Ҳе, коронавирус бўлмай… Мигрантларнинг Россияга кириши тартиби ўзгарди

Энди Божхона иттифоқига кирган давлатлар фуқаролари Россияга махсус илова асосидагина киритилади.

Россия Федерациясининг Қирғизистондаги элчихонаси тарқатган маълумотга кўра, жорий йилнинг 10 июлидан тортиб чет эл фуқаролари бу давлатга ПЗР (полимераз занжирли реакцияси) тести топширгани ва коронавирусга чалинмаганини тасдиқловчи махсус илова асосидагина кира оладилар.

Бу қоида Қирғизистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕАЭС – Божхона иттифоқи) кирган бошқа давлатлар фуқароларига тегишли. МДҲга кирган бошқа давлатлар фуқаролари учун бу қоида 2021 йилнинг 1 сентябридан тортиб кучга киради.

«COVID-19сиз саёҳатдаман» («Путешествую без COVID-19») иловасини интернетдан телефонга бемалол юклаб олиш мумкин. Лаборатория текшируви натижалари чиққач, бу маълумот аталган иловада ўз-ўзидан акс этади. Уни чегарадан ўтиш чоғида масъул ходим текшира олади.  Тест чегарадан ўтишгача 72 соат (3 сутка) ичида топширилган бўлиши шарт.

Бундан ташқари чет элга бориб қайтаётган Россия фуқаролари ҳам қайтиб келгандан сўнг 3 кун ичида ПЗР тестини топшириб, унинг натижаси чиққунга қадар уйидан чиқмай ўтиришлари шарт. Бу қоида Россия фуқаролигини олган ва ота юртига бориб қайтаётган қирғизистонликларга ҳам тегишли эканини айтиб ўтиш жоиз.

Яхши хабар шуки, эмланганлиги ҳақида электрон шаҳодатномага (сертификатга) эга бўлган фуқароларнинг ПЗР тестини топширишлари 12 ойгача талаб қилинмайди. Агар меҳмон коронавирус билан оғриган бўлса, 6 ойгача тест топширмаслиги мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан бери ана шу коронавирус туфайли Россияга киришда ҳам, у ерда юриб, ишлашда ҳам меҳнат мигрантлари учун кўплаб ноқулайликлар туғилди. Юз минглаб Қирғизистон фуқаролари ва Россия фуқаролигини олган қирғизистонликлар уйларига қайтиб, ишсиз ўтиришга мажбур бўлишмоқда.

Бу Қирғизистондаги умумий иқтисодий аҳволга ва аҳоли турмуш даражасига қаттиқ салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунки, мигрантлар Россиядан жўнатган пул миқдори давлат ички ялпи маҳсулотининг (ИЯМ – ВВП) учдан бир қисмини ташкил қилади.

Масалан, 2019 йилда Россияда 1 миллиондан ортиқ қирғизистонлик мигрант ишлаган бўлса, 2020 йилда бу рақам 300 мингга камайган. 2020 йилда Россиядан Қирғизистонга 2,3 млрд. АҚШ доллари миқдорида пул келган, 2018 йилда эса бу кўрсаткич 2,6 млрд. долларни ташкил қилган эди.

Шу вақтнинг ўзида Kaktus.media сайти берган маълумотга кўра қирғизистонликларнинг Россияда олаётган даромадлари ортган. Масалан, 2019 йилда ҳар бир мигрант бир йилда уйига ўрта ҳисобда 2,2 минг доллар пул жўнатган бўлса, 2020 йилда 3,2 минг доллар жўнатишга муваффақ бўлган.

Бобур Мирзоев, Бишкек

Сурат: open.kg

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг