Cўз эркинлигига ҳужум: Қирғизистонда “Озодлик” ёпиладими?

Халқаро ташкилотлар оммабоп нашрнинг ёпиш ҳақидаги суд қарорига норозилик билдирмоқда.

Бишкекнинг Ленин туман суди Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг “Азаттиқ Медиа” муассасасинитёпиш бўйича шикоятини қаноатлантирди.

Пайшанба, 27 апрель куни ҳакам Чўлпон Каримбаева раислигида бўлиб ўтган сўнгги суд мажлисида, Қирғизистоннинг собиқ Бош прокурори Аида Салянова, қатор фуқаролик жамияти вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар иштирок этган.

“Юз фоиз оқилона қарор қабул қилинди. Ҳар икки томон судда ўз позицияларини билдирди. Ҳақиқатан ҳам шундай маълумотлар бор эди. Лингвистик экспертиза ўтказилди. Эксперт ташаббуси асосида хулоса берилди. “[Нашрда эълон] қилинган маълумотлар нотўғри ва асоссиз эди. Шунинг учун ҳам шундай қарор қабул қилинди”, деди Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги вакили Бектур Иброҳимов суд қароридан сўнг.

“Азаттиқ Медиа” муассасаси адвокатларидан бири Тимур Султанов туман судининг қароридан норози эканини, шу боис юқори суд инстанциясига шикоят қилишини айтган.

“Биз бу қарорга рози эмасмиз. Бишкек шаҳар судига шикоят қиламиз. Суд қарорини олганимиздан кейин уни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, апелляцияга ўз важларимизни тақдим этамиз”, деди адвокат.

“Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати “Азаттиқ медиа” фаолиятини Қирғизистонда таъқиқлаш бўйича суд қарори чиқишига, жорий йил январида Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг, мазкур ОАВсини ёлғон маълумот тарқатганини иддао қилиб, унинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга мурожаат қилгани сабаб бўлган.

Чоршанба куни бўлиб ўтган суд мажлисида, маҳкама қарори учун асос бўлган жонли мулоқотни (эфирни) лингвистик экспертизадан ўтказган мутахассис кўрсатма берган.

Суд экспертиза хизматининг тилшунос эксперти Жийде Семёнова, “Озодлик”нинг бахсли кўрсатувида, «Халқаро адоватни қўзғатиш ва уруш ташвиқоти аломатлари борми?» деган саволга аниқ жавоб бера олмаслигини айтган.

“Видеоматериалда маълум миллатга қарши салбий лингвистик белгилар мавжуд. Хусусан, тожик журналисти берган интервюсида. Унда Қирғизистонни қораловчи маълумотлар мавжуд. «Халқаро адоватни қўзғатиш ва уруш тарғиботи» масаласи эса ҳуқуқшунослар томонидан баҳоланиши керак. Бу масала бўйича тадқиқот ўтказиш менинг ваколатимга кирмайди”, деган Семёнова.

Судлашувга сабаблар…

Ўтган йилнинг 16-сентабрида “Озодлик” радиосининг лойиҳаси – “Настояшчее время” телеканали Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 14-17 сентабр кунлари бўлиб ўтган қуролли можарога бағишланган видеоматериални эълон қилган. Унда ҳар икки томон журналистларига сўз берилган. Озодлик радиосининг тожик хизмати ва “Настояшчее время” (Қирғизистон) журналистлари томонларга қарата қарама-қарши айбловларни илгари сурган. Видеога Қирғизистон МҲДҚси раиси Қамчибек Ташиевнинг икки томон ўртасидаги музокаралар ҳақида билдирган изоҳлари ҳам илова қилинган.

Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ўтган йилнинг 26 октябрида “Канал Қирғизистон биринчи бўлиб Тожикистонга ҳужум қилгани ҳақида нотўғри маълумот берган” деган важ билан материални олиб ташлашни талаб қилиб, “Озодлик”нинг қирғиз хизмати сайтини блоклаган.

“Озодлик” буни рад этиб, ушбу материалларда журналистик меъёрларга риоя қилингани ва қонунга қарши ҳеч қандай уриниш йўқлигини таъкидлаган ва Бишкек маъмурий судига вазирликнинг сайтни блоклаш ҳақидаги қарорини ноқонуний деб топиш илтимоси билан мурожаат қилган.

Жорий йилнинг 23-январида Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги «Азаттиқ» фаолиятини тўхтатиш талаби билан судга шикоят қилган.

Бугунги кунда, «Азаттиқ» сайти ва банк ҳисобига қўйилган чекловлар бўйича суд жараёнлари ҳам давом этмоқда.

Ёпилсин, ёпилмасин …

Бир қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари ва кузатувчилар суд қарорини танқид қилиб, Қирғизистон ҳукуматини «Озодлик» фаолиятини чеклашни бас қилишга чақирган.

Жўғўрқу Кенешдаги “Альянс” фракцияси етакчиси, депутат Жанар Ақаев суднинг “Озодлик”ни ёпиш ҳақидаги қарори юзасидан ўз фикрини билдириб, мазкур ОАВ адолат излаётган фуқароларнинг овозига қулоқ солувчи медиа эканлигини таъкидлаган.

“Озодлик” ҳамиша адолат тарафида бўлган, омма эътиборига сазовор бўлган, халқ севган ахборот воситасидир. Ишончим комилки, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Адолат излаган кўплаб фуқароларимизнинг овозини ҳам жамиятга, ҳам ҳукуматга етказаётган саноқли оммавий ахборот воситаларидан бири. У ерда меҳнат қилаётган барча ҳамкасблар билимли, самимий йигит-қизлардан иборат. Ақаев ва Бакиев даврида радио ва телевидение чекланган эди. Бироқ, “Озодлик”ни ёпсак, унинг журналистларини тарқатсак, одамлар ҳақиқатни билмайди, деган фикр жуда нотўғри. “Озодлик” ёпилади ва йўқ бўлиб кетади, деган фикрдан қочайлик, ҳозир илғор технология асрида ахборот тарқатишни чеклаб бўлмайди. Қолаверса, қирғиз халқи чекланган нарсаларни қидириб, аксинча, уларни топади… Менимча, шаҳар суди туман судининг қарорини бекор қилиши керак, кейин эса Олий суд буни кўриб чиқади. Бу мушук-сичқон ўйини ҳам ҳолдан тойдиришни мақсад қилган деб ўйлайман. “Озодлик” саноқли одамларга ёқмаслиги мумкин, лекин кўпчилик халқимизнинг ишончи ва умидидан кўра яхшироқ нарса борми!”, дейди Жанар Ақаев.

Сиёсатчи Жилдизқан Жўлдўшева, “Озодлик”ни ёпиш ҳақидаги суд қарорини шарҳлар экан, Қирғизистонда ушбу ахборот воситасининг алоҳида ўрни борлигини урғулайди.

«У ҳуқуқлари поймол этилган, айниқса, таъқибга учраган сиёсатчиларнинг адолатга эришишига ёрдам берган. Президент Садир Жапаров ҳибсга олинганида «Озодлик» радиоси унинг ноқонуний, адолатсиз ва ноҳақ ҳибсга олинганини дунёга эълон қилди. Ўшанда мен ўзим ҳам Жапаровнинг собиқ тарафдори, сиёсатчи ва депутат сифатида унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб интервьюлар бердим. Шунинг учун демократик давлатда, айниқса Қирғизистонда “Озодлик”нинг ўзига хос ўрни бор. Қирғиз халқи азалдан эркинликни севган. Бугунги суд қарори нотўғри, ҳеч ким сўз эркинлигини чекламасин. Муассаса ҳақиқат излаб узоқ йўлга чиқиб, ўз адолатига эришади деб ўйлайман. Бишкек шаҳар суди ишларни коллегиал асосда кўриб чиққани боис, мустақил қарор қабул қилади деб ишонаман”, дейди собиқ парламент депутати.

“Озодлик” радиосининг қирғиз хизматида бир неча йиллар фаолият олиб борган, бугунги кунда эса мустақил журналист сифатида маҳаллий муаммоларни ўзининг ютуб каналида ёритиб келаётган Идирис Исақов, суд қарори шунчаки расмиятчилик бўлгани, аслида ушбу ахборот воситасини шундоқ ҳам ёпиш ёки унда тамоман ислоҳотлар ўтказиш кераклигини айтади.

Унинг фикрича, “Озодлик” ёпилиши керак ва бу мамлакатда сўз эркинлиги ривожига ижобий хизмат қилувчи омил бўлиб қолади.

“Озодлик ниҳоят ёпилиши керак! Шунда у Прагадан эркин гапира олади. Бишкек идорасидаги тажрибали журналистлар камида 5-6 гуруҳга бўлинади ва яна 5-6та “Озодлик” пайдо бўлади. Бундан халқ ютади. Шунда мамлакатда турли хил маълумотлар пайдо бўлади. Сифатли контент яратишга қодир бир қанча ахборот институтлари ташкил этилади. Шунда давлат бюджетини қараб ўтирган ОАВлари қанчалик бефойда экани ойдинлашади”, дейди собиқ радио ҳодими.

Унинг фикрича, мамлакатда теша тегмаган долзарб мавзулар кўп. Уларни ёритиш ўрнига, сукут сақланмоқда.

“Озодлик” ёпилмаса, у тишлари синган айиқдек қолади. Ундан кўра, “Озодлик” бор ёки йўқ бўлсин, унинг оғзини қараб ўтираверишнинг ўзи етарли эмаслигини ҳаёт кўрсатди. Улар аввалгидек ишламаяпти. Ҳокимиятдаги расмийлар ҳақида суриштирувлар ўтказмай қўйди. Ташиев, Жапаровлар ҳақида янги пайдо бўлган Болот Темировдан орқада қолди. Шунинг учун “Озодлик”ни идеаллаштиришни бас қилиш керак. У ёпилса яхши бўлади. Ёпилмаса, тишсиз кампирнинг қиёфасини кийиб, оломон орқасида осилиб юраверади. Ҳозир эса Қирғизистонга тишсиз кампир керак эмас. Ҳеч бўлмаса, уйқусираган амалдорнинг юзига совуқ сув сепувчи жонли ОАВлари керак. “Озодлик” радиоси ҳукуматнинг ўйнашидай бўлиб қолди. Хоҳласа, яхши сўз айтади, мақтайди. Агар хоҳламаса, унга парво қилмайди. Хоҳласа келади, истамаса келмайди. Буни ўйнашлик деб атайди”, дея танқид қилади мустақил журналист Идирис Исақов.

Халқаро баёнотлар

“Озод Европа/Озодлик» Халқаро медиа корпорацияси президенти Жейми Флайга кўра, Ленин туман судининг «Азаттиқ Медиа» фаолиятини таъқиқлаш тўғрисидаги қарори «ғазаблантирарли» ва бу қарор юзасидан, албатта юқори суд инстанцияларига шикоят қилинади.

«Тарихимиз шуни кўрсатадики, одамлар ҳукуматнинг цензурасига дучор бўлган холис маълумотга эга бўлишни хоҳласалар, уни олиш йўлини топадилар», дейди Жейми Флай ўз баёнотида.

Нью-Йоркда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” (CPJ) суднинг “Азаттиқ Медиа” фаолиятини таъқиқлаш ҳақидаги қароридан хавотир билдириб, баёнот ёйинлаган.

“Қирғизистондаги энг оммабоп ва ишончли ахборот манбаларидан бири бўлган “Озодлик” радиосининг ёпилиши мустақил оммавий ахборот воситалари учун хавфли белги бўлиб, қирғиз ҳукуматининг йўналиши борасида жиддий саволлар туғдиради”, дейди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастур координатори Гулноза Саид.

Халқаро ташкилот вакили Қирғизистон расмийларини “Озодлик”ни ёпиш қарорини бекор қилишга ва унинг эркин ишлаши учун шароит яратишга чақирган.

Жорий йилнинг январ ойида “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” ва олти ҳамкор ташкилот Қирғизистон президенти Садир Жапаровга “матбуот эркинлигига босимнинг кучайиши” юзасидан хавотир билдириб, учрашув ўтказишни сўраб мактуб йўллаган. Унда “Озодлик” радиосининг аҳволи ҳам тилга олинган.

“Озод Европа/Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати, яъни “Азаттиқ” радиосининг ёпилиши ҳақидаги суд қарори, Қирғизистондаги оммавий ахборот воситалари эркинлигига жиддий зарба бўлди ва бу қарор бекор қилиниши керак”, дейилади яна бир Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти – IPHR баёнотида.

Бу қарор мамлакатдаги сўз эркинлиги ва ахборот олиш эркинлигига путур етказувчи бир қатор ташвишли воқеаларнинг энг сўнггиси бўлиб, халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланиши керак эканлиги урғуланади.

Қонуннинг икки хил талқини

Қирғизистон Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазирлиги “Азаттиқ медиа”ни “Ёлғон (нотўғри) маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ жавобгарликка тортаётганини маълум қилган.

Айни пайтда қатор журналист ва медиа ташкилотлар вазирлик ушбу қонундан нотўғри фойдаланаётганини таъкидламоқда.

Қонунга мувофиқ, “нотўғри маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайдиган, бошқа шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлардир”. Қирғизистон Вазирлар маҳкамасининг 2022-йилнинг 8-апрелидаги қарори билан тасдиқланган қонунни амалга ошириш механизми ва тартиби “Мен ҳақимда ёлғон, нотўғри маълумотлар тарқатилиши оқибатида, менинг шаъним, обрў-эътиборим ёки ишчанлик обрўйимга путур етказилди», деб ҳисоблаган фуқаролар ёки юридик шахсларнинг аризасига кўра сайтни блоклаш имконини беради. Бироқ “Азаттиқ Медиа” иши бўйича вазирликка бундай шикоят келиб тушмаган.

2022 йилнинг 24-октабр куни вазирлик “Ёлғон (нотўғри) маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун асосида веб-сайтда эмас, балки “Настояшчее время” ютуб каналида тарқатилган дастурни ўчириб юбориш талабини қўйган. Ушбу даъвода вазирлик аризачининг (унинг шаъни, обрўсига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ноаниқ маълумотларни тарқатганлиги тахмин қилинаётган шахс) исмини кўрсатмаган. Чунки бундай шахс аввал ҳам бўлмаган ва ҳозир ҳам йўқ”, дейилади «Институт Медиа полиси» ташкилоти эълон қилган баёнотда.

“Ёлғон ва ноаниқ маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2021-йили парламентнинг ёзги таътилига қадар овозга қўйилган ва биринчи ўқишда депутатлар қўлловини топмаган. Оқ уй олдидаги митингга йиғилган фаоллар хурсандчилик билан тарқалиб кетишган. Орадан бир ой ўтиб, фаолларнинг ёзги таътилда эканлигидан фойдаланиб, ташаббускорлар уни яна овозга қўйиб, ўтказиб юборишган.

“Дезинформацияга қарши кураш” ҳақидаги қонун қабул қилинганда, у мустақил ОАВнинг овозини ўчиришда қўлланилади, деган хавотирлар кучайган.

Қирғизистонда қонунни ҳар ким турлича талқин қилади. Шу сабаб ҳам судларда нотўғри қарорлар қабул қилиниб, низоларга сабаб бўладиган ҳолатлар кўп.

Бироқ қонуннинг расмий талқини уни қабул қилган Жўғўрқу Кенеш қўлида. Демак, Маданият вазирлиги ва “Азаттиқ медиа” ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш имкони ҳам парламентда бордек. Бироқ, парламент депутатлари аввалгидек эркин эмас, балки президент ва Хавфсизлик хизмати раисининг кўзига қараб қолишган. “Улар нима деса, шу бўлади” қабилида иш тутишмоқда.

Бугун “Озодлик”, эртага қайси мустақил медиа ёпилади деган хавотирли савол очиқлигича қолмоқда.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг