Манқурт ким? Қирғизистонда лотин алифбосига ўтиш хусусида баҳс давом этяпти

Туркий давлатлар ичида лотин алифбосига ўтишга қарор қилмаган ёлғиз Қирғизистон қолди.

Қирғизистон парламентининг бир қатор депутатлари парламент қўмитаси йиғилишида ҳозирда кирилл ёзувига асосланган қирғиз тилини лотин алифбосига ўтказишни таклиф қилди.

Давлат тили комиссияси раиси Қанибек Осмоналиев ҳукумат қарори қабул қилинган тақдирда зиёлилар лотин алифбосига ўтишга тайёрлигини билдирди.

Аввалроқ Қирғизистон парламенти депутатлари Эмил Тўқтўшев ва Камила Талиева мазкур ташаббусни илгари суришганди.

Тўқтўшев Осмоналиевга мурожаат қилиб: “Дастлаб қирғиз халқига хос бўлган сўзлар кириллда нотўғри ёзилган. Давлат тилини асраб-авайлаш учун чинакам ва қатъий ислоҳот керак”, – деган.

Осмоналиевнинг сўзларига кўра, 1993 йилда республиканинг ўша пайтдаги бош вазири Абдиғани Эркебаев туркийзабон давлатлар саммитида лотин алифбосига ўтиш бўйича таклиф қилинган меморандумни имзолаган. Аммо амалда бу масала ҳал бўлмай қолаверди.

“Аммо бундан кейин улар сиёсий қарор қабул қилмади. Қирғизистон кундалик ҳаётда кирилл алифбосидан фойдаланадиган ягона туркий тилли давлатдир. Қирғизистон ҳукумати тегишли қарорга келса, олимлар ва зиёлилар лотин алифбосига ўтишга тайёр. Биз бир қанча вариантларни тайёрладик”, – дейди Қанибек Осмоналиев.

Жўғўрқу Кенеш “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Рўйхатга олинган 87 нафар депутатдан 79 нафари ёқлаб овоз берди. Қолганлари бетараф қолишди.

Аввалроқ йиғилишда бир неча депутат лотин алифбосидаги камчиликларни айтиб, янги ҳарфларни жорий этиш кераклигини айтган эди. Лотин алифобосига ўтишга қатъий равишда қарши бўлганлар ҳам бор.

Масалан, филология фанлари доктори, профессор Мамед Тағаев кирилл алифбоси ҳақида жуда юқори фикрда.

“Кирилл ёзуви ақлий онгнинг муҳим қисмига, миллий тафаккур тарзига, инсон капиталини шакллантиришга айланди. Қирғиз тилининг кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш тарафдори бўлган ҳеч ким бу ўтишни ёқлаб, ҳеч бўлмаганда битта аниқ далил келтира олмайди”, – деганди Мамед Тағаев.

Профессор қирғиз тилидан лотин алифбосига ўтиш нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашган. Унинг фикрича, қирғиз тилининг лотин алифбосига ўтиши қирғиз халқининг “манқуртчилиги”га олиб келади, бу эса фожиага сабаб бўлади.

Профессор алифбонинг ўзгариши Қирғизистонни узоқ йиллар орқага ташлайди ва унинг маънавий ришталаридан ажралиб чиқишига олиб келади. Ҳозир кўплаб нашрлар қирғиз тилидан фойдаланмоқда — булар бадиий китоблар, илмий мақолалар ва бошқалар. Лотин алифбосига ўтсак, кирилл алифбосига ўтгандан буёнги 80 йил ичида пайдо бўлган барча билимлар йўқолади, деб ҳисоблайди Тағаев.

Шунингдек у мамлакатда жуда кўп саводсизлар пайдо бўлиши, бутун Қирғизистон яна бошидан ўқиш ва ёзишни ўрганиши керак бўлиши ва давлат шу ишни қилар экан, фаолиятининг бошқа соҳаларида ривожланиш бўлмаслиги ҳақидаги хавотирларини ўртага ташлаган.

Бу каби хавотир ва қаршиликлар қўшни Ўзбекистонда ҳам бўлган. Лекин узоқ муддатни кўзлаб, мамлакатнинг бутун дунёга, биринчи галда ривожланган давлатлар билан интеграцияси талабларини ҳисобга олганда бу жуда тўғри йўл бўлиши шубҳасиз.

Саводсизлик даражасига келсак, бугунги кунда, яъни кирилл алифбоси амалда бўлиб келаётган вазиятда ҳам мамлакат саводсизлик ботқоғига ботиб келяпти. Бунга статистика маълумотлари гувоҳлик беради. Қолаверса, сўнгги 80 йилларда кириллда ёзилган илмий ишлар ва адабий китоблар советлар ва коммунизм ғоясининг кучли идеологияси таъсири остида ёзилган.

Бугун Қирғизистонда рус тили расмий тил мақомига эга. Мамлакат ҳудудида фақат кирилл алифбосига асосланган ёзув қўлланилади. Дунёда кирилл алифбосидан Қирғизистондан бошқа Россия, Беларус ва Украина ҳамда қўшни Қозоғистон билан Тожикистон фойдаланишади.

Марказий Осиё давлатлари кирил алифбосига СССР таркибига киргач, мажбуран ўтказилган. Бугунги кунда уларнинг лотин алифбосига ўтишига асосан Россия қаршилик қилиб келади, чунки рус ҳукумати бу давлатларга бўлган таъсирини йўқотишдан қўрқади.

Шунга қарамай, Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтиш жараёни босқичма-босқич кетмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ХIX асрнинг биринчи ярмида қирғизлар ҳам собиқ Туркистон ўлкаси халқлари каби араб ёзувидан фойдаланган. 1911 йилда биринчи қирғиз босма нашрлари пайдо бўлган.

1927 йил 12 декабрда Қирғизистон АССР (автоном (мухтор) совет социалистик республикаси) Марказий Ижроия Қўмитаси лотинлаштирилган алифбони давлат алифбоси деб тан олди. Кейинчалик, 1940 йилда Қирғизистон ССР Олий Совети кирилл алифбосига ўтиш қарорини маъқуллаган.

Қайд қилиш жоизки, бугунги кунда Қозоғистон ҳам лотин алифбосига ўтишга ҳозирлик кўрмоқда. Бироқ, ислоҳот 2031 йилгача кечиктирилди. Президент Тўқаевнинг сўзларига кўра, бунгача бу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал этиш истагида «кўплаб қўпол хатоларга йўл қўйилган».

Алифбонинг ўзгариши ҳам молиявий, ҳам иқтисодий, ҳаттоки руҳий муаммолар билан боғлиқ. Лекин Марказий Осиё давлатлари тарихида бу масаланинг ҳал бўлмаётганининг асосий сабаби сиёсийдир. Яъни, ушбу давлатларда Россиянинг таъсиридан чиқишни истамаган сиёсий кучлар бор, бунинг устига ушбу давлатлар кўплаган иқтисодий ва хавфсизлик каби масалаларда турли даражада Россияга қарам.

1990 йили Анқара шаҳрида туркий давлатларнинг иккинчи қурултойи ўтиб, унда келгуси 20 йилда лотин алифбосига ўтишга келишилди. Туркия ўшанда бу ўтиш билан боғлиқ молиявий масалаларни ҳал қилишга ёрдам беришни ваъда қилганди. Шу қарор асосида Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон лотин алифбосига ўтган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг