Иккинчиси: Украинада жанг қилган яна бир қирғизистонлик қўлга олинди
Собиқ жангчи Россияда гиёҳванд моддалар сақлагани учун ўн йилга қамалгани маълум бўлди.
Кеча, 15 август куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Украинада жанг қилган Қирғизистон фуқаросининг қўлга олинганини расман тасдиқлади.
Берилган маълумотга кўра, Норин вилоятида яшовчи Б.У. га нисбатан иш тергалиб, унинг материаллари судга тақдим этилган.
Чет давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш ёки террорчилик ҳаракатини содир этишга тайёргарлик кўришда айбланган 27-ёшли йигит энди қонунга кўра мулки мусодара қилинган ҳолда 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Қўлга олиш пайтида далил сифатида собиқ жангчининг уйида унинг ҳарбий кийимда ва қурол-яроғлар билан тушган суратлари, урушда қатнашгани учун олган мукофотлари, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси белгиси туширилган баъзи ҳужжатлар ва бошқа ашёлар топилган.
Қариндошларининг айтишича, Б.У. уйига келгач, уч ҳафта ўтиб қўлга олинган. Уйига келгач, у соғ-омон қайтгани учун эҳсон қилишган, кейин Бишкекка кетиб, 31 июлда Норин вилоятига қайтиб келган ва эртасига уйида қўлга олинган.
Маълум бўлишича, маҳбус Россияга 2020 йилда ишлагани кетган ва бир йил ўтиб-ўтмай, полиция уни гиёҳванд моддалар сақлашда гумон қилиб қўлга олган. Суд уни 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган, 2022 йилда эса у “вагнерчилар” сафида урушга кетган.
Яқинлари уни Россия қамоқхонасида эканида “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига киришга мажбур қилишганини даъво қилишмоқда ва унга раҳм қилишни сўраб, давлат раҳбарларига мурожаат қилишган. Шу вақтнинг ўзида улар Россиядан ҳам ёрдам бўлишига умид қилишмоқда.
Йигит оилали, унинг 4 ва 6 ёшдаги икки нафар фарзанди бор.
Бу Украинадаги урушда иштирок этгани учун қўлга олинган иккинчи Қирғизистон фуқароси. Бунгача, 2023 йилнинг майида 31-ёшли Асқар Қубаничбек уулу ана шу иши учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Қирғизистон қонунларига кўра, ўзга юртларнинг ҳарбий қисмларида ёки бошқа ҳарбий ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашиш жиноят ҳисобланади. Украинада уруш бошланиб, унга меҳнат муҳожирлари ҳам жалб қилина бошлагач, барча Марказий Осиё давлатлари каби Қирғизистон расмийлари ҳам Россияда юрган фуқароларини бу ҳақда қайта-қайта огоҳлантириб келади. Бундан Россия расмийлари ҳафа бўлиб, баёнотлар беришгани маълум.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди