Ари уядек ғувиллаб: Тўрт пансионатнинг ижарага берилиши кимларга ёқмади?

Қирғизистондаги айрим сиёсий кучлар ҳамкорликни фақат олиш деб тушунадилар шекилли…

Қирғизистон ўзининг фаол фуқаролик жамияти билан бошқа ўлкалардан анча фарқ қилади. Шу сабабдан ҳукумат ва давлат раҳбарлари бирор қарор қабул қилишда жамият фикрини, аҳолининг бўлажак қарорга нисбатан қандай муносабатда бўлишини олдиндан ҳисобга олиб иш кўради. Қабул қилинаётган қонунлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва билдирилган фикрлар ҳисобга олинади.

Бу албатта яхши. Фуқаролар, аниқроқ айтганда, сайловчиларнинг ҳокимиятни назорат қилиши мамлакатда чинакам халқ ҳокимиятини таъминлайди. Бу эса давлат ва фуқаролар манфаатига тўғри келмайдиган қонун ва қарорлар қабул қилинишининг олдини олади. Амалдорларнинг ноқонуний йўл билан бойишларига, давлат мулкини ўз билганча тасарруф қилиш, умуман олганда замонамизнинг энг кучли балоларидан бўлган коррупциянинг пайини қирқади. Лекин…

Лекин, ҳар бир ишда меъёр, холисона фикр юритиш зарурати деган нарсалар борки, улар раҳбарларни танқид қилишда ҳам, ўз фикрини очиқ айтишда ҳам жуда муҳим. Айниқса, гап халқаро алоқалар, ўзаро ҳамкорлик ва демак, давлатнинг ишончли ҳамкор сифатидаги халқаро нуфузи ҳақида гап кетганда.

Ўз мулкини ижарага олдими?

Яқинда Иссиқкўлдаги 4 пансионатнинг 49 йиллик муддатга Ўзбекистонга ижарага берилгани ҳақида расмий маълумот берилди. Маълумки, бу пансионатлар совет даврида Ўзбекистон томонидан қурилган. МДҲни ташкил этиш ҳақидаги шартномага кўра, собиқ СССРга кирган республикаларнинг қардош республикалар ҳудудидаги мулкларга бўлган эгалиги сақланиб қолиши керак.

Қўшни Ўзбекистон билан Қирғизистон ҳам совет даврида бир-бирининг ҳудудида айрим иншоотларни қурган бўлиб, СССР тарқагач, уларга бўлган эгалик ҳуқуқларини сақлаб қолишган. Тилга олинган пансионатлар ҳам аслида Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги мулклари бўлган.

Худди шу каби Қирғизистондаги Мойлисув лампа заводининг Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида логистик базаси, Қадамжой сурма комбинатининг эса Фарғона вилоятида темирйўлга уланган ишлаб чиқариш базаси бўлган. Уларни ишлатишга кўзи етмаганми, ўз вақтида Қирғизистон уларни кимошди савдосига қўйиб сотиб юборган. Бунга Ўзбекистонда ҳеч ким ҳеч қандай қаршилик қилмаган.

Бир неча йил аввал икки давлат ўртасидаги муносабатлар таранглашгач, 2016 йили Қирғизистон ҳукумати ўша 4 пансионатни ўз тасарруфига олиш ҳақида қарор қабул қилди. Ўзбекистон ўз ҳаққини талаб қилиб, халқаро судга мурожаат қилди. Яқинда халқаро суд бу даъвони тўғри деб топгани ва Қирғизистондан 40 миллион доллар жарима ундирилиши ҳақида қарор қабул қилгани ҳақида расмий хабар берилди.

Суд қароридан сўнг икки давлат ўзаро келишган ҳолда Ўзбекистон жаримани ундириб олишдан воз кечди, Қирғизистон эса ўша пансионатларни 49 йилга Ўзбекистонга ижарага берадиган бўлди. Ўз навбатида Ўзбекистон бу оромгоҳларга сармоялар жалб қилиб, уларни аъло даражадаги замонавий муассасаларга айлантириш мажбуриятини олган.

Турли саволлар пайдо бўлгач, Қирғизистон президенти Садир Жапаров шахсан изоҳ бериб, вазиятни юқорида айтилганидек тушундирди. Унинг айтишича, бугунги кунда пансионатлар қаровсиз қолиб кетган ва катта сармоялар киритишга муҳтож, Қирғизистоннинг эса бунга чамаси етмайди.

Мамлакатда катта иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, улкан лойиҳалар амалга оширилаётганидан ташқари Қирғизистон мисли кўрилмаган даражада ташқи қарзга ҳам эга. Шу йилнинг 1 июнига қадар бўлган ҳолатга кўра Қирғизистоннинг ички ва ташқи қарзи 5,67 млрд. долларга етди. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўша қарзларни тўлашга салкам 14 млрд. сўм (160 млн. доллар атрофида) сарфланган.

Пансионатларнинг ижарага берилиши эса, ижара пулидан ташқари давлат хазинасига қўшимча тўловлар, солиқлар дегани. Аслида Ўзбекистоннинг ўз мулкини нега ижарага олаётгани ҳам қизиқ савол. Лекин Ўзбекистонда аҳоли ўз ҳукуматига бунақа саволларни бериб, масалани ошкора муҳокама қилиб ўрганмаган.

Қирғизистонда ижтимоий тармоқларда ҳукуматнинг бу қарорига қарши танқид кучайди. Одамлар билиб-билмай, давлат раҳбариятини мамлакат манфаатларини поймол қилишда, ҳатто сотқинликда айблай бошлашди.

Маълумки, Қирғизистонда мухолафатдаги кучлар бу каби воқеалардан имкон қадар фойдаланиб қолишга интилади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Кампиробод сув омбори бўйича халқаро келишувга қарши чиқиб, ҳибсда ўтирган сиёсатчилардан бири, собиқ депутат Равшан Жээнбеков пансионатлар билан боғлиқ ҳужжатларнинг ҳаммасини ошкор қилиш талаби билан чиқди. Унинг айтишича, пансионатларнинг ижарага берилиши “кўп саволларни туғдиради”. Лекин шахсан унда қандай саволлар туғилганига аниқлик киритмаган.

Ўйнаб гапирсанг ҳам…

Интернет майдонида баҳслар авж олгач, Қирғизистон Маданият, маълумот, спорт ва туризм вазирининг ўринбосари Марат Тағаев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ўз фикрини баён қилган. Лекин кўп йиллар журналист сифатида ишлаган ёш амалдорнинг гаплари оловга мой сочгандек бўлди.

Асоссиз равишда аҳолининг 91 фоизи ҳозирги ҳокимиятни қўллашини даъво қилган ҳолда танқидий фикр билдирган журналист, блогер ва фаолларни “люмпен”, “шизофреник”, “бекорчи”, “ем охуридан қуруқ қолган” каби сўзлар билан ҳақорат қилган. Яхшими, ёмонми, танилиб қолган айрим журналистларни номма-ном атаб, уларнинг ишларидан “уялиб кетаётганини” ёзган.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг қисқа тарихига изоҳ бераркан, бугунги танқидчиларни сиёсий мақсадлари борлигини билдирган. Лекин у ҳам бу қандай мақсадлар экани ҳақида аниқ бир нарса демаган. Бу постдан сўнг мавзу янада чувалиб, янада кўпроқ одамнинг эътиборини тортган.

Қирғизистондаги демократия ва ошкораликка кўпчилик хавас қилади. Лекин ҳокимият органларидаги катта-кичик амалдорнинг ўз ўрнини билмаслиги ва ўзининг хизмат ваколатлари доирасига кирмаган масалалар хусусида ҳам бебошларча баёнот беришдан тоймаслиги кишини ҳамон ҳайратга солади.

Бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ҳар томонлама ривожланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Икки давлат ўзаро чегараларини аниқлаб, бу масалага чек қўйилди, ўзаро манфаатли бўлган турли иқтисодий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Икки давлат ишбилармонларининг қўшма лойиҳалари учун махсус фонд тузилиб, унга Ўзбекистон 50 млн. долларлик сармоя берди.

Қирғизистон учун жуда фойдали, катта халқаро аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўлининг қурилиши бошланди. Ўзаро савдо айирбошлаш ҳажмини 2 млрд. долларга етказиш устида иш олиб борилмоқда. Айтаверса, бу икки томонлама фойдали ишларнинг кети кўринмайди.

Ўзбекистон нисбатан бойроқ давлат бўлгани учун қўшни Қирғизистонга турли ёрламларни ҳам бериб келмоқда. Жумладан, мамлакат жанубида 5 мактаб биносини қуриб берди, тиббиёт ва соҳаларда қўлланадиган ўнлаб техника совға қилди, Ўшдаги ўзбек академик мусиқали драма театрини қайта таъмирлаб берди. Ўз навбатида Қирғизистон ҳам қараб тургани йўқ. Масалан, уч йил аввал Сардоба сув омбори бузилиб, кўплаб ерлар сув остида қолганда Ўзбекистонга минг тонна цементни ёрдам сифатида етказиб берди.

Хуллас, ҳар икки давлат ўзаро ҳурмат ва тенг манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаб, бошқа кўплаб давлатларга намуна бўлиб келаётган бир пайтда тирноқ остидан кир қидириб, ҳукуматга қарши чиқавериш тўғримикин? Ўзаро битимнинг махфий тутилишига келсак, бу ҳам ҳалқаро муносабатларда кенг тарқалган ҳолат. Ҳар қандай тижорий битимларнинг сир тутилиши иқтисодий ва молиявий манфаатларни ҳимоя қилиш зарурати билан тушундирилади. Унга ва шунга ўхшаш масалаларга сиёсий тус беравериш нари борганда инсофдан бўлмаса керак.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг