Меҳнат муҳожирлиги: Расмий Душанба Москвани қоралашдан тийилмоқда

Россияда тожикистонлик муҳожирларга нисбатан кўпроқ босим ўтказилиши нотўғрими?

Тожикистон Меҳнат ва миграция вазирлиги раҳбарияти Россияда босим остида фақат тожикистонлик меҳнат муҳожирлари эмаслигини билдирди. Вазир ўринбосари Шаҳноза Нодирийнинг сўзларига кўра, таъқиб остига олинган муҳожирлар орасида Қирғизистон, Ўзбекистон, ҳатто Россиянинг фуқаролари, аниқроқ айтганда татаристонликлар ҳам бор.

Нодирий Россия расмийлари томонидан муҳожирлар таъқиб қилинган ва хўрланган рейдлар ҳақидаги саволга шундай муносабат билдирди.

Шахноза Нодири

Ўтган ҳафта Тожикистондаги Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари ҳам муҳожирлар муаммоларига “сиёсий тус бермасликка” чақирган эди. Лекин тожикистонликларга қарши алоҳида тазйиқлар ва ҳатто хўрлашлар ҳақидаги хабарлар тинмаяпти.

Мустақил сиёсатшунос Парвиз Мулложонов бу ҳолатни Тожикистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) киришга мажбурлаш кампанияси деб билади. Экспертнинг фикрича, Тожикистон томонига бундай таклиф Эмомали Раҳмоннинг Ғалаба байрамини нишонлаш учун Москвага сўнгги сафари чоғида тушган бўлиши мумкин.

«Бундай буюртмали ва оммавий рейдлар одатда Тожикистонда россиялик учувчилар иши кўриб чиқилаётган 2011 йилдан бери ўтказилмаган», – дейди сиёсатшунос.

Унинг сўзларига кўра, рейдлар ўтказилган жойларда Тожикистондан келган муҳожирлардан ташқари, бошқа МДҲ давлатлари фуқаролари ҳам бўлган, аммо рейдлар уларга таъсир қилмаган.

Назиржон исмли мухожир “Настояшчее время” сайтига 10 август куни видео юборган. Унда Санкт-Петербург шаҳридаги полиция идораларининг бирида муҳожирларнинг оммавий қўлга олиниб келингани кўрсатилган. Уларнинг 10га яқини тожикистонликлар бўлса, орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

“Эрталабки соат 6да  яшаётган уйимга полиция ходимлари бостириб кириб, полиция идорасига олиб кетди. У ерга қўлга олинганларнинг баъзиларида  қайд этилганлиги ҳақидаги ҳужжатларининг муддати ўтиб кетган экан. Улар жарима тўлагандан кўра, полиция ходимларига 3-4 минг рубль миқдорида пул беришди. Мени ҳамма ҳужжатларим жойида бўлгани учун, қўйиб юборишди”, – деган Назиржон.

Ўша куниёқ Меҳнат вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Шаҳноза Нодирий коронавирус пандемияси даврида Россияда «Нeлегал» операцияси тўхтатилгани, бироқ жорий йилнинг баҳорида миграция қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлаш бўйича ишлар қайта бошланганини айтди.

Нодирий, шунингдек, Россия расмийлари пандемия даврида текширувлар билан боғлиқ барча чекловлар бекор қилингани ҳақида муҳожирларни огоҳлантиргани ва бу ҳақда Тожикистон элчихонаси ҳам хабардор қилинганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу рейдлар “фақат тожикларга қарши қаратилгани йўқ, уларни амалга ошириш жараёнида жабрланган бошқа миллат ва элат вакиллари ҳам бор”.

Юқори мартабали амалдорнинг бу гаплари тожик расмийларининг Россия ҳукуматининг муҳожирларга қарши амалиётларига етарлича муносабат билдирмаётгани ва Тожикистон ўз фуқароларига нисбатан хўрлаш, ҳақорат қилиш ва бошқа мақсадли ҳаракатларга эътибор бермаётгани ҳақидаги кўплаб танқидлар фонида янграмоқда.

Тожикистон расмийларининг Россия ҳукуматига нисбатан бундай эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлаётганининг сабаби икки давлат ўртасидаги муносабат таранглаша бошлаганида дейиш мумкин. Ўтган йилнинг октябрида Москвада ўтган “Россия – Марказий Осиё” президентлари учрашувида президент Эмомали Раҳмон Владимир Путинга мурожаат қилиб, Тожикистон Россияни ҳурмат қилишини ва ўз навбатида Россия ҳам Тожикистонни ҳурматини жойига қўйиши лозимлигини талаб оҳангида айтган эди.

“…Бизнинг муҳожирларимиз бу ерга келиб ишлашяпти. Улар келиб бекорга пул олишаётгани йўқ, улар ишлашяпти”, – деган эди тожик президенти.

Охирги уч ой давомида Россиянинг турли бурчакларидан ижтимоий тармоқларда тожик муҳожирларининг ҳибсга олиниши ҳақида кўп ҳолларда уларни масхара қилиш ва омма олдида хўрлаш ҳақидаги хабарлар билан бирга суратлар, видеолар ва кўплаб шарҳлар эълон қилинди.

Тожик ҳукумати май ойида Комсомолск-на-Амуре шаҳридаги давлат университетида ётоқхонага қилинган рейд ва юздан ортиқ тожикистонлик талабаларнинг калтакланишидан хавотир билдирган эди.

Мамлакат ичида умидсизлик ва муносиб иш йўқлиги сабабли Тожикистоннинг минглаб фуқароси ҳар йили Россияга иш излаб боради. Турли маълумотларга кўра Россияда бугун икки миллионга яқин тожикистонлик меҳнат қилади. Кўп йиллардан бери уларга нисбатан тазйиқлар, калтаклашлар ва босимлар ҳақида айтилиб келади.

Охирги ойларда Россиянинг бир нечта шаҳарларида муҳожирларга қарши рейдлар олиб борилган. Расман бу амаллар муҳожирлар томонидан Россия қонунларини бузиш ҳолларига қарши кураш билан изоҳланмоқда. Лекин бундай рейдларда қўлланаётган қўполлик, вақти келса камситишнинг сабаби нимада экани ҳозирча ноъмалум. Полиция ходимлари масжидларга кириб, намозларни бузиб, муҳожирларни ҳибсга олган ҳолатлари ҳам кузатилди.

Яқинда тарқалган видеолардан бирига кўра, Москвадан 24 чақирим нарида жойлашган Котельники шаҳрида мусулмонларга жума намозини ўқишга ҳалақит беришган. Мусулмонлар бунга жавобан жума намозини яқинроқда жойлашган черков ҳовлисида ўқишган. Бундан бир ҳафта аввал бу ерда жума намозини ўқиш пайтида куч тизими махсус бўлинмалари намозхонага бостириб кириб, одамларнинг бир қисмини ҳибсга олган эди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бундай босим асосан Марказий Осиё давлатларидан борган муҳожирларга нисбатан ишлатилмоқда. Бундай босим тожикистонликларга нисбатан кўпроқ ва қўполроқ кўринишда ўтказилиши ҳақида ҳам кўпдан бери айтилиб келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг