Ғаразлашган қўшничилик: Қозоғистон Қирғизистондан ҳафа эмасмиш, лекин…
Юзлаб юк машиналари уч кундан бери икки давлат чегарасида тошдай қотиб турибди.
Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг Ахборот ва коммуникациялар департаменти берган хабарга кўра, 23 август ҳолатига кўра, Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги “Ак-Тилек-автодорожний” ва “Кен-Булун-автодорожний” назорат пунктлари олдида 600дан ортиқ юк ташувчи транспорт воситаларининг тўпланиб қолгани қайд этилган.
Соат 13:00 ҳолатига кўра, “Ак-Тилек-Автодорожний” назорат-ўтказиш пунктида Қирғизистондан чиқиш учун 493 та, “Кен-Булун-Автодорожний” назорат пунктида эса 146 юк машинаси навбатда турибди. Кеча Қирғизистондан Қозоғистонга бўлгани 112 та машина ўтган.
Қирғизистон томони чегарада ҳеч қандай чекловлар киритилмагани ва назорат-ўтказиш пунктлари одатдагидек ишлаётгани ҳақида расмий маълумот берди. Машиналарнинг йиғилиб қолишига Қозоғистон томоннинг фаолияти сабаб. Буни кўпчилик Қирғизистоннинг қозоқ томонига суғориш суви беришни тўхтатгани билан тушунтирмоқда. Қозоғистон расмийлари эса буни рад этмоқда.
Бишкек яқинидаги “Ак-Тилек-автодорожний” назорат-ўтказиш пункти олдидаги юк машиналари тўпланиб қолган жойда чодирлар ўрнатилиб, ёрдам пунктлари жойлаштирилди. Улар ҳайдовчилар ва юк ташувчиларга тиббий, психологик ёрдам кўрсатиб, керакли маслаҳатларни беришмоқда, шунингдек, иссиқ овқат билан ҳам таъминлайди.
Кеча, 22-август куни қирғиз-қозоқ чегарасининг “Ак-Тилек-автодорожний” назорат-ўтказиш пункти олдида Қирғизистондан чиқиш учун 430 га яқин машина навбатда турган. Ўтган сутка давомида Қозоғистондан Қирғизистонга 274 та автомобил кирган.
“Вазият ёмонлашмоқда, қирғиз-қозоқ чегарасида автомобиллар сони ортиб бормоқда”, – деди Қирғизистон халқаро ташувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Игорь Голубев “24.kg” ахборот агентлигига.
Унга кўра, “Ақ-Тилек” назорат-ўтказиш пунктида дастлабки икки кунда айланма йўлдан Қант цемент заводигача бўлган бир неча километр узунликда тирбандлик кучайган. Энди бу машиналар колоннаси тизими айланма йўл бўйлаб ўсиб бормоқда.
“Кен-Булун” томондан тирбандлик “Гавайи” дам олиш марказидан ҳам ошиб кетган. У ердан фақат бўш машиналар ўтиши мумкин. Аммо ҳозир улар ҳам ўтиб кета олмайди. “Чалдовар” назорат-ўтказиш пунктида ҳам тирбандлик кучаймоқда. Демак, ҳозирча қарорлар ёки эришилган [икки томонлама] келишувлар ҳақида гап йўқ”, – деди Игорь Голубев.
Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги “Ақ-Тилек” назорат-ўтказиш пунктида юк машиналарининг узун навбати юзага келгани муносабати билан икки давлат чегара хизматлари вакиллари учрашди. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати чегара назорати бош бошқармаси бошлиғи Нурланбек Жалбиев маълум қилди.
“Биз баъзи назорат-ўтказиш пунктларида қозоғистонлик ҳамкасблар билан учрашувлар ўтказдик. Улар Қозоғистон томонида ҳеч қандай чекловлар йўқ, улар нормал ишлаётганини маълум қилишди. Иш суст кечгани учун Қирғизистон томонида юк машиналари навбати борлигини айтдик”, – дея маълум қилди у.
Нурланбек Жалбиевнинг маълумотларига кўра, Қозоғистон “Ак-Тилек” назорат-ўтказиш пункти орқали авваллари соатига 14-15 автомобил ўтказган бўлса, энди ҳар 4-5 соатда биттадан автомобил ўтмоқда.
Қозоғистон молия вазири Ерулан Жамаубаевнинг Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги “Ақ-Тилек” ўтиш пунктида юк машиналарининг узун навбати борасида “ОРДА Қозоғистон” ахборот агентлиги эълон қилган видеода у журналистлар саволларига жавоб берар экан:
“Билишимча, гиёҳванд моддаларни аниқлаш бўйича операция ўтказилган. Шу боис Чегара хизмати ва Миллий хавфсизлик қўмитаси аҳволни диққат билан кузатиб бормоқда. Бунинг тижорий юкларга ҳеч қандай алоқаси йўқ”, – деди Жамаубаев.
Қирғизистон нашрларида гўёки Қирғизистон томони сув бермаётгани сабабли Қозоғистон чегарачилари юк машиналарини чегарадан ўтказмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бунга жавобан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа тегилши идоралар Қирғизистоннинг сув бўйича ўз мажбуриятларини бажарганини маълум қилди.
Қозоғистон билан чегарада юк машиналарининг тўпланиши сув масаласи билан боғлиқ эмаслиги ҳақидаги фикрини матбуот анжуманида Сув хўжалиги хизмати директори Алмазбек Сокеев маълум қилди.
“Мен Қозоғистон томони билан гаплашдим. Менга сув сабаб эмаслигини айтишди. Бу уларнинг расмий позицияси. Улар менга айтганларини айтаман. Ва аслида сабаб нима, биз фақат тахмин қилишимиз мумкин. Лекин биз мажбуриятларни бажарамиз. Чегарада бундай ҳолат аввал ҳам бўлган, бу йил ҳам такрорланмоқда. Аниқ сабабини билмайман”, – дейди Алмазбек Сокеев.
Чегарада юк машиналарининг навбати 20 августдан бошлаб кўпая бошлади. Қирғизистон-Қозоғистон чегара ўтиш жойларида вақти-вақти билан юк ташувчи транспорт воситаларининг узун навбатлари ҳосил бўлиб туради. Деярли ҳар сафар бу Қирғизистон томонида у ёки бу масала бўйича қўшниларнинг қирғиз расмийларига босим ўтказишга уриниши сифатида қабул қилинади.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди