Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилмоқда. Қирғизистондачи?
Тож вируси билан боғлиқ вазиятнинг кучайиб бораётганини инобатга олиб, Ўзбекистонда янги чекловлар киритиляпти.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, янги тартиб ва чекловлар 2021 йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар амалда бўлади.
Янги талаблар қуйидагилардан иборат:
1. Аталган муддатда Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали (ўта зарурат бўлмаган ҳолларда) киришга чекловлар ўрнатилди.
2. Хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатлами давлат бюджети ҳисобидан ихтиёрий тарзда эмланади. Оммавий эмлаш фуқаролар бириктирилган оилавий поликлиникаларда амалга оширилади.
3. Жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика ҳудудидаги ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда кафе, ошхона, чойхоналар соат 8:00 дан 20:00 гача ишлайди.
4. Кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида мижозларга хизмат кўрсатишда ташриф буюрувчилар сони ушбу муассасалар умумий сиғимининг 50 фоизидан ошмаслиги шарт.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, шу йилнинг 1 июнида республикада хавфли вирус юқтирганлар 231 нафар бўлган бўлса, 25 июнга келиб бу кўрсаткич 546га етган.
Солиштириш учун, Қирғизистонда шу йилнинг 25 июнида хавфли вирусга чалинган 892 одам рўйхатга олинган. Улардан 36 нафари тиббиёт ходимлари. Шу ўринда Ўзбекистон аҳолисининг 33,3 млн. ва Қирғизистон аҳолисининг сони 6,6 млн. атрофида эканини ҳисобга олсак, Қирғизистонда аҳвол нақадар жиддий экани маълум бўлади.
Қирғизистонда республика раҳбарияти мамлакатдаги иқтисодий аҳвол ва ишбилармонларнинг талаб-истакларини ҳисобга олиб, карантин чораларини кучайтиришдан ўзини тийиб турибди. Масалан, куни-кеча киритилган қоида – кўнгилочар ва умумий овқатланиш жойларининг ишини тунги соат 23.00 дан эрталабки соат 07.00гача тўхтатиб туриш бўйича чеклов ҳам олиб ташланди. Аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган кўрсатмаларга қатъий амал қилмаяпти.
Мутасадди давлат органларининг билдиришича, ҳар икки давлатда ҳам вирус тарқалишининг кучайишига асосан одамларнинг ниқоб тақмай қўйиши, қўлларини совунлаб ювмай қўйиши, антисептиклардан фойдаланмаслик ва ижтимоий масофанинг сақланмай қолиши сабаб бўлмоқда.
АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг 23 июнга қарата берган маълумотига кўра, дунёда 179 миллион 160 мингдан ортиқ одам хавфли вирусни юқтириб олган бўлса, улардан 3 миллион 880 мингдан ортиғи вафот этган.
Бугун касаллик юқтирганлар сони бўйича АҚШ биринчи ўринда турибди (33,190 миллиондан ортиқ одам). Иккинчи ўринда Ҳиндистон (29,977 млн.дан ортиқ), учинчи ўринда Бразилия (17,927 млн. дан ортиқ), тўртинчи ўринда Франция (5,650 млн. дан ортиқ) ва бешинчи ўринда Туркия (5,375 млн. дан ортиқ) турибди.
Бобур Мирзоев тайёрлади.