Қамоқда чириб кет: Бишкекда миллий низо қўзғаётган бузғунчи қўлга олинди
Бунгача ижтимоий тармоқлардаги миллатчилик расмийлар назаридан четда қолиб келаётганди.
Бишкек Ички ишлар бош бошқармаси берган хабарга кўра, мамлакат пойтахтида ирқий, миллий, диний ёки минтақалараро низони келтириб чиқаришга уринган шахс қўлга олинган. Маълумотда айтилишича, 2 май куни ижтимоий тармоқларнинг бирида ўта фаоллик кўрсатган бу қўлланувчининг аккаунти таҳлил қилинганда, унинг саҳифасида доимий равишда миллатчиликка қаратилган ва бошқа миллатларни ҳақорат қилувчи нарсалар эълон қилиниб келингани маълум бўлган.
Исми ошкор қилинмаган, 32 ёшли бу эркак кишининг ёзганлари бошқалар томонидан кенг муҳокама қилиниб, охир-оқибатда миллий низоларга сабаб бўлиши мумкин, деган хулосага келинган. Ана шундай таҳлил ва экспертизадан кейин пойтахтнинг Свердлов тумани милиция бошқармаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғаган. Бузғунчилик қилаётган шахс қамоққа олинган. Жиноий иш доирасида тергов амаллари давом этмоқда.
Шуни айтиш керакки, 2010 йиллардан бошлаб сўнгги йилларгача интернет тармоғида кўплаб қўлланувчилар бемалол миллатчилик қилиб, бошқа миллатлар вакилларини истагандай ҳақорат қилишса ҳам, уларни мамлакатдан қувиб юборишгача чақириқлар билан чиқсалар ҳам, уларга қарши жиддий чора кўрилмасди. Аксинча, расмийларни танқид қилган журналист, блогерлар ва ёки оддий интернет қўлланувчилари расмийлар, хусусан ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборидан четда қолмасди.
Сурат 24.kg
Бишкекда жойлашган, журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Медиа полиси” ташкилоти ана шундай ҳолатларни таҳлил қилиб, махсус обзор тайёрлаган. Унга кўра, 2017-2019 йилларда интернет тармоғида қонунни бузмаган ҳолда турли масалаларда ўз фикрини билдирган журналист, блогер ва фаолларга қарши 7 жиноий иш очилган. Уларнинг материалларига экстремистик деб баҳо берилган.
Афсуски, бундай жиноий ишлар шу кунларда ҳам журналистларга ва сиёсатчилар ва фаолларга босим кўрсатиш қуроли сифатида фойдаланиб келмоқда.
Шуни айтиш керакки, сўнгги йилларда Ички ишлар вазирлиги ва махсус хизмат органлари ҳақиқатан ҳам миллатчилик руҳида бўлган чиқишларни кузатиб бормоқда ва уларга қарши чоралар кўра бошладилар.
Икки йил аввал Ички ишлар вазирлиги махсус баёнот билан чиқиб, аҳолини миллатчилик, диний ва минтақавий низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган материаллар учун жиноий жазо қаралганини эслатган. Ана шундай ҳолатларнинг олдини мақсадида ички ишлар органлари доимий равишда ижтимоий тармоқларни кузатиб бориши ҳамда миллатчилик, ирқчилик, диний ёки минтақавий низоларни келтириб чиқариши мумкин бўлган метериалларни топиб олган тақдирда, зудлик билан уларнинг муаллифларига қарши тегишли чоралар кўрилаётгани ҳақида айтилган.
Бугунги кунда ишлаётган қонунга кўра, миллатчилик, ирқчилик руҳида ёзилган материаллар учун 100 мингдан 200 минг сўмгача ($2300 атрофида) жарима ёки 5 йилгача қамоқ жазоси қаралган.
Оқбура, Бишкек.
Сурат интернетдан олинди