Диққат, фирибгарлар: Ўзбекистон Green Card ғолиблари дунёда учинчи ўринда, лекин…

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ўзбекистонликларни фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳлантирмоқда.   

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Diversity Visa (Green Card) ғолиби бўлган ўзбекистонликларни виза олиш учун сохта ҳужжатлар тақдим этиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. Агар грин-карта ғолиби виза суҳбатига киришда сохта ҳужжатларни тақдим этган бўлса, у бир умр АҚШга киришдан маҳрум бўлиши мумкин.

“…Виза олиш учун мурожаат вақтида сохта ҳужжат ёки ёлғон маълумот тақдим этишни тавсия қилаётган учинчи шахсларга ишониб қолманг”, дейилади элчихона баёнотида.

“Озодлик”нинг эътироф этишича, Ўзбекистонда АҚШга кўчиб бориб, янги ҳаёт бошлаш орзусида юрган одамлар сони йил сайин ошиб бораётгани кўриш мумкин. Бунга далил сифатида Ўзбекистоннинг бир неча йилдан буён Green Card дастури учун энг кўп ҳужжат топшираётган давлатлар рўйхатида олдинги ўринларда бораётганини айтиш мумкин.

Масалан, 2023 йилги грин-карта бўйича энг кўп ғолиб Миср (5529 киши) ва Жазоирда (5526) қайд этилган бўлса, Ўзбекистон 5511 нафар ғолиб билан дунё бўйича учинчи ўринда бормоқда. Кейинги пайтларда маҳаллий кино ва эстрада юлдузларининг кўпчилигини ҳам АҚШда яшаётганини кўриш мумкин.

Шу вақтнинг ўзида Ўзбекистонда ҳар йили Green Card лотереяси ўйналаётган вақтда фирибгарларнинг фаоллашгани кузатилади. АҚШ Давлат департаменти ҳар йили дастурга ариза топшириш бепул экани ҳақида огоҳлантириб келаётганига қарамай, маълум пул эвазига дастурда ютиб беришни ваъда қилаётган шахсларнинг қармоига илинганлар кўп учрайди.

Айрим фирибгарлар эса, ютуқ чиққан ҳолда (бу ўртамчиларга боғлиқ эмас) лотерея коди учун ариза эгасидан катта миқдорда пул талаб қилган ҳолатлар ҳам бор.

АҚШнинг Green Card дастури 1990 йилдан бери амалда. Бу дастур асосида ҳар йили 55 мингга яқин муҳожир АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритади. АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден грин-карта ғолиблари сонини 80 мингтагача ошириш кераклигини айтгани маълум. Бу дастур давлат аҳолиси сонини бир маромда ушлаб туришга, яъни, кўплаб ғарб давлатларида юз бераётган демографик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган бир тадбир.

Ўзбекистон АҚШ визасини беришда рад жавобини энг кўп олаётган давлатлар қаторида. Масалан, АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, ўтган 2022 йилда сайёҳлик ва бизнес визалари учун мурожаат қилган ўзбекистонликнинг 47 фоиздан кўпроғи, яъни деярли ярми рад жавобини олган.

Шу сабабданми, кейинги йилларда АҚШга Мексика орқали ноқонуний киришга уринаётганлар орасида ўзбекистонликларнинг сони ортиб бормоқда.

 

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг