ЎШ ТЕАТРИ ВА ШУ БАҲОНА…

Қирғизистондаги ватандошлар ҳақидаги ғамхўрликни янги, амалий даражага кўтариш вақти келди.

Ўшда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номида театр бор. Ўзбек мусиқали академик драма театри. Марказий Осиёда Ўзбекистон миллий театридан сал кейин очилган, холос. Тарихи ҳам қарийб юз ўн йил аввалдан бошланади: 1914 йилда ўшлик зиёлилар саҳна труппаси тузишган, 1918 йилдан бу гуруҳ профессионал театрга айланган.

Ўшда ўз уйида биринчи оммавий кутубхона очган маърифатпарвар Абдуқодир Тулуъ домла бу театрда узоқ йиллар суфлёрлик қилган, Жўрахон Зайнобиддинов, Раҳмонберди Мадазимов каби театр асосчилари бу ёш маърифат даргоҳига томоша қўйиш учун уйларидан кўрпа-тўшак, сўзаналар олиб келиб, саҳнани жонлантиришган, азбаройи фидойиликдан, ҳали аёл актёрлар йўқ бўлганидан, тўғри келса, хотин-қизлар ролида ҳам саҳнага чиқишган…

Бу даргоҳда талай улуғ санъаткорларнинг умри ўтди, Ўш театри юксак профессионализми билан бутун Ўрта Осиёда машҳур бўлди.

Яна бир жиҳати, Ўзбекистон бу театрни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келди: унинг ҳозирги биноси 1980 йилда Ўзбекистон томонидан қуриб берилган эди. Аммо замонанинг зайли экан, ушбу даргоҳ сўнгги ўттиз йилда кўп қийинчиликларга дуч келди, жумладан, 2010 йил можаролари негизида бинода ёнғин келиб чиқди – яна Ўзбекистон уни таъмирлашга ёрдам қилди.

Давлатимиз 2022-2023 йилларда олиҳимматлик билан бу театрни тубдан реконструкция қилиш учун дастлаб беш миллион, сўнг яна икки миллион доллар маблағ ажратди. Ва яқинда, 24 апрель куни янгиланган театр биносининг очилиш тантанаси бўлиб ўтди. Қирғизистон бош вазири ўринбосари, маданият вазири ўринбосари, биз томондан эса Маданият ва туризм вазиримиз О.Назарбеков бошчилигида Тошкентдан, Андижон, Фарғона ва Намангандан борган етмишга яқин меҳмон бу дўстлик ва биродарлик байрамида қатнашди.

Бу театрни таъмирлаш ташаббуси билан чиққан “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг икки-уч фаоли ҳам шунда эдик. Очилиш маросимидан сўнг икки юрт актёрлари бирга тайёрлаган “Айролиқ” отли Бобур ҳаётидан лавҳалар саҳнага қўйилди.

Бежирим қилиб театрнинг эски биноси устига кийдирилган бу янги либос бир шу театрнинг эмас, балки бутун Ўшнинг ҳам ҳуснига ҳусн қўшди.

Ўша куннинг ўзида меҳмонлар билан қайтиб келдик. Ва… муаммолар билан ҳам.

Янги кадрлар сув билан ҳаводек зарур

Ҳайрон бўларсиз, яна қандай муаммо, деб? Гап шундаки, шу томошада қатнашган бир одам ташбеҳ қилганидек, Ўш ўзбек театрининг ҳозирги жамоаси “Қариялар уйи”га ўхшаб қолган – аксар актёрлар олтмишнинг ортида, етмишнинг етагида. Чунки Ўзбекистон олий ўқув юртлари, жумладан санъат билимгоҳлари Қирғизистон ёшларини, мана, ўттиз уч йилдирки, ўқишга қабул қилмайди. Олий маълумотли ёш актёр ва режиссёрлар йўқ.

Ўзбекистоннинг шунча пулига тикланган бу олийшон иморатнинг келажаги нима бўлади? Ўшда, Қирғизистоннинг бошқа жойларида ўзбек мактаблари сони ҳар йили камайиб кетаётгани маълум, ёшлар рус мактабларига қатнаб, тобора ўрислашяпти, бас, бу ишнинг истиқболи қанчалик ойдин?

Дарҳақиқат, маблағ ажратиш билан иш битмайди, қўшни юртлардаги ўзбек болаларини ўқитиш соҳасини ҳам назоратга олиш лозим. Ўтган ўттиз йил ичида, айтганимиздай, Қирғизистонда яшайдиган ўзбекларнинг болалари бизда олий таълимга жалб этилмади. Бунинг оқибатида, бир шу театрда эмас, Қирғизистон ўзбеклари орасидаги олий маълумотли мутахассисларнинг кўпи пенсия ёшида. Ёшлар етишмайди. Ўзбек мактабларининг ёпилишига ўзбек тилида таълим берувчи муаллимлар камайгани сабаб қилиб кўрсатиляпти.

Барча мамлакатлар билан, аввало қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар ҳар томонлама кучайтирилаётган янги сиёсат даврида қўшни юртларда яшайдиган ўзбек фарзандлари Ўзбекистон олий ўқув юртларида худди қирқ йил аввалгидай ўқитилса, юртимизнинг халқаро обрў-эътибори янада юксалиши шубҳасиз. Ва бу катта савоб иш ҳам.

Келажакка ғамхўрликни қўшнилардан ўрганайлик

Тўғри, 2020-21 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон олий ўқув юртларида 100 нафар Қирғизистонлик абитуриентга бюджет ўрни ажратиш ҳукумат қарорида белгиланган эди. Бироқ уни ижро этишга масъул бўлган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу ҳақда Бишкек шаҳридаги турдош вазирликка ёзган хатида, нима учундир, “100 нафар қирғиз абитуриенти учун жой ажратилди” деб кўрсатган, натижада атиги 5 нафар талаба бундан фойдаланиб, 95 та ўрин бўш қолган. 2021-22 ўқув йилида эса вазирлик ходимлари қарордаги “бошлаб” деган сўзга эътибор қилмади, уни “бир марталик акция” деб тушунди, оқибатда биронта қирғизистонлик талаба ўқишга келолмади. Жумладан, ўшлик ўзбек абитуриентлар театр йўналиши бўйича қабулдан ҳар доимгидай четда қолавердилар.

Бунинг аксича, Қирғизистон ҳукумати ҳар йили “Ўзбекистонлик этник қирғиз абитуриентлар учун” дея ўттизтадан бюджет ўрни ажратиб келяпти. Шунча болани қабул қилади, ўқитиб, ҳаётга учирма қилади. Бунинг шарофати билан 1992 йилдан бери неча юзлаб ўзбекистонлик қирғиз болалари Қирғизистондаги олий ўқув юртларни тамомлаб, дипломли кадр бўлиб етишишди.

Гап кўп, кўмир оз. Муаммоларни ҳал этиш ҳаммамиздан фидойиликни, миллатдошларимизга жонкуярликни талаб қилади.

Юртимиз теварагидаги қўшни мамлакатларда азалдан яшаб келадиган қарийб беш миллион ўзбек ватандошимиз бор. Уларнинг умид кўзи бизга – Ўзбекистонга тикилган. Биз уларнинг фарзандларини ўқитиб, олий маълумотли қилиб тарбиялашга бурчлимиз. Ана шунда, Қирғизистонда туғилиб камолга етган Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Ҳамробоев каби жаҳон тан олган академиклар, Алихонтўра Соғуний ва Алоуддин Мансур каби уламолар, Иззат Султон, Мирзакалон Исмоилий ва Шавкат Раҳмон каби адиблар яна етишиб чиқиб, ўзбек, Ўзбекистон деган номни дунёга танитишга ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Зуҳриддин Исомиддинов,

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раҳбари. Тошкент шаҳри

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг