Аҳмад Яссавий қадамжолари бўйлаб…

Умумий тарихимиз, диний ва инсоний қадриятлар чегара билмаслигининг ёрқин рамзидир.

Танловга

Ўтган асрнинг 80-йиллари… Ўшанда талаба эдим. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил оларканмиз, биз, талабалар турли фанлар бўйича сабоқ бераётган профессор-ўқитувчилардан фанларга оид чуқур билимлар олар эдик. Очиғи, талабалар қизиққонлигимиз туфайли бўлса керак, ҳамма нарсани тезроқ билишга, ўрганишга интилардик.

Дарсдан бўш вақтларимизда эса курсдош йигит-қизлардан қизиқарли ва саргузаштга бой ҳамда тарихий воқеалар ҳақида кўпроқ эшитишни, эшитганларимизни ўз кўзимиз билан кўришни, идрок этишни истардик. Бу қизиқишлар бизни саёҳатга чорларди.

Собиқ шўролар даври эмасми, йўлкиралар арзон, боз устига талабалар учун қатор имтиёзлар мавжуд эди. Имкониятдан тўғри фойдаланган ҳолда ўқишдан бўш вақтларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига, қолаверса, қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон бўйлаб курсдошларникига саёҳатлар уюштирардик. Ўз навбатида курсдошларимиз Қирғизистонда ҳам бўлиб, жаннатмакон ўлкамизнинг хушманзара жойларини зиёрат қилишган.

Талабалик йилларимни эслашимдан мурод, “Қозоғистон хорижий оммавий ахборот воситалари нигоҳида” номли конкурсга қатнашишдир. Танлов Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Қозоғистон журналистлар уюшмаси, “Қозоғистон туризми Миллий корпорацияси” ҳамда Осиёдаги ҳамкорлик ва ишонч чора-тадбирлари бўйича кенгаш котибияти томонидан бир неча йилдан буён хорижий журналистлар учун ўтказилади.

Жорий йилда анъанавий 8-Халқаро ижодий танловга старт берилди.  Менда ҳам ана шу танловга қатнашиш истаги пайдо бўлди. 2014-йилдан буён давом этаётган танловга курсдошларим билан Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қадамжолари бўйлаб уюштирган саёҳатимиз ҳақида ёзишга қарор қилдим.

Кунларнинг бирида андижонлик дугонам Хўжа Аҳмад Яссавийнинг муридларидан, 100 ёш билан юзлашган нафаси ўткир Тўрам бобо ҳақида тўлқинланиб гапириб қолди. Унинг сўзлари шунақанги таъсирли эдики, фурсат бўлса ўша тобдаёқ  “Ширмонбулоқ қайдасан”, дея йўлга отлансак…

Ниҳоят, ҳафта тугаб, дам олиш кунида Ширмонбулоқни кўзлаб йўлга чиқдик. Тошкент – Жалолобод поездига ўтириб, чиптанинг ярим баҳосига Андижонга етиб келдик. Дугонамникида бир оз дам олган бўлдигу, қўшни маҳаллада яшовчи Тўрам буванинг зиёратига чиқдик. Бизни тўқсондан ошган онахон кутиб олди. Тўрам бобо олдимизга чиққунича онахон билан суҳбатлашиб ўтирдик. У биз билан суҳбатлашяптию, қўлидаги чок ишини давом эттирарди. Момо кўзойнаксиз, меҳнатдан қавариб, томирлари бўртиб чиққан қўлларидаги нинага ип ўтказиб, ишини давом эттирарди. Унга кўмаклашмоқчи бўлган қизларга момо табассум билан қараб, ёрдамини рад этди ва “Тўрамнинг хизматини қилиб савоб олишдан мени бебаҳра қўйманг, она қизим”, деди.

Унинг эътироф этишича, Тўрам бобо билан аҳил умр кечирганлар. Фарзандлар, набираю эваралар кўришган. Бироқ, у Тўрам бобога хизмат қилишни саодат деб билгани учун ҳеч қачон ақалли битта пайпоғини ҳам келин-қизларига ювдирмаган. Момонинг ҳикоя қилишича, Тўрам бобо Хўжа Аҳмад Яссавийнинг унга ихлос қўйган муридларидандир. Отахон болалигидан диний билим олган, Ислом динини мукаммал ўзлаштирган олим даражасидаги шахс эканлигини англаб етдик.

Унинг нафаси ўткир, авлиёсифат инсон, дея ихлос билан йўқлаб келувчи муридлари, ундан диний савод олган шогирдларининг саноғи чексиз. Отахон вақт топиб, тез-тез Қозоғистоннинг Сайрамига боришини ва устози Хўжа Аҳмад Яссавийнинг қабрини зиёрат қилишини маълум қилди.

Тўрам бобо ҳасса таянмай, тик қоматини ғоз тутганча, биз ўтирган хонага салом бериб кириб келди. Истиқболига ўрнимиздан туришга чоғланганимизда, қўллари билан “Ўтираверинглар” ишорасини қилди.

– Меҳмон келса бош устига, хуш кўрдик, она қизларим, – Тўрам бобо хушмуомалалик билан бизларга юзланди.

– Қизлар атай Тошкентдан сизнинг зиёратингизга келишибди, – деди момо.

– Яхши-да, яхши, дийдор насиб этган Аллоҳга ҳамд-санолар бўлсин, – дея Тўрам бобо дуога қўл очди.

Отахоннинг 100 ёш билан юзлашганига ҳалигача унчалик ишонмасдик. Юзидан нур ёғилиб турган отахоннинг бўйи узун, қотмадан келган, юзидаги оппоқ соқоли уни янада салобатли кўрсатарди. Фикримизни отахонга айтганимизда, мийиғида кулиб, “Аллоҳ умримни узоқ ва барокатли қилгани учун шукур. Бардамлигим ҳам Яратганнинг измида, сабабчиси устозим Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратларидир”, деди.

Изоҳлашича, отахон 90 ёшида қаттиқ касал бўлиб, ўрнидан туролмай ётиб қолган. Шифокорлар болаларига: “Умри оз қолган, тайёргарлик кўраверинглар”, дея тайинлашган. Унинг охирги нафасларини олаётганига амин бўлган фарзандлари, яқинлари, шогирдлари ҳамда муридлари бирон сония бўлса-да ёнидан жилмай  ўтиришарди. Бир ўзига келиб, бир ўзидан кетиб ётган Тўрам бобо ўзининг ишини давом эттиришни набираси Маъруфхонга топшириб, васият қилишга ҳам улгурган эди. Бироқ ўша оғир хаста ётган кунларнинг бирида ёнига Ҳазрати Аҳмад Яссавий келган.

– Бу нима ётиш, сенга ярашмайди бу ҳолатинг, – дея унга қўл узатган.

Табиийки, атрофдагилар жон олувчи фаришта билан суҳбатлашяпти, деб ўйлашиб қўрқиб кетишган. Тўрам бобо эса: “Қаршимда Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратлари турибди, мени ўрнимдан тур, деяпти”, – дейди ва секин ўрнидан туриб ёнидаги ҳассасини пайпаслаб излайди. Шунда устози ҳасса керак бўлмаслигини айтиб, қўлидан ушлашини буюради. Тўрам бобо ҳам яқиндан буён таяниб юрган ҳассага эҳтиёж сезмай, дадил ўрнидан туради ва устозини кузатиб қўйиш учун ташқарига юради.

Тўрам бобо ўша воқеа туфайли яна соғлом ҳаётга қайтгани учун Яратганга шукрона айтади. Бобонинг мўъжизавий ҳикоясидан сўнг Аҳмад Яссавий ҳақида билишни, у яшаган жойларни бориб кўришни ният қилдик. Қизлар билан сафар режаларини туздик. Унгача Аҳмад Яссавий ҳақида маълумотлар билан янада яқинроқ танишдик.

ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хўжа Аҳмад Яссавий 1105 йилда Сайрамда, Шайх Иброҳим оиласида дунёга келган. Унинг вафот этган вақти кўпгина қўлёзма манбаларда 1167 йил деб ёзилган.

Аҳмад ёшлигида онасидан, сўнг отасидан ажралади. Яссавий тарбияси билан опаси Гавҳар Шаҳноз машғул бўлади. Яссавий опаси билан Яссига кўчиб боргач, илк устози Арслонбоб билан учрашади ва ундан таҳсил олади («Етти ёшда Арслон бобом излаб топдим…»). Аҳмад дастлабки таълимотини Яссида машҳур олим Шаҳобиддин Исфижобийдан олади. Сўнгра бобоси Арслонбоб кўрсатмаси билан Бухорога бориб Юсуф Ҳамадонийдан таълим олади.

Аҳмад Яссавийнинг ўзи устоз Юсуф Ҳамадонийнинг ҳузурига 23 ёшда борганини ва ундан таҳсил олганлигини эътироф этади. Бухорода у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганади. Форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлиб, Юсуф Ҳамадоний муридлари қаторидан ўрин олади. Юсуф Ҳамадонийдан таҳсил олгач, сўнг Туркистонга қайтади ва ўз тариқатига асос солади. У ўзининг сўфийлик ғояларини элга етказишда шеъриятдан унумли фойдаланади. Яссавий ҳикматларининг аҳлоқий, фалсафий, илоҳий асослари тўғридан-тўғри Қуръони Карим ғоялари ва пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам тутган йўллари, Ҳадиси Шарифлари асосида шаклланади.

Аҳмад Яссавий ҳикматларида пайғамбаримиз таълимотида улуғланган маънавий-аҳлоқий хислатлар – мурувват, саховат, қаноат ва ростгўйлик тарғиб қилинади, билдирилаётган фикрлар кишиларни фақат Аллоҳга тобе бўлишга ундайди. Унинг ҳикматларида панд-насиҳат асосий ўрин тутади. Уларнинг барчасида сўфийлик тариқатининг амоллари – ҳақиқатни билиш мужассамлашган. Ҳақни севиш, нафсу дунёдан чекинишга даъват этувчи ғоялар ўз аксини топган. Инсон руҳи ва онгини ҳар қандай иллат, қабоҳатдан озод этиш керак, ана шундагина аҳлоқида кўзга ташланувчи айрим нуқсонлар юзага келмайди, деган фикрлар комил инсонни шакллантиришнинг асосий йўлларидан бири сифатида эътироф этилади.

У етти ёшида Арслонбоб ота билан учрашгани ҳақидаги ҳикоя болалигимиздан онгимизга шу қадар сингиб кетган эдики, таърифлашга тил ожиз. Чунки Арслонбоб қишлоғи Қирғизистонимизнинг жаннатмакон гўшаларидан бири эканлигидан фахрланар эдик. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг боғбони бўлган Арслонбоб ота омонат хурмони оғзида атайлаб Аҳмад Яссавий учун олиб юргани ҳақида момоларимиз жуда кўп ҳикоя қилиб берган.

Манбаларда ёзилишича, бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ёнларига саҳобаларини йиғиб, хурмо еб ўтиришса, бир хурмо идиш ичида тўхтамай айланармиш. Шунда саҳоба ва элчилар Пайғамбардан бу не каромат деб, сўрашибди. Пайғамбаримиз: “Кеча тунда тушимга бир улуғ авлиё, яъни Хўжа Аҳмад аён бўлди. У 400 йилдан сўнг дунёга келади. Шу хурмони улуғ авлиёга ким етказа олади?” – дейди. Саҳобалар: “Бу кўп умр, қандай бўлар экан”, – деб жавоб беришибди. Шунда Арслон бобо: “Ё Аллоҳнинг Росули, ушбу хурмони ул авлиёга мен етказаман. Менга Аллохдан узоқ умр сўраб беринг”, – дебди.

400 йилдан сўнг ўша улуғ авлиё Хўжа Аҳмад Яссавий дунёга келибди. Ота-онасиз қолгач, Арслонбоб ота ҳузурига боради ва уни кўрган Арслонбоб ота омонат хурмони эгасига беради. Бўлажак авлиё Пайғамбаримиз элчисини ўзига устоз этиб танлайди ва ундан ислом динини ўрганади. Тарихий манбаларни ўрганиш асносида шуни билдикки, Арслонбоб ота номли улуғ зиёратгоҳ Қирғизистонимизда ҳам, қўшни Қозоғистонда ҳам борлигига амин бўлдик.

Соҳибқирон Амир Темур пири муршиди Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг номини абадийлаштириш учун у мангу уйғуда ётган ерга мақбара бунёд этишни ният қилади. Шунда пири муршиди тушида аён бўлиб: “Аввал устозим Арслонбоб отага мақбара бунёд эт, кейин менга келарсан”, – дебди. Шундай қилиб, Амир Темур турли металлар қоришмасидан 40 қулоқли қозон ясатади ва усталарга таом тайёрлаб, аввал устозига, сўнг Аҳмад Яссавийга мақбара бунёд этади.

Дам олиш кунларида Тошкент шаҳридан унча олис бўлмаган, автобусларда ярим кун юриб, каромати зўр авлиё пири муршид зиёратгоҳига етиб борганимиздан роса қувонгандик. Ҳозир эса борди-келдилар янада осонлашган бир вақтда яна Сайрам қайдасан, дея сафарга отланишни ният қиляпмиз. Дарвоқе, Хўжа Аҳмад Яссавий зиёратига бораётган юртдошларимизнинг борлиги йўлларнинг равонлиги, қолаверса, мамлакатлар ўртасидаги чегаралардан ўтишда қийинчиликлар йўқлигидан далолатдир.

Раънохон МАМИТОВА,

Қирғизистон журналистлар уюшмаси аъзоси

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг