ДАВР ЖАРЧИСИ
Юқори синфларда бадиий адабиётларни қизиқиб ўқирдик. Бу эса тафаккурни ўстириб, билим доирасининг тобора кенгайишига олиб келди. Мактаб деворий газеталари қаламни чархлашда муҳим восита бўлди. Ҳаваскор сифатида шеърлар, мақолалар ёзиб, республика “Қирғизистон ҳақиқати” (кейин “Ленин йўли”, ҳозир “Ўш садоси”) газеталарида қатнаша бошладик. Дастлаб бу касбнинг машаққатлари унчалик сезилмайди. Кичик мақолалар остида ўз номингизни кўришнинг ўзи бир олам қувонч. Бора-бора газета-журналларни мутолаа қилиб, ўшалардек ёзишга интиламиз. Иттифоқ даврида ҳар бир каттаю кичик хабаримизга яхшигина гонорар тўлаган. Моддий манфаатдорлик ҳам ғайратни оширган, ижодга қанот бўлган.
Мендек оддий ўқитувчининг журналистика соҳасига кириб келишига ўтган асрнинг иккинчи ярмида узлуксиз 27 йил “Ленин йўли” газетасига муҳаррирлик қилган раҳматли Одилжон Обидов сабаб бўлган. Қишлоқ жойда яшаб, кўп ҳолда колхоз-совхозлар, катта-кичик корхона, ташкилотлар иши ҳақида битилган кўламли мақолалар билан қатнашиб турсам ҳам, газета қозонида қайнамаган эдим. “Ленин йўли” газетасида қарийб 15 йилча ишлаб Абдуқаҳҳор Маноннов, Талъат Солиев, Омонбой Сотволдиев, Турсунбой Адашбоев, Раъно Сарибоева, Муҳаммаджон Ўринбоев каби қалами ўткир журналистлардан кўп нарса ўргандим.
Журналист олқиш ҳам олар экан дўстлар, гоҳо қарғиш ҳам.
Ўтган асрнинг 80-йиллари маҳалламиз оқсоқоллари кўчада чироқлар ёнмаётгани, кўча лой-ботқоқлиги, водопроводдан сув келмай қўйгани ҳақида газетага ёзишни илтимос қилишди. Мен эса аввал раисга айтинглар, шикоят ёзиб киринглар, дедим. Улар эса “Раисга айтиб чарчадик, юқорироққа ёз” дейишди. Шунда мен уларнинг менга ишончини сўндирмаслик учун “Район ижрокўмига ариза ёзиб бераман, ўзинглар кириб, дардингларни айтинглар, агар чора кўришмаса, мен газетага танқидий мақола ёзаман”, дедим. Ўн чоғли оқсоқол аризани олиб райижроқўм раиси О. Тожибоев ҳузурига киради. У аризани олиб оқсоқолларни тинчлантиради. Бу воқеа қиш ойлари бошида бўлган. Шундан сўнг раис мени кўрса тескари қараб кетадиган бўлди. Келаси йили баҳорнинг илк кунларида колхозчиларнинг йиллик ҳисобот мажлиси бўлади. У пайтлар колхозда радиоузел ишлаб мажлисдаги барча гап хонадонларга етиб борган. Мен ўша кунлари Олабуқа туманига командировкага кетиб, мажлисдан кейин келсам, қўни-қўшнилар “Раис мажлисда сени ёзувчи, туҳматчи, иғвогар, деб устингдан роса мағзава тўкди” деб қолишди. Бу ҳолдан ғазабланиб раис ҳузурига кирдим. У ўрнидан турмаган ҳолда “Нега бизни нотўғри ёзиб бердинг райсоветга” деди. Кейин билсам раис умумий мажлисдан бир ҳафта аввал кўчага шағал тўкдирибди, симёғочларга лампочка қўйилибди, водопроводдан сувлар чиқибди. Ахир оқсоқоллар аризани тўрт ой аввал ёзишганди, нега ўша пайтда бу иш қилинмади. Умумий йиғилиш олдидан мени ёмонлаш ва раҳбарларга ўзини яхши кўрсатиш учун шундай қилган бўлса керак.
Мени яна бир нарса ҳайратга солди. Ўша колхозчилар умумий йиғилишида аризага қўл қўйган 23 нафар колхозчининг кўпчилиги ўтирган экан-у, нега улар биз тўғри шикоят қилганмиз, Абдумажидовни айблаш хато, деб дадил чиқиб айта олмаган? Бу ҳолат менинг одамларга ишончимни сўндирди. Улар мухбирни гиз-гизлаб ўзларини оппоқ қилиб кўрсатганлар. Шундан сўнг мен муҳарриримиз О.Обидовга раис устидан шикоят қилдим. Муҳаррир зудлик билан районга келиб, райкомнинг биринчи котибига аҳволни тушунтирган. Биринчи котиб раисни аччиқ сўзлар билан дурустгина “сийлаган” чоғи. Шундан сўнг раиснинг журналистларга муносабати ижобий томонга ўзгара бошлади.
Журналист ёзган мақоласининг ҳар бир сўзи, ҳар бир сатри учун жавобгар. Шу боис ҳам қўлига қалам олган ижодкор ёритадиган мавзусига синчковлик билан қараши, воқеа тафсилотларини эринмай ўрганиши, ишончли дадиллар келтириши талаб этилади. Сабаби, оммавий ахборот воситасида чиққан мақолани минглаб одамлар ўқийди, у эл тилига тушади. Шўролар даврида ҳам, ҳозир ҳам ўзини билимдон, кўпни билган, кўп ўқиган одам қилиб кўрсатган раҳбарлар ёки оддий одамлар танқидни тўғри қабул қилмайди. Улар фош бўлишдан чўчийдилар. Чунки ҳақиқатни ёмон кўрадиганлар, уни дадил айтадиганларни ҳам ёмон кўрадилар. Уларга ҳар қандай тўғри сўз ҳам, қанчалик мулойим айтилмасин, оғир ботади.
Энди, совет даврида журналистнинг қадр-қиммати, ҳурмати катта эди. Газета жамиятнинг ўткир қуроли саналарди эди. Чоп этилган каттаю кичик танқидий мақола, очерк, фелъетонлар партком, райком, обком бюроларида муҳокама қилинар ва айбдорларга нисбатан чоралар кўриларди. Газета – ҳаёт кўзгуси, қудратли куч эди. У маърифат, маданиятимизни бойитувчи, кишилар дунёқарашини кенгайтирувчи зарур маънавий бойлик ҳисобланган.
Республикамиз мустақилликка юз тутгач, журналистлар, барча қалам соҳибларини ҳимоя қилувчи ва шу билан унга катта масъулият юкловчи қонун ва қарорлар чиқарилган. “Оммавий ахборот воситалари ҳақида” Қирғиз Республикаси қонуни, “Маълумотларни эркин олиш ва унинг кафолатлилиги”, “Журналистнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш ҳақида” республика қонунлари ана шулар жумласидандир. Бу муҳим ҳужжатлар матбуот эркинлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, истиқлол туфайли газета саҳифалари, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда юртимиз, халқимизнинг бугунги иши ва келажаги ҳақида қандай фикр билдириш, қанақа ёзиш ўзимизга боғлиқ бўлиб қолди.
Жалолобод вилоятининг “Жалал-Абад тонги” газетаси ижодкорлари 33 йилдан буён имкон қадар ўз мухлисларига, халқига жаҳонда рўй бераётган аҳвол, мустақил давлатимиз йўлидаги муаммолар, ютуқлар тўғрисида ахборотлар етказиб турган эди. Афсуски, ўтган йилдан буён Ҳукумат қарори билан бу каби ахборот воситалари хўжалик ҳисобига ўтказилгач, газета ўз харажатини қоплай олмай қолди ва чиқиши тўхтади. Агар Жалолобод вилоятида яшаган 300 мингга яқин миллатдошларимизнинг кўпчилиги вилоятдаги ягона ўзбек тилидаги газетани қўллаб-қувватлашни, хатто 5-10 фоизи шу газетага обуна бўлиб қўйишни хаёлларига келтирмайди.
Журналистика – даврнинг қон томири. Биз журналистлар ҳукм чиқармаймиз, фармон бермаймиз, қарорларга имзо чекмаймиз, қонунларни тасдиқламаймиз. Аммо бу касб соҳиблари ҳамма жойни кўришга, боришга, аҳволни ҳаққоний ёритишга, ҳолатни теран ўрганишга даъват этилган. Биз давлатнинг, қонунчилик, ижрочилик, суд органларининг самарали ишлашига кўмаклашамиз.
Ўзига юкланган масъулиятли вазифани адо этмоқчи бўлган журналистнинг билим доираси теран бўлмоғи, у ҳамма касбларнинг сир-синоатини, моҳиятини ўзлаштирмоғи ва бу йўналишда ўқиб-ўрганишдан, ўргатишдан чарчамаслиги керак.
Журналистика – давр ходими, журналист эса давримиз тарихини ёзувчи солномачисидир.
7-ноябрь – Қирғиз Республикасида матбуот куни.
Ҳурматли касбдошлар! Яқинлашиб келаётган касб байрамингиз билан барча журналистларни, жамоатчи фаолларни чин юракдан қутлаймиз ва демократиянинг олдинги сафларида бўлишингизга тилакдошмиз.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ.