Ўт билан ўйнашганлар: Швецияда яна Қуръони Каримни ҳақорат қилишди

Бу акцияга рухсат бериб, қўллаганларни ё хаста экани, ё ақлдан озганини билиб бўлмайди.

Ислом терроризми ҳақида бўҳтон ўйлаб топиб сафсата тарқатишдан зерикмаган ғарбда охирги пайтларда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбарини ва унинг улуғ Каломи бўлган Қуръони Каримни ҳақоратлаб, таҳқирлашга интилиш ҳоллари тез-тез ўрин ола бошлади.

Куни кеча Швецияда яна ислом олами учун муқаддас бўлган Қуръони Карим китобини ёқишди. Бу гал ушбу иғволи ҳаракат 37 ёшли ироқлик қочқин, ўзининг атеистлигини очиқлаган Салван Момика томонидан амалга оширилди.

Ироқ ҳукумати унинг ҳаракатини ирқчилик деб атади. Саудия Арабистони, Эрон, Марокаш, Туркия ва бошқа ислом давлатлари араб йигитининг бу ишини кескин қоралаб чиқишди.

Момика Қуръони Карим нусхасини Стокҳолмдаги бош масжид олдида, Ислом оламининг муқаддас байрами – Қурбон ҳайитининг биринчи куни ёқди. Интернетда тарқалган видеода атеистнинг муқаддас Китобни ерга уриб, оёғи билан тепалаганини ҳам кўриш мумкин. Маҳаллий полиция араб йигитнинг бу акциясидан кейин тўқнашув келиб чиқишига тайёргарлик кўрган, лекин фитначига тажовуз қилишга уринган киши бўлмаган.

Ироқлик араб нега бундай қилганини аниқроқ тушунтириб бера олмаган. Эҳтимол, бу қалтис йўл билан шунчаки ном чиқармоқчи бўлгандир?

У ушбу акцияси билан Швецияга зарар етказишни истамаслигини айтган. Момика Швециянинг НАТОга киришига қарши саботаж қилмоқчи эмаслиги, акция ўтказишдан аввал бу масала ҳал бўлишини кутмоқчи бўлганини ҳам айтди. Ироқлик қочоқ бу акцияни апрел ойида ўтказмоқчи бўлган, кейин эса вақт ўтишини кутган.

Ироқ ҳукумати бу иғволи ҳаракатлар экстремистик кайфиятдаги руҳий носоғлом одамлар томонидан амалга оширилишига эътибор қаратган.

«Бу сўз эркинлигига зид бўлган агрессия ва нафратни ифодаловчи ҳаракатдир. Бошқа инсонларнинг қадриятларини ҳурматсиз қиладиган бундай шармандали ҳаракатлар шубҳасиз қораланади», дейилади расмий Бағдод баёнотида.

Чиндан ҳам сўз эркинлигидек муҳим қадрият, умуминсоний ҳуқуқни рўкач қилиб, миллиарддан ортиқ инсон ўзининг муқаддас неъмати деб билган нарсани беҳурмат қилиш, тахқирлаш, бу билан ўз ҳаётини хавф остига қўйиш ақл эгасининг иши эмас. Айниқса, мусулмонлар давлатида яшаб келган одам, бу ҳаракатининг оқибатларини яхши тасаввур қилиши керак эди.

Ҳали бу дунё Францияда кўп огоҳлантиришларга қарамай, пайғамбар Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васалламга шармандали карикатуралар чизиб, қайта-қайта нашр қилган ва оқибатда ўз иш жойларида қириб ташланган “сўз эркинлиги” тарафдорларини унутган бўлмаса керак.

Расмий Теҳрон (Эрон) Швеция пойтахтида Қуръон нусхаси ёқилишини “оқибати ўйланмаган иғволи ҳаракат” деб атаган.

«Эрон Ислом Республикаси ҳукумати, эронликлар бундай ҳақоратомуз ҳаракатларга тоқат қилмайди ва бу ишни кескин қоралайди. Швеция ҳукумати қадриятларни ҳақорат қилишдек бундай ишлар такрорланишига йўл қўймаслигини кутяпмиз», деди Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Каноний.

Марокаш давлати ўзининг Швециядаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олди. Швециянинг Марокашдаги элчиси эса норозилик билдириш учун ТИВга чақирилди.

«Маккада ҳаж амаллари бажарилаётган ва Ислом олами учун муқаддас байрам нишонланаётган вақтда амалга оширилган ушбу ҳаракат миллиардлаб мусулмонларни ҳақорат қилиш ҳисобланади», дейилади Работнинг расмий баёнотида.

Марокаш томонининг норозилигида бундай иғволар Швеция ҳукуматининг рухсати билан амалга оширилганига эътибор қаратилган.

Кимга фойда, кимга зарар?

Аввалига Швеция полицияси жамоат тартиби бузилиши мумкинлигини инобатга олиб, бу  акцияга рухсат бермаганди. Аммо ташкилотчилар судга мурожаат қилиб, ҳакамлар даъвони қаноатлантиргач, икки ҳафта ўтиб полиция ушбу акцияни ўтказишга рухсат берди.

«Юзага келиши мумкин бўлган хавф амалдаги қонунчиликка кўра [Қуръонни ёқиш акциясини ўтказиш ҳақидаги] сўровни рад этадиган даражада эмасди», дейилади Швеция полицияси хабарида. Аммо худди шундай акция январ ойида Туркия элчихонаси олдида амалга оширилгач, Стокҳолмда икки ҳафта давомида норозилик намойишлари ўтказилгани маълум.

Ўшанда даниялик ультраўнг сиёсатчи Расмус Палудан Туркиянинг Швециядаги элчихонаси олдида ўтказганди. Швеция полицияси унга Туркия элчихонаси олида акция ўтказишга қаршилик қилмаган, лекин Қуръонни ёқишга рухсат бермаган. Лекин Палудан одамлар йиғилган вақтда Қуръони Каримнинг нусхасини ёқиб юборган. Швеция ҳукумати Палуданнинг бу ҳаракатини қоралаган.

Кўп ўтмай Стокҳолм маъмурияти Туркия ва Эрон элчихонаси олдида худди шундай акция ўтказиш бўйича яна иккита ариза қабул қилган ва иккисини ҳам рад этган. Апрелда Палудан Швециянинг бошқа ҳудудларида ҳам шу ишини такрорлаш билан таҳдид қилгач, оммавий норозиликлар бошланиб, полиция билан тўқнашувларда 20 киши жароҳат олди, хусусан полициячилар ҳам.

Палуданнинг ҳаракати ҳам сабаб бўлиб, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швециянинг НАТОга киришини блоклаб қўйди. Аммо икки давлат ўртасидаги тушунмовчилик аввалроқ бошланганди. Гап шундаки, Швеция курдлар қаршилик ҳаракати етакчиларига сиёсий бошпана берган. Туркия ва хусусан Эрдўған эса уларни мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблайди.

Расмус Палуданнинг ўша иғволи ҳаракатидан кейин Ислом мамлакатларида Швеция маҳсулотларини тақиқлаш каби турли норозилик амаллари кучайган.

Швеция ҳам бошқа ғарб давлатлари каби сўз ва фикр эркинлиги каби демократик қадриятларни рўкач қилиб, мусулмонларнинг жиғига тегиш қанчалик қимматга тушишини ўйламаяпти чоғи. Гўёки сўз эркинлигини намойиш қилиш учун бошқа усуллар қуриб қолганидек.

Мусулмонларнинг муносабати

Швецияда 2007 йилдан бери яшаб келаётган ўшлик ўзбек зиёлиси Муқим Маҳмуд бу ишдан дили жуда қаттиқ оғриганини, йиғлагани ва кўп-кўп ибодат қилганини, Аллоҳга нола қилганини айтади.

“… Улар оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўляптилар. Улар ҳамма имкониятларини, ҳамма янги қуролларини, ҳамма бойликларини ишга солганда ҳам бу ишнинг уддасидан ҳеч қачон чиқа олмайдилар. Чарақлаб турган қуёш нурини оғиз билан пуфлаб ўчиришга интилиш кулгили эмасми?!” – дейди у.

Лекин Муқим Маҳмуд бу ишга қарши бевосита бир иш қилиш ниятида ҳам эмас. Чунки ҳақоратга ҳақорат билан жавоб беришни маъқул кўрмайди.

“Айни пайтда қўл қовуштириб ҳам турмайман. Болаларимни Исломни янада яхшироқ танитишга, уларнинг эътиқоди устида янада кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан”, – дейди суҳбатдошимиз.

Биз бўлиб ўтган воқеа хусусида диндошларимизнинг фикрларини сўрадик.

Яна бир ўшлик диндошимиз Акмал Артиқовнинг фикрича, динимиз душманлари Қуръонни минг марталаб ёқишса ҳам Ислом динига заррача зиён етказишолмайди, лекин бунга жавоб сифатида фақат зўравонликни келтириб чиқаради.

“Швеция аҳолиси ичида 1-2 та аҳмоқлар бўлса, давлат бунга қараб турмаслиги керак эди. Миллиардлаган мусулмонларнинг диний хиссиётлари билан ўйнашиш фақат қаршилик, зўравонлик ва бегуноҳ одамлар учун ҳавф уйғотади, холос”, дейди у.

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида яшовчи Нодира бу акциянинг миллатлар ва динлар ўртасига низо солиш эканини таъкидлайди.

“Ҳеч қайси дин бошқа бир динни камситишни, уни оёқости қилишни оқламайди, – дейди у. – Бу бошқа бир динни тахқирлашдир! Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Соғлом фикрли инсон  буни ҳеч қачон қилмайди”.

Нодиранинг фикрича, бу каби иғволар ортида аслида сиёсий жирканч мақсадлар ётади. Бу фитнани уюштирувчилар мусулмонлар учун Қуръоннинг қанчалик муқаддаслигини билишади ва шу орқали уларнинг ғазабини қўзитиб, улардан жавоб кутади. Жавобини олгач эса, яна мусулмонларни ёмонотлиқ қилишади. Оқибатда бу катта низоларга, бора-бора динлар ва миллатлар ўртасидаги урушга айланиб кетиши ҳеч гап эмас.

Ўшлик Отабек Алимов мусулмонларнинг бошқа дин вакилларини беҳурмат қилмасликларини эслатади. У мусулмонларнинг Инжил, Таврот ва Забурни илоҳий китоб деб эътиқод қилишини, Ислом аҳли уларни ҳеч қачон беҳурмат қилмаслигини айтади.

“Сўз эркинлиги деб, бошқа дин шиорларини, асарларини ҳурматсизлик қилиш билан инсон камолотга етолмайди. Сўз эркинлиги бор нарса, лекин унинг ҳад, чегаралари бор. Аллоҳнинг ҳадларига етганда [ҳар ишда] тўхтаймиз…”, – дейди у.

Алимовнинг фикрича, ўзгалар Қуръонни ўз ғофиллиги, бехабарлиги учун тахқирлашаётган бўлса, мусулмонлар Қуръонга аллақачон ҳурматсизлик қилиб келяпти.

“Очиғини айтиш керак. Мен Қуръондан ошиб борса, 15 сурани ёддан биламан. Мутолаа қилмайман. Уйимда меҳробда чанг босиб туради холос. Атрофимдагилар ҳам шундай. Ойда, йилда бир ўқилади. Биз ўзимиз билиб туриб, Қуръонимизни тарк этиб қўйдик”, – дейди афсус билан суҳбатдошимиз.

Муқим Маҳмуд бу акциянинг мусулмонларга қарши тазйиқнинг бошланиш нуқтаси бўлиши мумкин, дея тахмин қилади. Яъни, айрим мусулмонлар бу ҳақоратга чидай олмай ёки нодонлик қилиб, қандайдир жиноят содир этсалар, шуни баҳона қилиб, мусулмонлар радикал бўлади, деган гапга оммани ишонтиришадида, кейин “қама-қамалар” ёки бошқа тазйиқлар кўпайиши мумкин.

Маълумки, бугунги кунда Ислом дунё бўйлаб фаол равишда тарқала бошлади. Айниқса, турли урушлар туфайли миллионлаб мусулмонларнинг қочоқ сифатида Европага бориб қолиши у ердаги айрим бошқа дин эгаларини, ҳатто сиёсатчиларни ҳам ташвишга солмоқда.

Қолаверса, бу ишни улар мусулмонларга нисбатан ҳасад туфайли қилаётган бўлишлари ҳам мумкин, дейди суҳбатдошимиз.

“Уларда ичкилик, гиёҳванд моддалар, ўғил-қизларнинг истаганча бузуқликлар қилишларига кенг йўл очиб берилиб турган бир пайтда, ёш мусулмонларнинг тонг саҳарда ширин уйқусини бузиб, намозга туриши, ўз динини ўрганишга маҳкам бел боғлаши, жиддий инсон бўлишга интилиши уларни безовта қилаётган бўлиши мумкин”, – дейди суҳбатдошимиз. – Лекин ташқаридан ёв бостириб келадиган бўлса, ўша жиддий инсонлар асқотишини унутиб қўйяптилар. Жипс жамиятни парчалаб, пароканда қилиб ташлашга уриняптилар. Бу ишнинг тўлови ҳали жуда улкан бўлади, деб ўйлайман”.

Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг