Собиқ иттифоқдош давлатларда ғалаба кунига муносабат ўзгармоқда

Москвада ҳар йили Ғалаба куни ўтадиган дабдабали парадда етти президент иштирок этди.

Умуман олганда, бу йилги Москва парадига бориш Россияни стратегик иттифоқдоши деб билган давлатлар бошлиқлари учун осон бўлмади. Охирги кунларгача халқаро матбуот парадда иштирок этиш учун Москвага бу йил президентлардан фақат Садир Жапаров боради, деган таҳминни айтиб келишди. Садир Жапаров эса…

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия раҳбари Владимир Путинни 2023-йилда Қирғизистон Республикасига жавоб тарзида расмий ташриф билан келишга таклиф қилди. Бу ҳақда Садир Жапаровнинг Москвага расмий ташрифи доирасида 8-май куни қабул қилинган Россия-Қирғизистон қўшма баёнотида айтилди.

“Таклиф миннатдорчилик билан қабул қилинди”, – дея таъкидлади Қирғизистон президенти матбуот хизмати. Яъни, Садир Жапаров Москвага атайлаб парадда иштирок этиш учун эмас, балки аввалдан келишилган расмий ташриф билан борган ва парадда ушбу ташриф давомида иштирок этган. Гап шундаки, Россиянинг Украинага босқини сабабли АҚШ, Европа ва дунёнинг бошқа кўплаган давлатлари Россияга қарши яккаловчи қаттиқ сиёсат юритмоқдалар. Шулар қатори улар Москванинг иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган ҳиссасини ҳам пасайтириб кўрсатишга уринишмоқда.

Жумладан, Москвада ҳар йили ўтадиган парадни ҳам ортиқча, асоссиз дабдаба сифатида талқин қилмоқдалар. Россиянинг доимий иттифоқчилари бўлган давлатларга эса ана шу тантаналарга бормасликлари учун босим ўтказдилар. Бу вазиятда Қирғизистон жуда қулай йўлни танлаган, деса бўлади.

Эслатиб ўтамиз, олий даражадаги учрашув давомида Қирғизистон-Россия икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, кун тартибидаги барча масалалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

“Россия президенти Владимир Путин Садир Жапаровнинг Ғалаба байрами арафасида расмий ташрифи муҳим воқеа эканлигини таъкидлади. У Улуғ Ватан уруши йилларида 360 минг қирғизистонлик фронтга борганини, уларнинг ярмидан кўпи қайтиб келмаганини эслади”, – деб хабар берди Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

Унгача Жапаров Россия Давлат Думаси раиси билан бирга Ржев шаҳрида бўлиб, у ерда ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйди. Буни Путин “фашизмга қарши курашдаги фронтнинг шу секторида ҳалок бўлганлар ва жанг қилганлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш”, дея баҳолади.

Россия президенти, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳозир юксалиб бораётгани, сўнгги бир йил ичида товар айирбошлаш ҳажми 37 фоизга ошгани бунинг далолати эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, Владимир Путин тўғридан-тўғри сармоя киритиш бўйича Россия Қирғизистон учун энг йирик сармоядор эканлигини таъкидлаб, бу анъананинг жадаллашишига ишонч билдирди.

Президент Садир Жапаров, ўз навбатида, Владимир Путинга Россия Федерациясига расмий ташриф билан келиш таклифи ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.

У Буюк Ғалабанинг 78 йиллиги арафасида Москвада ўзгача қувонч ҳисси билан бўлганини таъкидлади. Ғалаба куни икки мамлакат халқларини бирлаштирувчи муқаддас байрам бўлиб қолади. Ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасини ҳурмат қилиш умумий бурч, дея эътироф этди.

“Биз келажак авлодлар озодлиги йўлида оғир ҳарбий синовлардан ўтган ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини ҳеч қачон унутмаймиз. Уларнинг хотираси доимо қалбимизда сақланиб қолади”, – деди Садир Жапаров.

Президент Садир Жапаров бу икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, Қирғизистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар икки давлат манфаатлари йўлида янада ривожлантириш юзасидан кенг фикр алмашиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.

Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли барча соҳаларда қўшма мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти 7-май куни Россияга етиб борган. 9-май куни эса Москвада Ғалаба куни шарафига Қизил майдонда анъанавий парад бўлиб ўтди. Байрамда Россия раҳбарига собиқ Совет Иттифоқи давлатларидан Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон давлати раҳбари Қасимжўўмарт Тўқўев, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Арманистон бош вазири Николь Пашинянь, Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳаммедов ва Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ҳамроҳлик қилди.

Маълумки, собиқ советлар ҳудудидаги мамлакатларда ушбу Ғалаба кунига муносабат бир хил эмас ва ҳар бир республикада 9 майни нишонлаш ўзига хос хусусиятларга эга. Бу йил бу мамлакатларнинг аксарияти парадлар ўтказишдан воз кечишди. Айримлари бу байрамни бутунлай таъқиқлаб, қатъий чекловларга ўтишди. Айниқса, Болтиқбўйи давлатлари бу кунга қарши қаттиқ чоралар кўришди. Чунки улар 1940 йилда совет қўшинлари уларни босиб олган, дея даъво қилиб келишади.

Апрель ойида Латвия парламенти 9 май куни оммавий тадбирларни таъқиқловчи шошилинч қонун қабул қилди. Сейм матбуот хизмати хабарига кўра, энди бу ерда фуқароларга ғалабага бағишланган байрам тадбирлари, митинглар, юришлар ва пикетларда қатнашиши мумкин эмас.

Эстонияда эса Ғалаба кунини нишонлаганлар учун 1200 евро миқдорида жарима жорий этилди. 5 майдан 9 майгача мамлакатда Улуғ Ватан уруши хотираси билан боғлиқ барча оммавий йиғилишлар, Россия байроқлари, бошқа рус ва совет рамзлари билан юришлар таъқиқланди.

Литвада ҳам 1-май куни Ғалаба кунига қарши қаратилган қонун кучга кирди. Унга кўра, Россияда муқаддас ҳисобланган Георгий тасмаси, қизил юлдуз, Ғалаба байроғи ва Улуғ Ватан уруши билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа рамзлар таъқиқланди. Шуни айтиб ўтиш лозимкм, Марказий Осиё давлатларида ҳам Георгий тасмасига нисбатан салбий фикрлар мавжуд. Аслида ҳам, Россиянинг Ўрта Осиёга босқини даврида босқинчилар айнан ана шу тасмани тақиб келишган. СССР тарихида Улуғ ватан уруши деб номланган урушда эса бу тасма бу қадар кенг қўлланмаган. Ғалаба байрамларида уни байрам рамзи сифатида кенг миқёсда қўллаш кейинроқ урф бўлган. Буни айрим тарихчилар Россиянинг ушбу ғалабадаги мавқъеини оширишга интилиши деб баҳолашади.

Қозоғистонда бу йил “бюджетни тежаш” учун 9 май куни ҳарбий парад ўтказмайди. Бу ҳақда республика Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Ўзбекистонда Ғалаба куни номи Ислом Каримов даврида ўзгартирилган. Бу ерда бу кун қайғу, эҳтиром, ифтихор ва чуқур миннатдорлик сифатида – Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади.

Собиқ иттифоқ давлатларидан биргина Қирғизистон 9-майни аввалгидай Ғалаба куни сифатида нишонлайди. Шу боисдан ҳам Россия етакчиси Владимир Путин Қирғизистон халқи ва президенти Садир Жапаровни Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 78 йиллиги билан табриклар экан, Қирғизистонда фашист босқинчиларига қарши мардонавор курашган, орқа томонда фидокорона меҳнат қилган ота-боболаримизнинг улуғвор ишлари ва буюк фидойиликлари хотираси муқаддас эҳтиром билан эъзозланишини таъкидлади.

Россия президенти Қирғизистонда истиқомат қилаётган барча Улуғ Ватан уруши фахрийларига самимий табриклар ва чуқур миннатдорлик сўзларини айтиб, уларга мустаҳкам соғлик, кўтаринки руҳ ва узоқ умр тилади.

Садир Жапаров ва Қирғизистон халқини Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 78 йиллиги билан Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон ҳам табриклади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг