Мактаб дарсликлари: Ўсиб келаётган авлоднинг онгини заҳарламайлик

Қирғизистонда мактаб дарсликларини тайёрлашда хатоларга йўл қўйилгани эътироф этилди.

Қирғизистон Республикаси Конституцияси миллий, этник, ирқий, диний адоват, жинсий ва бошқа устунликни тарғиб қилиш, шу ҳолатларга кўра одамларни камситиш, душманлик ёки зўравонликка даъват қилишни таъқиқлайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий ҳужжати – Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон декларациясининг 2-моддасида ҳар бир инсон ирқи, танасининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқоди, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулки, туғилиши ёки бошқа мақоми кабилардан қатъи назар барча ҳуқуқлар ва барча эркинликларга эга бўлиши керак.

Хўш, баралла эълон қилинган бу қадриятлар ва умуминсоний талабларга амалда муносабат қандай бўляпти? Бугунги авлодни тарбиялашда бу масалаларга етарлича эътибор бериляптими?

Инсонни юқорида қайд этилгани умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашда энг аввало таълимни тўғри ташкил этиш шарт. Бироқ, собиқ совет давлатлари мустақилликка эришганидан кейин айрим давлатларда бўлгани каби Қирғизистонда ҳам бу масалаларда мактаб дарсликлари бир қатор камчиликлар билан яратила бошлади.

Дарсликлардаги хато ва камчиликларни ота-оналар ҳам кўриб, эътироз билдирган ҳоллар бўлмоқда. Айниқса, тарих дарслигидаги уруш воқеалари ёш авлоднинг қалбини ларзага келтириш ёки ота-боболаримиз чор-атрофдан кўп панд еган, ожизроқ бўлганмикин, деган хулосаларга келиб қолиши мумкин, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.

Бу фикрлар жорий йилнинг Ғалаба куни арафасида Ўш шаҳрида бўлиб ўтган мактаб дарсликлари муаллифлари ва уларни текширувчи эскпертлар билан ҳамкорликда ўтган семинарда айтилди. Унда Қирғизистоннинг Қадамжой, Учқўрғон, Сузоқ туманлари, Жалолобод шаҳри ва бошқа туманларида жойлашган ўрта таълим мактабларининг ўзбек, қирғиз ва тожик миллатига мансуб ўқитувчилари, мактаб дарсликларининг муаллифлари қатнашдилар.

Қирғизистон таълим академияси мутахассиси Татьяна Матохинанинг эътироф этишича, таълим беришда бирламчи ўқув қуроли сифатида дарсликлар туради. Шу дарсликларда берилган матнларда, тарихий воқеаларни тасвирлашда биронта ҳам камситишга ўрин бермаслик – бугунги кун таълимининг вазифаси.

Матохинанинг айтишича, тадқиқот давомида экспертлар қирғиз ва қозоқ урушининг икки хил тарих дарслигида турлича кўринишда талқин қилинганига гувоҳ бўлишган. “Текширувларимиз натижасида маълум бўлдики, Қозоғистондаги мактаб дарслигида бу икки миллат ўртасидаги юз берган қонли воқеалар ўқувчиларнинг ғазабини келтирмайдиган даражада ўринли ёритилган. Яъни, урушда ғолиблар бўлмаслиги, ҳар икки тарафдан ҳам қурбонлар бўлганлиги, қирғиз ва қозоқ халқларининг таниқли қаҳрамонлари ва ботирлари ушбу жангда қурбон бўлганликлари баён этилган”, деди у.

“Қирғизистондаги мактаб дарслигида эса айна шу воқеа фақат қирғиз халқи манфаати нуқтаи назаридангина ёритилган. Яъни, қозоқлар бизнинг қаҳрамонларимизни ваҳшийларча ўлдирган, унда фалон-фалон исмли қаҳрамонлар қурбон бўлиб, барча қирғиз учун қонли тўқнашув оғир кечгани ёзилгани ҳолда қозоқ томондаги йўқотишлар ёзилмаган. Натижада ўқувчи қўшни қозоқларга бўлган нафрати ошади ёки ота-боболарининг ўша урушда мағлуб бўлганидан орланади ва ёки қўшниларига нафрат туйғуси уйғониши ҳам мумкин”, – дейди Татьяна Матохина.

Бу сўзлар жорий йилнинг 4-5май кунлари Ўш шаҳридан бўлиб ўтган дарслик муаллифлари

Семинарга Қирғизистондаги “Окуу китеби” дарсликлар яратиш маркази директори Чинара Қурбанова, Республика ўқитувчилар малакасини ошириш ва кадрлаш тайёрлаш институти ўқитувчиси Матлуба Азимова, Қирғизистон таълим академияси мутахассиси Татьяна Матохиналар модератор сифатида қатнашдилар.

Семинарнинг асосий мақсади юқорида айтилганидек, дарсликлардаги дискриминацион нуқталарга эҳтиёт бўлиб муомала қилишни тарғиб қилишдан иборатдир. Бунинг учун муаллифлар ва уларни ёзган дарсликларни текшириб, тадқиқ қилувчи экспертларни тайёрлаш жуда муҳим экани айтилди.

Дарсликларда дини, ирқи, миллати, ёши, жинси камситилмаган ҳолда ўқувчилар онгига умуминсоний қадриятларни сингдириш, уларнинг байналминал тарбия олишига шароит яратиш зарур.

Шунингдек, дарсликларни гендер тенглиги нуқтаи назаридан ҳам текшириш масаласи кўтарилиб, дарсликларда ўрганиладиган шахсларнинг 50 фоизи эркаклар ва 50 фоизи аёллар қилиб берилиши мақсадга мувофиқ деган фикр айтилди.

Бунга эътироз билдирган филология фанлари номзоди, доцент Саидакбар Махсумхонов ўзбек мумтоз адабиётида 80 фоиз адиблар эркаклар эканини эътироф этиб, “бу ҳолда қандай қилиб биз шоир ва шоираларни 50/50 кўринишида дарсликларга кирита оламиз, – деган саволни ўртага ташлади. Бу мавзу семинар қатнашувчиларининг қизғин мунозараларига сабаб бўлди, оқибатда савол очиқ қолди.

Бу ва бошқа шунга ўхшаш мунозарали масалаларга семинарнинг давоми борлиги вкейинги қисмларида қайтилиши айтилди, бугунги кунга қадар дарсликлардаги дискриминация мавзуидаги семинар 4 марта ўтгани, бора-бора муаллифлар ҳам, экспертлар ҳам дарсликлардаги қўпол хатоларга йўл қўймаслик кераклигини англаб бораётгани айтилди. Келгусида амалий машғулотлар, аниқ режалар асосида олиб бориладиган иш фаолиятида ҳам турли камситилишларга барҳам берилиши лозимлиги таъкидланди.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг