Ё, товба! Ўзбекистонда бир эркак ўқитувчи икки аёл ҳамкасбини қаттиқ дўппослади
Зўравонга безорилик бўйича иш очилган, одамлар қаттиқ чора кўрилишини талаб қилмоқдалар.
Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги мактаблардан бирида икки ўқитувчи аёлнинг қаттиқ дўппослангани ҳақидаги видео кенг тарқалиб, одамларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлди. Видео остига қўйилган шархларда муаллифлар муштумзўрни ҳақорат қилиб, унга қарши қаттиқ жазо қўлланиши лозимлигини айтмоқдалар.
Видеодаги тасвирга кўра, муштумзўр оддий мактаб ўқитувчиси эмас. Ўқитувчи бўлса ҳам, мажлис ўтаётган пайтида қандайдир хизмат ваколатига эга бўлган. Бу унинг айби даражасини ошириши керак.
У мажлис ўтаётган жойида аёллардан бирининг юзига муштлаб йиқитгач, чиқиб кетади ва қайтиб кириб, афтидан унга эътироз билдиришга уринган иккинчи аёлни ҳам уриб йиқитади. Кейин биринчи аёлга юзланиб, уни яна муштлайди ва ҳатто тепкилайди. Сўнгида икки аёл бурчакка қисилиб ўтириб қолади.
Видеода зўравондан бошқа яна икки эркак кишини кўриш мумкинки, улар вазиятга аралашмаган ҳолда жим туриб берганлар. Чамаси, бу муштумзўрнинг биринчи бор ўз муштига эрк бериши эмас ва ундан видеодаги “эркаклар” қўрқишади.
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг берган хабарига кўра, воқеа Сурхондарё вилоятидаги Узун туманидаги 31-мактабда бўлган. Аниқланишича, 2023 йил 14 апрель куни соат 12:00 ларда ушбу мактабнинг директор хонасида ўтказилаётган йиғилишда 34 ёшли эркак (ўқитувчи) икки нафар аёл ўқитувчилар билан жанжаллашиб, уларга тан жароҳати етказган.
Бу ҳолат юзасидан 18-апрель куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда одамлар бу қадар вахшийлик билан муштумзўрлик қилган шахснинг бўлгани безориликда айбланаётганидан норозилик билдиришган. Айримлар ҳатто у одамни топиб, ўзлари жазолашга тайёр эканликларини билдиришган.
Умид қиламизки, тергов давомида аёлларга етказилган тан жароҳати даражаси ҳисобга олиниб, айбдор қилиғига яраша қонуний жазосини олади.
Бундан ҳам муҳимроқ масала шуки, видео мактабдаги маънавий-аҳлоқий вазиятнинг ўта ночор эканидан далолат беряпти. Бу қадар савияси паст, тарбиясиз одамлар болаларга қандай тарбия беришяпти экан? Бу ҳолат ўлка мактабларидаги вазиятнинг вазирлик ва ҳукумат даражасида муҳокама қилиниши ва амалий чоралар кўрилишига сабаб бўлса ажаб эмас.
Бу қадар ақлга сиғмаган ҳолатнинг айнан Ўзбекистонда бўлиши жуда уятли ва ачинарли ҳолат. Бунга зудлик билан чек қўйиш лозим.
Оқбура, Бишкек.
Видео ижтимоий тармоқлардан олинди