АДАБИЁТШУНОС ОЛИМЛАР ИШТИРОКИДА УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Қирғизистонлик адабиёт мухлислари ўз юртларидан чиққан адиблар билан мулоқот қилишди.

Ўшдаги Бобур театрининг очилиши маросимлари билан бир вақтда Ўш шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли 43-ўрта мактабда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли публицист ва моҳир журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ёзувчилар уюшмаси Бадиий публицистика кенгаши раиси Аҳмаджон Мелибоев ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди, «Ўзбекистон-Қирғизистон » дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддиновлар билан бўлган учрашув  беғубор туйғулар ва ёшлик хотиралари билан боғлиқ ҳаяжонларга бой бўлди.

Учрашувда адабиёт ўқитувчилари ва ўқувчилар иштирок этиб, устоз ижодкорларнинг суҳбатлари ва ижод намуналаридан баҳраманд бўлишди. Тошкентлик адабиётшунос олимларнинг ўзлари туғилиб ўсган Қирғизистон диёрида кечган болалиги ҳақидаги хотиралари ва шу заминдан  етишиб чиқиб олис шаҳри азим Тошкентдаги илмий-амалий фаолиятлари  ёшларга жуда манзур бўлди.

Учрашув давомида мактаб ўқувчилари меҳмон ижодкорларга ўз ижодий машқларидан намуналар ўқиб, адабиётшунос устозларнинг тавсия ва маслаҳатларини тинглашди.

– Биз Қирғизистонга келганда, ўз юртимизга келган бўламиз. Мен ўзим Қирғизистонда, Олабуқа туманида туғилганман. Ўшда педагогика олийгоҳида ўқидим, «Ленин йўли» (ҳозирги “Ўш садоси”) газетасида бир муддат фаолият юритганман. Шу ердан учирма бўлиб, Тошкентга кетганман. Афсус, Турсунбой Адашбоев оламдан ўтиб қолди. У кишидан кейин мен ва Зуҳриддин Исомиддинов ўзбек ва қирғиз адабиёти, маданиятини боғлайдиган кўприк вазифасини бажармоқдамиз. Биз Тошкентда 100 жилдлик туркий халқлар адабиёти дурдона асарларини чоп этдик, шу жилдлик ичига қирғиз адабиётига 9 бўлим ажратилди, – деди адабиётшунос олим Аҳмаджон Мелибоев.

Ўз навбатида «Ўзбекистон – Қирғизистон» дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги театрнинг расмий очилиши маросимидан олдин айнан Бобур номли мактабда учрашув ўтказишни  мақул кўришганини, сабаби мактаб – улуғ даргоҳ эканини айтди.

Шунингдек у қайта таъмирланган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли театрга Ўзбекистон ҳукумати томонидан беш миллион доллар маблағ ажратилиши айнан дўстлик жамияти, шахсан унинг ташаббуси билан амалга оширилганини эътироф этди.

“Ҳали бизнинг ҳамкорликда қиладиган ишларимиз кўп, чунки она юртимизга ёрдам беришни ўйламасак тўғри келмайди. Қирғизистондаги мактабларнинг аҳволи қандай, биз шуларни ўргангани келдик”, деди мактаб ўқитувчи ва ўқувчилар олдида Зуҳриддин Исомиддинов.

Тадбир давомида ўқувчи-ёшлар адабиётшунос олимлар ижодига катта қизиқиш билдириб, уларнинг ижод оламига кириб келиши, устозлари, болалик йиллари, сермашаққат ижоди хусусидаги саволларни бердилар ва тегишли жавобларни олдилар.

Тадбирда мактаб ўқувчилари буюк шоир ва саркарда, шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларидан намуналар ўқиб беришди.

Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг