Туяни шамол учирса… Қирғизистонда яна бензин қимматлаяпти

Вазият асосий етказиб берувчи давлат бўлган Россиянинг ўзидаги танқислик билан тушунтирилмоқда.

Бишкек шаҳри ва минтақа ёғ қуйиш шаҳобчаларида бугун А-92 бензини 1,5 сўмга қимматлаб, 60,5-61,5 сўмдан сотилмоқда, Аи-95 эса бирданига 5 сўмга қимматлаб, 65-70,5 сўмга чиққан. Одатда, қўшимча йўл ҳаражатлари туфайли мамлакатнинг жанубий вилоятларида ёқилғи пойтахтдагига қараганда 1-5 сўмга қимматроқ сотилади.

Қирғизистон ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг деярли 90 фоизини Россиядан олади. Бугунги кунда дунёдаги энг нефтга бой давлатларидан бири ҳисобланган Россиянинг ўзида ҳам ёқилғи тақчиллиги кузатилмоқда.

Бир неча кун аввал Россия оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг турли вилоятларида ёқилғи етишмаётганлигини ёзишган. Аввалига бу ҳолат Астрахан, Волгоград вилоятлари ва Қалмикияда кузатилган бўлса, кейинроқ Саратов, Рязан, Новосибирск вилоятлари ва Қрим ярим оролидан ҳам ана шундай хабарлар келган. Қримда бу ҳолни Украинага қарши уруш, ва унинг оқибатида ярим оролни Россиянинг бошқа минтақалари билан боғловчи кўприкнинг дронлар ва катерлар билан ҳужум қилиниши оқибатида қисман ишдан чиқарилиши билан тушунтириш мумкин.

Тажрибадан маълумки, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархининг ошиши барча маҳсулотларнинг, жумладан озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ошишига олиб келади.

Россия расмийлари бу вазиятни нефт маҳсулотларини қайта ишлаш заводларига етказиб бериш муддати чўзилиб кетаётгани (буни ҳам уруш муаммолари билан изоҳлаш мумкин), мавсумий равишда ёқилғига бўлган эҳтиёжнинг ошиши ҳамда нефтни қайта ишлаш заводларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан тушунтиришмоқда.

Бу ҳолат сунъий равишда юзага келган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Икки ҳафтача аввал Қирғизистонда солярканинг нархи 70 сўмга чиқиб кетиб, аҳолида норозилик пайдо бўлгач, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев мамлакат нефт савдогарлари билан учрашиб, дизел ёқилғисининг нархи ўта ошириб юборилганини айтган ва унинг нархини туширишни талаб қилган. Натижада дизел нархи 63,5-64 сўмга тушган эди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, дизел мойига бўлган талаб жаҳон миқёсида ҳам ортиб бораётган бир пайтда унинг заҳиралари камайиб бормоқда экан.

Bloomberg нашри таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига қараганда, жаҳондаги бугунги дизел заҳиралари дунё истеъмолчиларига келаётган қиш мавсумидан чиқиб олишгагина етиши мумкин. Бу эса бозордаги унча катта бўлмаган ўзгариш, кутилмаган ҳолат туфайли жиддий муаммолар туғилишига ва нархларнинг кескин кўтарилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Ёқилғи билан боғлиқ вазият айниқса, Европа мамлакатари ва АҚШда кескинлашмоқда. Заҳираларнинг камайиши тарихий минимумга етиши тахмин қилинмоқда. Буни таҳлилчилар ва расмийлар турли сабаблар билан тушунтиришмоқда. Лекин асосий сабаб – Европа ва бошқа давлатларнинг Украинадаги уруш туфайли Россиядан нефт маҳсулотларини сотиб олишдан бош тортгани ҳақида гап йўқ.

АҚШнинг ўзида дизел мойи нархи июл ойидан бошлаб кўтарилаётгани ва шу сабабдан инфляция ҳам ортаётгани айтилади. Ёзда ёқилғи-мойлаш масулотларини сақлаш қимматга тушиши сабабли нефтни қайта ишлаш заводлари етарлича мой ғамлаб олишмагани айтилмоқда.

Bloomberg нашрининг тахминича, жаҳон иқтисодиёти бугун дизел мойи энг танқис бўладиган бир ҳолатга келган. Яъни, қиш мавсуми олдидан дизел заҳиралари энг кам кўрсаткичга тушиши кутилмоқда. Бу эса яқин ойларда нархларнинг кескин ошиб кетиши таҳдидини туғдиради.

Кенг қамровли санкциялар исканжасида қолган Россия бугунги кунда янги бозорларни изламоқда ва ўз нефт маҳсулотларини Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия каби иқтисодий қудратга эга бўлган давлатларга сотмоқда. Европа давлатлари эса ўзлари қўшилган санкциялар туфайли ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва табиий газни АҚШ ҳамда бошқа давлатлардан анча қиммат нархда сотиб олишга мажбур. Украинадаги уруш эса яқин орада тугайдиганга ўхшамайди.

Дунёнинг йирик давлатларини ҳам қийин аҳволга солиб қўяётган тақчиллик даврида Қирғизистон каби иқтисодиёти унча мустаҳкам бўлмаган давлатларнинг аҳволи нима бўлишини ҳозирдан тахмин қилиш қийин.

Ишқилиб, “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр”, бўлиб кетмаса бўлди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг