Масала янги эмас. Вазият уни тезроқ амалга оширишни қаттиқроқ талаб қиляпти

Россия ва Марказий Осиё давлатлари меҳнат муҳожирлари ҳаётини тартибга солишга киришдилар.

Евроосиё иқтисодий комиссиясининг Меҳнат миграцияси ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш департаменти директори Алтинай Ўмурбекова Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат органлари миграция бўйича ҳукуматлараро келишувларни тайёрлаш устида ишлаётганини маълум қилди. Ҳужжатларни имзолашнинг аниқ санаси ҳозирча номаълум.

“Гап, мен тушунганимдек, ишга, хусусан, Россияга кетаётган одамлар учун қандайдир жўнаб кетишдан олдин тайёргарлик кўриш(ни ташкил қилиш)дир. Улар учун қонунчилик талаблари, маданий мослашув масалалари бўйича махсус маълумотлар, тил ўрганиш курслари ташкил этилади”, – деди Алтинай Ўмурбекова журналистлар билан учрашувда.

Аввалроқ Россия ТИВнинг МДҲ давлатлари учинчи департаменти директори Александр Стерник ҳам Россия 2023-йилда миграция бўйича келишув имзолашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.

Унга кўра, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида миграциядан олдинги ўқув марказларини очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Марказларда Россияга киришни хоҳловчиларга бир қатор хизматлар кўрсатиш, хусусан, рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда.

«Улар Россияга кетишни хоҳловчиларга бир қатор хизматларни (дактилоскопия, суратга олиш, рўйхатдан ўтказиш) кўрсатади. Россия иш берувчилари учун ташкилий ишга ёллаш бўйича маслаҳатлар, зарур тиббий маълумотномалар бериш», – деган эди Стерник.

Россия раҳбарияти миграция оқимини тартибга солишга интилмоқда ва бу умумий манфаатларга мос келади, деди дипломат.

Меҳнат миграцияси донор давлатлар учун ҳам, қабул қилувчи давлатлар учун ҳам “объектив зарурат” ҳисобланади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги жорий йил охиригача тегишли ҳукуматлараро битимлар имзоланишига умид қилмоқда.

Бу соҳани давлат ўз зиммасига олиши натижасида 2022-йилда Россиянинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали 28 мингдан ортиқ ўзбекистонлик у ерда иш топган.

Эслатиб ўтамиз, Россия Ўрта Осиё мигрантлари орасидан қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари учун ходимлар ва ишчиларни ташкилий равишда танлаб олади.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилда Россияга 3,47 миллион чет эл фуқароси кирган. Жумладан, Ўзбекистондан 377 минг, Тожикистондан 336 минг, Қирғизистондан 84 минг киши Россияга келган.

Ўшлик ҳуқуқшунос Изатилла Рахматуллаевнинг сўзларига кўра, Россияда меҳнат қилаётган марказий осиёлик кўп миллионлик мигрантлар турли тадқиқотчилар ўрганишдан чарчамаётган ҳодисадир. Улар энг заиф гуруҳ бўлишига, дунё иқтисодиётидаги ҳар қандай тебранишларга, Россияга қарши қўлланаётган санкцияларга, пандемияга, полиция ўзбошимчалиги ва зўравонлигига қарамай, энг барқарор ва мослашувчан ишчилардир.

Мигрантлар ҳар қандай инқироздан олдинги ҳолатига қайтади, ишини, пул жўнатишини  давом эттиради, оиласи ва жамиятини қўллаб-қувватлайверади.

“5-6 йил аввал олиб борган тадқиқотларимизда Россияга биздан борган мигрантлар ўз ҳуқуқларини билмаганидан ойлик маошларини ололмай қолган ҳолатлар бўлган. Ҳатто дўконларга кириб, сотувчиларга (нима олмоқчи эканини) тушунтира олмайдиганлари учрайди. Уларни миграцияга кетишдан олдин, тил ўргатиб, ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиш лозимлигини, ҳуқуқи бузилган вақтда кимга, қаерга  мурожаат этишларини тушунтирган марказлар бўлса яхши бўларди”, – дейди ҳуқуқшунос.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 2 миллиондан ошиқ ватандоши, шунингдек, Қирғизистон билан Тожикистоннинг ҳар биридан 1 миллион нафардан ортиқ киши Россияда меҳнат мигрантлари бўлиб турибди.

Мигрантларнинг пул жўнатмалари Қирғизистон билан Тожикистон Ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 30 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Меҳнат миграцияси Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари учун нормал ҳолатга айланди, миллионлаб янги иш жойлари ташкил қилиш қўлидан келмайдиган амалдорлар меҳнат мигрантларини ўз ҳисоб-китобларига ва улар жўнатган пулларни бюджетнинг даромад қисмига қўшишмоқда. Лекин бу меҳнат миграцияси йирик ижтимоий муаммо бўлмай қолишини англатмайди.

Россия ва Қозоғистондаги меҳнат муҳожирларининг муаммоларини ҳал қилиш, уларнинг қисматини енгиллатиш зарурлиги ҳақида кўп йиллардан бери айтиб келинади. Бу ҳақда бир неча бор ҳукуматлараро музокара ва муҳокамалар ҳам бўлган, лекин аниқ бир вазифалар қўйилиб, уларни қатъият билан ҳал қилиб бориш ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Умида Мирзабоева, Оқбура.

Расм ва видео интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг