ТАКА БЎЛСИН, СУТ БЕРСИНМИ?

Маълумки, Қирғизистоннинг бир қатор шаҳарларида, жумладан Бишкек, Ўш ва Тўқмоқ шаҳар Кенгешларига қайта сайлов бўлиши кутилмоқда. Айни кунларда сайловолди тарғиботлари бошлаб юборилган. Сайловда жами 25 партиядан номзодлар иштирок этишга қарор қилган. Бу 1 минг 258 киши дегани. Апрель ойида шаҳар Кенгешларига ўтказилган сайловнинг биринчи турида 1 минг 820 номзод иштирок этган эди.

Тахлилчиларнинг ёзишига кўра, навбатдаги турда ҳам кўпчилик аҳоли сайловга чиқмаслиги кўриниб турибди. “Гап короновируснинг учинчи тўлқинида ҳам эмас, – деб ёзади, 24kg ахборот агентлиги, – гап сайловчиларнинг туссиз, юзсиз ва мансабпараст номзодлардан тўйишгани ва жонларига текканидан.

Бишкек шаҳар Кенгешининг тенг ярим депутатлари такрорий сайловларда иштирок этишга қарор қилишган. Мавжуд 45 депутатдан 21 таси ўз ўрнини бировга бермоқчи эмас. Улардан 8 нафари баҳорги ва 2020 йилда бўлиб ўтган парламент сайловида ҳам қатнашган. Бунда уларнинг еттитаси ҳар гал номзодини бошқа партиядан қўйган. Келинг, уларнинг фақат бир нафари ҳақидаги маълумотни кўриб чиқайлик. Бишкек шаҳар Кенгешига номзод Талантбек Жамғарчаев такрорий сайловга “Онугу-Прогресс” партиясидан бормоқда. У Бишкек шаҳар Кенгешига бўлиб ўтган баҳорги сайловда “Ата журт”дан, 2020 йилги парламент сайловида эса “Мекенчил”дан қўйган эди.

Хуллас, ҳозирги даврда депутатликка номзодлар сайловга боришаркан, бир мақолда айтилганидек, така бўлсин, сут берсин, қабилида иш кўришмоқда. Айтинг-айтинг, бир кун келиб “такалар”дан тўйган Қирғизистон аҳолиси уларни гўштга топшириб юборса нима бўлади?!

 Холис Назар

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг