Буни Қирғизистон дейдилар: Баҳс ва ҳайратларга сабаб бўлган эртак шаҳри

Иссиқкўл бўйида замонавий Осмон шаҳри қурилишига расмий старт берилди. Лекин…

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Иссиқкўл соҳилида қурилиши режалаштирилган Асман (Осмон) шаҳри қурилиши бошланишининг рамзи сифатида қурилиш майдочасига капсула қўйди.

Давлат раҳбари нутқ сўзлаб, шаҳар Қирғизистоннинг туристик ва сармоявий жозибадорлигини ошириши, шунингдек, халқаро миқёсдаги молиявий марказга айланишини таъкидлади.

“Агар шаҳар қурилиши тугалланиб, фойдаланишга топширилса, бугунги кунда Қумтўр (Қирғизистондаги энг йирик олтин кони. – таҳр.) давлат иқтисодиётини илгари сураётгани каби бу шаҳар ҳам иқтисодиётни олдинга тортади”, – деди Жапаров.

Битказилишига кўпчиликда шубҳа уйғотган, замонавий экологик тоза технологиялар асосида барпо этиладиган бу афсонавий шаҳарда 500-700 кишининг яшаши режалаштирилган.

Тақдимот видеосидаги маълумотларга кўра, лойиҳага кўра “Асман” тўрт секторга бўлинган:

Биринчиси, “смарт” (ақлли. – инглизча) — бу ерда мактаблар, коллежлар, масжидлар, яшил технологиялар, электромобилларни қувватлантириш станциялари, автоматлаштирилган тўхташ жойлари ва бошқа инфратузилма объектлари жойлашган.

Иккинчиси, спорт – турли спорт турлари билан шуғулланиш учун спорт майдончалари, ёпиқ футбол стадиони ва гольф майдони қуриш режалаштирилган.

Учинчиси, тижорат –  бу ерда банклар ва рақамли усулда ишловчи компаниялар учун идоралар бўлади. Бундан ташқари, шаҳарнинг ушбу қисмида халқаро компанияларнинг ваколатхоналари ташкил этилади. Бу ерда экспорт-импорт операциялари ҳам амалга оширилади.

Тўртинчиси қисмда эса, ўйин-кулги иншоотлари, савдо марказлари, меҳмонхоналар, казино ва ҳашаматли автосалонларнинг кўргазма заллари бўлади.

Шаҳар қурувчи компаниялар вакилларининг айтишича, Асман шаҳрида дунёдаги энг катта масжид, ислом музейи, йирик университетлар ва ҳатто тезюрар поезд ҳаракатини йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, Голливуд ва Болливуд юлдузлари таклиф қилинадиган фильмларни суратга олиш учун киноқишлоқ қуриш ҳам режалаштирилган.

Ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмайдиган бу қадар замонавий ва кўп функцияли шаҳар қурилишини 7-10 йил ичида якунлаш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 20 миллиард долларга яқин маблағ керак бўлади.

Кўз қўрқоқ, қўл ботирми?

Бу шаҳарни қуриш ҳақида гап очилгандан бери жамиятда қизғин мунозара ва баҳслар тўхтамай келади. Айримлар унинг Иссиқкўлдаги экологияга салбий таъсир қилишидан хавотир билдирса, бошқалар умуман бу қадар йирик лойиҳанинг амалга ошишига ишонмайди.

Гап шундаки, тоғлик жойда, денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда жойлашган Иссиқкўлга ўнлаб  сой ва ирмоқлар қуйилсада, бирор жойдан сув оқиб чиқмайди. Асман эса, табиийки, кўлдан юқорироқда қурилади. Камида ярим миллион кишилик шаҳарнинг чиқинди ва оқинди сувлари қаерга тушиши ҳали аниқ эмас. Шу сабабли бир қатор эколог ва урбанистлар ноёб кўл қирғоғида бундай шаҳар қуриш жуда пухта ҳисоб-китобларни талаб этиши, акс ҳолда Иссиқкўл суви ифлосланиб, ботқоқликка айланишидан огоҳлантирди.

Бошқалар пойтахт Бишкекни турли муаммолар қийнаётган (шаҳар ҳавоси ифлослиги бўйича доимо дунёдаги энг «илғор» шаҳарлар сафида, бу йил бунга сувсизлик қўшилди) пайтда Асман шаҳрига сарфланадиган маблағни Бишкекка бериш керак, деганлар ҳам бор.

Журналист Лейла Саралаева лойиҳанинг ашаддий душмани ва ўзига ўхшаганларнинг кам эмаслигини даъво қилади. У ижтимоий тармоқларда шаҳар қурилишини қаттиқ танқид остига олиб, мамлакатда капсулалар қўйилаверади, лекин бирорта иншоот охирига етказиб қурилмаганини айтади. Унинг фикрича, бу лойиҳа – сароб ва амалдорлар унга бўлинган пулни еб тугатишади, бу қурилишдан халқ фақат ютқазади.

“Ўйлайманки, қирғиз ерларини тарқатиш билан боғлиқ тартибсизликларга барҳам бериш керак. бу жуда ёмон йўл, бу ҳолда кетсак, биз ўз мамлакатимиздан маҳрум бўламиз!” – деб ёзади Саралаева.

Бошқа бир таниқли журналист Екатерина Ивашенко Асман шаҳрини яқинда Туркманистонда катта шов-шув билан очилган Арқадағ шаҳри билан солиштирган. Туркманистон раҳбари шарафига қурилаётган шаҳар пойтахт Ашхободдан 30 километр оралиқда, майдони 900 гектар, аҳолиси 70 минг киши, баҳоси 5 миллиард доллар, ўтган йили қуриб битказилиши ваъда қилинган шаҳарнинг бир қисми энди топширилди.

Айримлар лойиҳа муаллифларини айрим ғоя ва фикрларни бошқа лойиҳалардан ўғирлаб олганликда айблаган. Шу билан бирга бу лойиҳани олқишлаб, шаҳарнинг қурилишини мамлакатдаги энг йирик ютуқ ва олға силжиш сифатида баҳолаганлар ҳам талайгина. Аслида ҳам бугунги кунда инсофли, ўз ишини яхши билган саромоядорларни топиб, улар билан тўғри музокара юритиб, ақл билан, фойдали шартномалар имзолай билсангиз, бунақа шаҳарлардан бир нечтасини қуриш мумкин.

Асман шаҳри пойтахт Бишкекдан 220 чақирим олисда, майдони 4,015 гектар, аҳолиси 500-700 минг киши, баҳоси 20 миллиард доллар. у ҳам шаҳарнинг режалаштирилган вақтда қуриб битказилишига шубҳа билдириб, шаҳарнинг битиши ваъда қилинаётган 2030 йил ҳам узоқ эмаслигини эслатади.

Капсула қўйиш маросимида Садир Жапаров шаҳар қурилишига бюджетдан бир тийин ҳам сарфланмаслиги ва қурилиш фақат сармоячилар ҳисобидан битишини таъкидлади.

Лойиҳа муаллифи, “Асман” экошаҳарини қуриш давлат дирекцияси раҳбари Руслан Акматалиевнинг айтишича, шаҳардаги биринчи объект қурилишини Жанубий Кореянинг Promise Land компанияси бошлайди. Унинг айтишича, компания билан 1 миллиард долларлик шартнома имзоланган. Promise Land жами 10 миллиард доллар сармоя киритишга тайёр.

Компания 30 000 та уй-жой қуришни режалаштирмоқда, улар таркибига террасали “элита” уйлари, 10 ва 30 қаватли турар-жой ва савдо мажмуалари, шунингдек, бошқа турдаги уй-жойлар киради.

Қурилишда иштирок этишга қизиққан чет эл компаниялари оз эмас, лекин ҳозирча уларнинг номлари тўла маълум қилинмаган. Улар орасида араб давлатлари, Ҳиндистон, Япония, Гонконг ва Нидерландия сармоядорлари иштирок этиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ақматалиевнинг сўзларига кўра, айни пайтда бир қанча йирик сармоядорлар билан музокаралар олиб борилмоқда. У Асман шаҳрининг қурилиш лойиҳасини амалга оширишдан сармоядорлар қанчалик кўп манфаатдор бўлса, унинг қурилиши шунчалик тез якунланади. Яъни, қурилган биноларни тасарруф қилишда уларнинг ҳуқуқлари кўпроқ бўлади. Аниқроғи, улар ўзлари қурган иншоотларга эгалик қилишади.

Қурилган уйларнинг 10 фоизи Қирғизистон томонига берилиши ва аҳолига ипотека асосида сотилиши тахмин қилинмоқда. Лойиҳа муаллифи Руслан Ақматалиевнинг ҳисоб-китобларига кўра, қурилган ва сотилган уйлардан тушган даромаднинг 5 фоизи Қирғизистон бюджетига тушади.

Асман Қирғизистонга ва аҳолига нима беради?

Шаҳарни Иссиқкўлнинг шимолий томонидаги Чирпиқти қишлоғида қуриш режалаштирилган. Бу ердан Бишкеккача 220 километр бўлса, энг яқин халқаро “Тамчи” аэропортигача 12 км холос. Қурилиш режалаштирилган ер шундоққина кўл қирғоғида, ҳозирда у ерда тоғ яйловлари, олма-ўрик экиладиган майдонлар мавжуд. Бугунгача режадаги 4,014 гектарнинг 3 минг 300 гектарга яқини қурилиш учун трансформация қилинган.

Бу ҳудуддан жами 125 нафар фуқаро ер олиб, ўзлаштирган. Уларнинг сўзларига кўра, Қурманбек Бакиев президентлиги даврида уларга ким қақраган ерни 10 йилда ўзлаштира олса, унга қизил китоб (яъни, ерга тўла эгалик ҳуқуқи. – таҳр.) берилади, деган ваъдалар берилган. Энди эса, бу ерлар ҳам лойиҳага киритилилган. Асман қурилиши дирекцияси уларга сармоядорлар томонидан компенсация тўлаб берилишини ваъда қилди.

Экологик янги шаҳар Бишкекнинг бандлик муаммосини ҳал қилишга ва ҳозирда ҳувиллаб қолган Балиқчи шаҳрида тўхтаб қолган саноат корхоналарини жонлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Шаҳар қурилишида ва қурилган шаҳарнинг турли корхона ва муассаларида минглаб иш ўринлари очилиши кутилмоқда.

Амалда, расмийлар ваъда қилаётганидек, янги шаҳар пойтахт Бишкек билан бир қаторда йирик молиявий-иқтисодий шаҳар бўлиб, давлатга сармоялар тортиш ва минтақанинг ривожланишига катта ҳисса қўшиши керак.

Тимур Файзиев қаерда?

Аввалига Асман шаҳри қурилиши давлат дирекцияси бош директори этиб, 43 ёшли жалолободлик тадбиркор, Elite House қурилиш компанияси эгаси Тимур Файзиев 2022 йилнинг январь ойида тайинланган. Бу ҳам жамиятда турли саволлар пайдо қилди. Чунки бунга қадар у коррупцияда айбланиб, унга нисбатан жиноий иш очилган эди.

Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров Файзиевнинг Асман шаҳри қурилиши дирекцияси раҳбари этиб тайинланишига изоҳ берар экан, тадбиркорни мафкуравий шахс сифатида узоқ йиллардан бери билишини айтганди.

“Агар суд уни халқ манфаатларига зарар етказганликда айбдор деб топса, у қамоққа олинган бўларди. Биз қурилишнинг биринчи босқичига қадам қўйдик, менимча, Файзиев бунинг уддасидан чиқади, унинг кучи, ақл-заковати, имкониятлари бор. Биз унинг нафақат уй қуриш ва сотишдаги иқтидорини рўёбга чиқаришини, балки давлатга ёрдам беришини ҳам истаймиз. Файзиев ўзининг миллион долларларини сармоя қилиб, архитекторлар, муҳандислар, геодезиячиларни ёллаб, бош режа устида ишламоқда”, – деган эди бош вазир.

Аммо кўп вақт ўтмасдан ўша йилнинг апрель ойида Темур Файзиев ўрнига Руслан Ақматалиев тайинланган. Ақматалиев Асман шаҳри қурилиши ғоясининг муаллиф бўлиб, кўп йиллардан бери бу лойиҳани олга суриб келаётган ва Файзиев лойиҳа раҳбари этиб тайинланганидан норози бўлган эди.

Уддабурон ишбилармон, бизнес-тренер сифатида шуҳрат қозонган Тимур Файзиев тез орада лойиҳани кенг тарғиб қилиб, чет элларда тақдимотини уюштирди ва кўплаб сармоячиларни бу ғоя атрофига тўплади.

Файзиев давлат ҳисобига 2 миллион доллар ўтказиб бергач, 2021 йилнинг июлида унга нисбатан жиноий иш ёпилди. Бу иш билан боғлиқ саволлар очиқлигича қолиб кетди. Жумладан, қандай қилиб давлат лавозимида ишламаган одамни коррупцияда айблаш мумкинлиги масаласи.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг