ИССИҚКЎЛНИНГ ОЛТИН БАЛИҒИ
Эртаклар яхшиликка етаклар, деган гап бор. Хар доим ҳам шундайми? Бу воқеалар қадим замонларда эмас, Қирғизистон мустақилликка эришгандан кейин бўлиб ўтганмиш. Мустақилликка эришгандан кейин давлатга битта президент кераклиги сарой аёнларининг ёдига тушиб қолибди. Ҳамма бошини қотириб ўтирган бир вактда Бир ўқимишли одам хеч кимга айтмасдан Иссиқкўлга балиқ тутгани борибди. Не тасодифки, қармоғига олтин балиқ илинибди. Олтин балиқ “тила тилагингни” деган заҳоти ўқимишли одам “мен президент бўлмоқчиман” дебди. Олтин балиқ уни бу шаштидан қайтармоқчи бўлибди. “Бу жуда масъулиятли иш. Халқнинг оғирини енгил қилиш керак, доим халқ манфаатини ўзингнинг манфаатингдан устун қўйиш керак бўлади. Қўлингдан келармикан?”, деб сўрабди. Шунда одам “Албатта, сенга сўз бераман, Қирғизистонни олдинги давлатлар қаторига олиб чиқаман, демократия ороли бўлади, иккинчи Швейцария бўлади”, деб ваъда берибди. Олтин балиқ рози бўлибди.
Орадан йиллар ўтибди, Президент олтин балиққа берган ваъдасини эсдан чиқарибди. Одамларнинг яшаш шароити ёмонлашиб бораверибди. Ора-сирада одамларни хаёлидан бир кечириб қўярмиш ва биз ҳар бир қишлоққа универститетлар қурдик, ҳамма ўқимишли бўлди, деб одамларни овутиб қўярмиш.
Одамлар орасида ҳам латифаомуз гаплар тарқабди. “Одамлар, эшитмадим деманглар, биз мустақилликдан кейин руслардан ўтиб кеттик. Қандай қилиб, дейсизми. Эшитинг, руслар болтадан шўрва тайёрлашган бўлса, биз болтадан ароқ тайёрладик. Мана, “Қорабалта” ароғи!”
Орадан бир неча йил ўтгандан кейин яна латифаомуз гап тарқабди: “Одамлар, эшитмадим деманглар, биз хитойликлардан ҳам ўтиб кеттик – хитойликлар қимирлаган нарсани ейишса, биз приватизация шарофати билан кўзга кўринган нарсани еб битирдик”.
Бўлаётган ишлардан ва олтин балиқ сиридан воқиф бўлган сарой аъёнларидан бир хотин киши билмас Иссиқкўлга борибди ва олтин балиқни чақирибди. Олтин балиқ у аёлга саволомуз боқибди. Аёл ўзининг сарой аъёнларидан эканлигини айтиб, бўлаётган воқеалардан хабардор қилибди. Олтин балиқ чуқур ўйга толибди ва аёлга қараб “менга берган ваъдалари устидан чиқмади, бу ёғига мени аралаштирма, қўлинглардан келса алмаштиринглар”, дебди.
Аёл ён-атрофига одам йиғиб, президентни оиласи билан саройдан ҳайдашибди ва бу воқеадан олтин балиқни хабардор қилиш, бўлажак президент билан таништириш учун Иссиқкўлга борибди. Олтин балиқни чақирибди. Олтин балиқ аёлнинг ёнидаги одамга қараб, “Ким бу?” деб савол берибди. Аёл бу одам бўлажак президент эканлигини, унга халқ ишонч билдирганини айтибди. Олтин балиқ “майли”, деб бу сафар ҳам ишонибди.
Орадан кўп ўтмай, аёл бошини эгиб, яна олтин балиқ ёнига борибди ва унга, бу сафаргиси олдингисидан ҳам ўтиб кетганини, халққа зулм кучайганини айтибди, халқ ҳам уни ҳайдашга тайёр эканини айтибди. Олтин балиқ хеч нарса демай сувга шўнғиб, кўздан ғойиб бўлибди.
Саройда ўз мавқеини сақлаб қолган хотин бу сафар ҳам халқни кўтариб, амалдаги президентни оиласию, ака-укаларига қўшиб мамлакатдан ҳайдабди. Бу сафар иш олдингидай осон кечмабди. Кўп қон тўкилибди. Лекин саройда “мақсад ҳар қандай воситани оқлайди”, қабилида иш тутилибди. Оддий халқнинг тўкилган қонлари изини бугунгача тозалай олишмабди.
Саройдаги ишлар кун сайин орқага кетаётганини тушунган хотин бу сафар президентни ўзи танлабди ва саройни тарк этибди. Бу президент эса, олтин балиққа эхтиёж йўқлигини, ҳамма муаммоларни ўзи ҳал эта олишини сўзлар экан-да, олдингилар каби, авом халқни эсидан чиқараркан. Мамлакатда ҳақиқий демократия ўрнатилганини қўрсатаман деб, ўзи тахтдан воз кечибди, яқин дўстининг бошига тож кийдирибди. Дўст келиб душман ишини қилди деганидек, униси “…халқ хаққини еган борки, ҳаммасининг жойи зиндон” эканлигини халққа кўрсатиш мақсадида собиқ президентни ва уни яқинлари бўлган сарой аёнларини зиндонбад этибди.
Орадан кўп ўтмай, бу президентни ҳам халқ тахтдан йиқитиб, янги президент сайлаш учун ҳозирликни бошлабди.
Хўш, олтин балиқ не бўлди? Эртак сўнгидаги тешик тоғора қани?
Эртакда тешик тоғора очкўз хотинни қўлида қолар эди. Бизнинг эртакда эса собиқ президентлар ва уларнинг оиласи чет элда, роҳат-фароғатда яшаётганмиш.
Қиссадан ҳисса – президентлар келиб-кетаверибди, тешик тоғора эса олти миллионлик авом халқнинг қўлида қолибди. Янги тоғора олиш уёқда турсин, эски тоғорани ямашга ҳам имкон йуқ, негаки узоқ-яқин қўшнилардан олинган қарз 5 миллиард долларга яқин экан-да.
Узоқдаги ўзбек