиб, уларни ҳал этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилишини билдирди.

Маълумот учун айтиб ўтсак, Қирғизистон Монополияга қарши кураш давлат агентлиги жорий йилнинг 25 июндаги буйруққа кўра, ПЗР тестининг нархи икки баробар арзонлаганини билдирди. Бу маҳкаманинг сайтида ёзилишича, энди ПЗР-тестининг тариф миқдори 788 қирғиз сўми (тақрибан 9 доллар)ни ташкил қилади. Аввал у 1 минг 574 сўм этиб белгиланган эди.

 

Юсуф Муҳаммад.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг