Буқа боққан ўзади… Қирғизистонда давлат нашрларининг куни битдими?

Ҳукумат яна бир бор давлатга қарашли газеталарни тугатиш таклифини ўртага ташлади.

Қирғизистон расмийлари яна вилоят ва туманлардаги давлат газеталарини тугатишга қарор қилди. Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Маълумотнома-асосда таъкидланганидек, лойиҳа “ҳудудий газеталар таҳририятлари фаолиятини оптималлаштириш, ҳудудий оммавий ахборот воситалари томонидан олиб борилаётган давлат ахборот сиёсатини такомиллаштириш мақсадида” ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда давлатга қарашли ҳисобланган газеталарнинг ҳудудий таҳририятларида 228 нафар ходим фаолият юритмоқда, иш ҳақи учун уларга йилига республика бюджетидан 105 миллион сўмга ($1,3 млн. атрофида) яқин маблағ ажратилади.

Маданият вазирлиги бошқармасининг қўшимча қилишича, бирорта ҳам вилоят газетаси ўзини-ўзи молиявий томондан таъминлай олмаяпти, бу эса пировардида уларни сақлашга ажратилаётган бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига олиб келади. Қолаверса, вилоят газеталари ҳафтада бир марта, 1000-2000 нусхада чоп этилади ва ҳудуд аҳолисини маълумотга бўлган талабини таъминламайди.

“Шу билан бирга, маҳаллий аҳолининг даврий нашрларга бўлган талаби йўқолди, телевидение ва радио, мобил интернетдан фойдаланиш кўпайди”, – дея қўшимча қилади Маданият вазирлиги.

Шунинг учун кўп йилларда давомида вақти-вақти билан таклиф қилинганидек, яна уларни йўқ қилиш таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018-йилда Маданият вазирлиги ҳукумат қарори асосида вилоят ва туман давлат газеталари ва телекомпанияларини бириктириб, етти вилоятда еттита медиа марказ ташкил қилинган. Аммо 2022 йилда “Қирғизистон Республикаси Миллий телерадиокомпаниялари тўғрисида”ги қонун қабул қилингач, унинг таркибига ҳудудий давлат телерадиокомпанияларигина кирди. Шундай қилиб, медиа марказлари тарқалиб кетди.

Бунга ҳам журналист айбдорми?

Вилоят давлат газеталари фаолиятини тўхтатиш буйича қарор чиқишидан бир кун аввал мустақил журналист Идирис Исақовнинг “Буқа боққан ўзади, журналист боққан тўзади” деб номланган видео лавҳаси оммавий муҳокамаларга сабаб бўлди.

Кўпчилик видеолавҳа ушбу қарорнинг (яъни, газеталарни тугатиш ҳақидаги) қабул қилинишига сабаб бўлди, деган фикрни ҳам билдирмоқда. Агар ҳукумат қарорини тайёрлаш учун камида бир ой вақт кетишини ҳисобга олсак, ушбу қарор билан видеолавҳанинг бири-бирига алоқаси йўқлигини тушуниш мумкин. Лекин Исақовнинг айтганлари айни ҳақиқатга яқин.

Исақовга кўра, мамлакат йўл, мактаб, болалар боғчалари қуриш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш каби муҳим ишларга муҳтож бўлиб турган бир вақтда, “фойдасиз муассасаларни боқмоқда”. Журналист Қирғизистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК), “ЭлТР” деб номланган халқ телевидениеси ҳисобланувчи телеканал, вилоят телекомпаниялари ҳамда бир қатор давлат қарамоғидаги телерадиокомпанияларни барчасини танқид қилиб, уларнинг натижали бирор иш қилмаётганини айтиб чиқди.

Бугунги кунда МТРКда 750 нафар одам фаолият юритиб, ҳукумат уларни боқиш учун ҳар йили бюджетдан 397 млн. сўм ($4,5 млн.дан кўпроқ) сарфлайди. “Эл ТР”да эса 289 киши доимий меҳнат қилади. Бунча одамни таъминлаш учун давлат ғазнасидан йил сайин 139 млн. сўм кетади.

“Ушбу компаниялар эртадан кечгача ҳукуматга маъқул келадиган ахборотни халққа етказиб бериш билан овора бўлади. Уларни бугунги кунда ким кўряпти? Ғазнадаги маблағни зулук қуртдай сўриб ётгани қоляпти. Ҳар йили ушбу икки телекомпанияга 500 миллион сўмга яқин пул сарфланмоқда. Унинг ўрнига бу маблағни аҳоли эҳтиёжлари учун сарфласа бўлмайдими?” – дейди мустақил журналист.

Унинг таҳлилига кўра, давлат ОАВларига нисбатан, мустақил блогерларнинг YouTube каналидаги обуначилари сони анча кўп. МТРКнинг YouTube каналида атиги 562 минг обуначиси бор. Доим биринчи канал эканлигини таъкидлаб келадиган МТРК обуначилар сони бўйича нафақат YouTube, балки Instagram, Facebook каби ижтимоий тармоқларда ҳам Азаттиқ, Кактус Медиа, Клооп, Супер инфо, Тез кабар каби нашрлардан, ҳатто Россияда туриб хабар тарқатаётган блогер Санжар Қалматайдан ҳам ортда қолган.

Мамлакатдаги иккинчи йирик давлат телеканали – ЭлТР. Журналистнинг фикрича, аслида, ЭлТР ҳеч қачон унга сарфланган маблағни оқламаган. Эгаллаган биноси ва ходимлари сони бўйича йирик ҳисобланмаса, ўзи қамраб олган томошабинлар сони бўйича ҳеч қачон катта телеканал бўлмаган.

“…Бугунги кунда одамлар телевизордан узоқлашган. Биз телевизор уйда муҳим бир буюм эмас, балки фақат сувенир бўлиб қолган даврда яшаяпмиз. Энди одамлар чўнтагида телевизор кўтариб юради. Ҳозирги мобил интернет даврида давлат ғазнасидан йилига 139 миллион сўм маблағ оладиган, 289 киши ишлаётган ЭлТРнинг иккита YouTube канали “Ахборот ва маданият” обуначиларининг ҳаммасини ҳисобласангиз, 450 минг кишига ҳам етмайди. Айни пайтда давлатдан бир тийин ҳам олмасдан ўзининг кичик жамоаси билан ишлаётган, юқорида тилга олинган нашрлар ва блогерлар бу канални ҳам ўз чангида қолдириб кетишган”, – дейди Исақов.

Журналист телеканалининг бир йиллик даромадига 4-5та болалар боғчасини қуриш мумкинлигини эътироф қилар экан, иккала телегигантдан ташқари “Пирамида”, “5-канал” каби аввал мустақил бўлган телеканалларнинг ҳам давлат “ўз елкасига ортиб олганини” эслатади. “Буларга ҳам ҳукумат ҳар йили 40 миллион сўмга яқин маблағ ажратади. Бундан ташқари вилоят телекомпаниялари ҳам бор”, – дейди Исақов.

Идирис Исақов номи тилга олинган телеканаллар фаолиятини тўхтатиб, уларнинг эгаллаб турган бинолар ижарага берилса, давлатга кўпроқ фойда бўларди. Бундай тажриба бунгача Монголияда амалга оширилган.

“Улар давлат ОАВларини бекор қилган бўлса ҳам, халқи йўқолиб кетмади. Монголлар ахборотсиз қолмади. Аксинча, мамлакатда сўз эркинлиги ўрин олди. Журналистлар ўртасида рақобат пайдо бўлди. Ушбу ислоҳот орқали давлат ғазнасига фойда кела бошлади. Мухбирлар учун сарфланадиган маблағга бошқа долзарброқ муаммолар ҳал қилина бошлади”, – дейди Исақов.

Мустақил журналистнинг видео лавҳасини оддий халқнинг аксарияти маъқуллаган бўлса, унинг сўзларига қарши фикр билдирган давлат нашрлари ва телеканалларининг журналистлари бўлди.

Уларнинг айримлари ижтимоий тармоқларда Идирис Исақовнинг давлат журналистларини “буқа”га тенглаштиргани учун судга беришини айтиб, унинг фикрларини “йиртқичлик” деб баҳолашди. Ўз навбатида уларнинг айримлари Қирғизистондаги мустақил ОАВлар чет элларнинг фойдаси учун сотқинлик қилиб, улардан маблағ олади, деганлар ҳам бўляпти.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг