Ўзбекистонга киришда яна тест топшириш керак бўлади
Республика ҳудудига киришда тож вирусини аниқлаш бўйича чегара постларидаги тест топшириш амали қайта тикланди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Тож вирусига қарши махсус комиссия қарори билан энди Ўзбекистонга келаётган ҳар бир фуқаро “пцр-пзр” (полимераз занжирли реакцияси) номи билан машҳур бўлган тест топширишлари керак. Агар меҳмон республика ҳудудида узоқроқ қоладиган бўлса, у ҳолда чегарадан ўтган кундан тортиб бир ҳафта ўтгач яна бир бор тест топшириши керак бўлади.
Чегарадан ўтишда мажбурий тест топшириш амали Ўзбекистонда 2020 йилнинг 25 декабрида киритилган ва шу йилнинг март ойида бекор қилинган эди. Охирги пайтда тож вируси тарқалиши суръатларини ҳисобга олиб, бу чора қайта тикланди.
Коронавирусга қарши курашиш штабидан маълум қилишларича, вирус тарқалишининг кучайишига одамларнинг ниқоб тақмай қўйиши, қўлларини совунлаб ювмай қўйиши, антисептиклардан фойдаланмаслик ва ижтимоий масофанинг сақланмай қолиши ва бошқалар сабаб бўлмоқда.
АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг 23 июнга қарата берган маълумотига кўра, дунёда 179 миллион 160 мингдан ортиқ одам хавфли вирусни юқтириб олган бўлса, улардан 3 миллион 880 мингдан ортиғи вафот этган.
Касаллик тасдиқланган ҳолатлар бўйича АҚШ биринчи ўринда турибди (33,190 миллиондан ортиқ одам). Иккинчи ўринда Ҳиндистон (29,977 млн.дан ортиқ), учинчи ўринда Бразилия (17,927 млн. дан ортиқ), тўртинчи ўринда Франция (5,650 млн. дан ортиқ) ва бешинчи ўринда Туркия (5,375 млн. дан ортиқ) турибди.
Махсус мухбиримиз.