Марказий сайлов комиссияси икки Фарҳоднинг депутатлик мандатини бекор қилди

Агар бу қарорни суд қўлласа, Қирғизистон парламентида биттаям ўзбек қолмайди.

Эслатиб ўтамиз, бу масала ўтган йилнинг апрелида кўтарилиб, анчадан бери тилга олинмай келаётган эди. Лекин, 6 июль куни Сайлов ва референдум ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) йиғилишида “Альянс” партиясидан сайланган депутат Фарҳодбек Алимжонов ва “Ата-Журт – Қирғизистон” партиясидан сайланган Фархат Исмаиловни депутатлик мандатидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳар икки депутатнинг олий таълим ҳақидаги димломлари сохта деб топилган.

Халқ таълими вазири ўринбосари Уланбек Усековнинг айтишича, Алимжонов университетдаги битирув имтиҳонларида шахсан қатнашмаган. Бу вақтда у чет элда эди, лекин якуний баҳоларни олган. Таълим вазирлиги бу дипломларнинг қонунга зид равишда берилгани боис МСКга имтиҳонлар натижаларини бекор қилишни ва Фарҳодбек Алимжоновнинг Ўш давлат университети дипломини, шунингдек, Қирғизистон президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясида олган магистрлик даражасини олиб қўйишни таклиф қилган.

Фарҳодбек Алимжонов МСКнинг бу қарорини изоҳлар экан, бу кутилган ҳолат эканини айтган. Лекин бунинг сабабини айтмаган. Аммо ижтимоий тармоқларда бу қарорнинг Алимжоновнинг депутатлик фаолияти билан боғлиқлиги ҳақида таҳминлар айтилмоқда.  Депутат эса дипломларининг ҳақиқий эканини исботлаш ниятида.

“Дипломим бўйича айбловлар асоссиз. Мен ўз позициямни ҳимоя қиламан», – деб ёзди у Facebook тармоғидаги саҳифасида.

Фарҳодбек Алимжонов – бугунги Қирғизистон парламентидан жой олган ягона ўзбек ҳисобланади. Агар у судда ўзининг ҳақлигини исботлай олмаса, унда парламентда расмий маълумотларга кўра Қирғизистондаги салкам миллион кишилик ўзбек жамоатчилигидан бирорта депутат бўлмайди.

Вазир ўринбосари Уланбек Усеков депутат Фархат Исмаилов ҳам Жусуп Боласоғун номидаги Қирғизистон Миллий университетига ўқишга топширмаганини, унинг ушбу ўқув жойидан олган бакалавр ва магистрлик даражасидаги икки дипломи ҳам яроқсиз деб топилганини билдирди.

Исмаиловга диплом берилмаганини Қирғизистон Миллий университетдан ўтган йили тасдиқлашган. Уларнинг маълумотига кўра, Исмаилов 2006 йилдаги бухгалтерия ҳисоби ва аудит ихтисослиги бўйича талабалар рўйхатида йўқ.

Президент Садир Жапаровнинг топшириғига кўра, ўтган йилнинг март ойидан бошлаб Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) барча мансабдор шахсларнинг дипломлари ва қўш фуқаролигини текшира бошлаган. Чунки сўнгги йилларда сохта диплом эгалари тез-тез аниқлана бошлаган эди.

Махсус хизматдан сохта диплом энг кўп берилган ўқув жой қатори Қирғизистон Миллий университети деб гумон қилинишини билдиришган.

Фарходбек Алимжонов Марказий сайлов комиссиясининг қарори бўйича “Озодлик”нинг қирғиз хизматига изоҳ берди. У 6 июль куни Қора-Сув туманида одамлар билан учрашаётганини айтиб, ўқишни тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни қонуний равишда олганини айтди.

Жўғўрқу Кенешнинг расмий сайтида Фархат Исмаиловнинг 2000-йилда Қирғизистон Миллий университетини, сўнгра Юридик академияни, Фарҳодбек Алимжоновнинг эса 2016 йилда Ўш давлат университетини, 2018 йилда президент ҳузуридаги Бошқарув академиясини тамомлагани қайд этилган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг