БМТ ҳайрон: Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлими юзасидан тергов чўзилиб кетмоқда

Бирлашган миллатлар ташкилоти журналист Азимжон Асқаровнинг ўлими ҳақида эслатди.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Мери Лоулор “Twitter” да қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли, журналист Азимжон Асқаровнинг ўлими бўйича ҳалигача самарали тергов олиб борилмаётганини ёзди.

Лоулор фаолнинг Бишкек қамоқхонасидаги вафотидан бери қарийб уч йил ўтганини эслатиб, бу орада унинг ўлими билан боғлиқ вазият, ўлим сабаблари ҳақидаги саволларга ҳануз жавоб берилмаганини эътироф этди.

“Қирғизистон БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг бу борадаги тавсияларини ҳалигача бажармади. Бу қачон амалга оширилади? – деб сўради Мери Лоулор.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилги июнь воқеалари бўйича умрбод амоқ жазосига ҳукм қилинган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист 2020 йилнинг 25 июлида Бишкекдаги қамоқҳоналардан бирида ҳалок бўлди. Тиббий экспертиза хулосасига кўра, ўлим ўткир нафас етишмовчилиги натижасида содир бўлган. Унинг адвокати ва яқинлари ҳамда ҳамкасблари ўзларидаги факт ва маълумотларга таяниб, Асқаровнинг ўлимига вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабаб бўлган бўлишини айтиб келишади.

Уларнинг  талаблари билан текшириш бошланиб, дастлаб терговни Жазоларни ижро этиш хизмати олиб борди. Терговчи холис тергов юргизмай туриб, фаолнинг ўлимида ҳеч кимнинг айбини йўқлиги ҳақида хулоса чиқаргач, адвокатлар талаби билан иш Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига топширилган.

Журналистнинг ўлими сабабларини ўрганиш бўйича олиб борилган дастлабки тергов давомида бу иш бўйича асосий гувоҳлар – унинг камерадошлари, адвокати, ва шифокорлар, марҳумнинг аёли ва бошқалар тергов қилинмаган. Шу сабабли марҳумнинг иши бўйича тайинланган адвокатлар, унинг оила аъзолари қайтадан холис ва кенг қамровли тергов ўтказишни талаб қилишган.

Охири, 2021-йилнинг декабрида Азимжон Асқаровнинг ўлими юзасидан иш бўйича масъул бўлган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси асосий гувоҳларни сўроқ қилиш бўйича Жазоларни ижро этиш хизмати Тергов бошқармасига кўрсатма юборган эди. Терговнинг Жазоларни ижро этиш хизмати ходимлари олиб боргани ҳам адвокатларни норозилигига сабаб бўлмоқда, чунки терговчилар давлат хизмати ходимлари, яъни ўз ҳамкасбларини оқлашдан манфаатдорлар.

Азимжон Асқаров яқинларининг унинг камерадошлари, шифокорлар ва бошқалар қаторида Жазоларни ижро этиш хизматининг собиқ матбуот котиби Самат Қилиқов ҳам сўроқ қилиниши шарт деб ҳисоблайдилар. Чунки, Асқаровнинг ўлимидан бир ҳафтача аввал адвокат унинг соғлиги қаттиқ ночорлашганини айтганда Қилиқов Асқаровнинг соғлиги жуда яхши эканини айтиб, уни ва адвокатни чет эл грантларини олиш учун вазиятни оғирлаштириб кўрсатишга уринишда айблаган эди. Бир неча кундан кейин ҳуқуқ ҳимоячиси вафот этди.

Адвокатлар тергов ишларининг ҳали ҳам манфаатдор томон – Жазоларни ижро этиш хизмати  томонидан олиб борилаётгани, ишни холис қарашга қизиқиш йўқлигидан, ҳатто тергов юзасидан оралиқ ҳисобот ҳам йўқлигини таъкидламоқдалар.

Жорий йилнинг февраль ойида ҳам қамоқда вафот этган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров оиласи манфаатларини ҳимоя қилган адвокатлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси терговчиси устидан Бишкекнинг Биринчи май (Первомайский) тумани судига иккинчи шикоят аризасини жўнатган. Улар терговчини ҳаракатсизликда айблашган эди.

Суд тергов тўғри ўтказилмаганини тасдиқлаб, айбловнинг асосли эканини тан олган ва адвокатларнинг аризасини қаноатлантирган. Лекин, адвокат Бақтибек Автандил уулу таъкидлаганидек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳамон суд қарорини бажармаяпти. Яъни тергов ҳаракатлари давом эттирилмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлимидан бир ярим йил ўтиб, 2021 йилнинг декабрь ойида адвокат Валерьян Вахитов Бош прокуратурага ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатишни сўраб мурожаат қилган эди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, давлат прокуратураси ушбу илтимосномани қабул қилиб, Жазони ижро этиш давлат хизматидан терговчи тайинлаган.

“Аммо мен унга қарши чиқдим. Чунки Жазони ижро этиш давлат хизмати ходими манфаатдор шахс бўлгани учун терговга жалб қилинмаслиги керак. Натижада материаллар юрисдикцияга мувофиқ топширилди. Улар Асқаровнинг беваси Хадичани сўроқ қилишни режалаштиришган. Агар иш кечиктирилса ёки тўхтатилса, биз БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қиламиз”, – деган Валерьян Вахитов.

Таниқли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров 1951-йилнинг 17-майида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига (аввалги Ўш вилояти) қарашли Бозорқўрғон туманида туғилган. Турмуш ўртоғи Ҳадича опа билан 3 ўғил, бир қизни тарбиялаб, уйли-жойли қилишди. Унинг ортидан фарзандлари ва бир этак неваралари қолди.

Азимжон ака Асқаров 2010 йилда Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеалар пайтида қамоққа олиниб, туҳматга асосланган сохта айбловлар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ўн йилдан ортиқ қамоқда ўтиргач, 70-чи баҳорига бир неча ой қолганда бу дунёни тарк этди.

Унинг ҳибсга олинган кунидан тортиб бутун жаҳон ҳамжамияти, ҳамкасблари ва яқинлари бу ишнинг соҳта ва уйдирма эканини айтиб, ҳуқуқ фаолини зудлик билан қамоқдан чиқариб, унга ноҳақ судлангани учун товон тўлаб беришни талаб қилиб келарди. Бу ҳақда БМТ ИНсон ҳуқуқлари қўмитасининг қарори бўлишига қарамай, расмийлар бу талабларни рад этиб келди. Фаолнинг ўлимидан сўнг маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан тортиб Бирлашган миллатлар ташкилотигача бўлган прогрессив инсоният Асқаровнинг ўлими ҳолатларини холис тергов қилиб, айбдорларни жазолаш ҳамда марҳумнинг оиласига муносиб товон тўлаб беришни талаб қилиб келмоқда.

У Тошкентдаги П.Бенков номидаги машҳур рассомчилик билим юртини тамомлаган. Кўп йиллар Жалолобод шаҳри ва она қишлоғида рассомлик, безаш ишлари билан машғул бўлди. Табиатан ўта адолатпарвар бўлгани боис 1990 йилги Ўш воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари соҳасига киришиб кетди. Ўша йиллари “Воздух” номли ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотини тузиб, умрининг охиригача унга раҳбарлик қилди.

Қамоқхонада ётган пайтида “Мен бахтлиман…” номли автобиографик китоб ёзди. Китобда муаллиф ўзининг болалик чоғларидан бошлаб ўтган ҳаётини акс эттирган. Асарнинг асосий қисми 2010 йил воқеалари, ўзининг қамоққа олиниши, ўзига қарши уюштирилган туҳмат ва бунинг ортидан ҳибсхонада кўрган хорликлари, даҳшатли қийноқлар ва суд адолатсизлиги масалаларини батафсил ёритган.

Китобнинг бир қисми ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий дўстлиги, миллатлараро муносабатлар ва бу дўстликка путур етказаётган омиллар, сиёсатчилар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашган. Китоб ўзбек ва рус тилларида унча кўп бўлмаган нусхада чоп этилган. Уни интернетда қуйидаги манзилда ўқиш ва сотиб олиш мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Сурат “Оқбура” архивидан

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг