Еб тўймаётганлар: Қирғизистон миллий госпитали раҳбари қамоққа олинди

Доимий қамоққа олишларга қарамай, қирғиз амалдорлари сира нафсларини тия олмаяптилар.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Миллий шифохона бош шифокори коррупцияда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси берган хабарга кўра, бош шифокор Тўқтўбай Маанаевга қарши қатор айбловлар билан жиноий иш очилган.

Маҳбуснинг иш фаолияти давомидаги ҳатти-ҳаракатларида “аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига зарар етказиш; уларнинг ҳуқуқларини чеклаш ва имтиёзли дори воситаларини олиш имкониятидан маҳрум қилиш; оширилган нархларда давлат харидларини амалга ошириш” шаклидаги коррупция белгилари аниқланган.

Бундан ташқари хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бош шифокорнинг қўл остидаги ходимлардан пул ундириш бўйича 20 дан ортиқ фактлар бўлгани қайд этилган.

“Унинг ноқонуний даромад олиш… борасидаги фаолиятининг яна бир йўналиши давлат харидлари бўлган. Хусусан, молия-хўжалик фаолияти аудити айрим тиббий буюмларни ўта қимматга сотиб олиш ва қиммат дори воситаларини ҳисобдан чиқариб юбориш ҳолатлари ҳам бўлганини кўрсатди”, – дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган хабарда.

Текширув натижаларига кўра, 2022 йил октябрь ойида иммуномодуляцион дори воситалари етказиб бериш бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлган компания Миллий госпиталга аталган дори воситаларини оширилган нархда сотиб олиб, давлатга 36 миллион сўмдан ($410 минг) ортиқ зарар етказган.

Миллий шифохона кўп тармоқли даволаш-профилактика муассасаси бўлиб, бир вақтнинг ўзида мингдан ортиқ хастани ётқизиб, жойида хизмат кўрсата олади. Тўқтўбай Маанаев бош шифокор лавозимида 2020 йилнинг август ойидан бери ишлаб келаётган эди.

Бугунги кунда Қирғизистонда коррупцияга қарши кураш доирасида деярли ҳар ҳафта катта лавозимдаги бир амалдорнинг ҳисбсга олингани хабар қилинади. Гоҳида бирданига бир гуруҳ ўғри амалдорлар қўлга олинмоқда. Лекин шунга қарамай, амалдорлар давлат мулкини ўғирлашдан, оддий фуқаро ва ишбилармонлардан пора олишдан тийилмаяптилар.

Коррупция бўйича жаҳон рейтингида Қирғизистон 2012 йилдан тортиб бир хилда юқори кўрсаткични кўрсатиб келади, яъни, 185 давлат ичида 140 ўринда (27 балл) туради. Энг коррупциядан ҳоли бўлган давлатлар Дания 90 балл билан биринчи ўринда, Финлядния ва Янги Зеландия (87 балл) иккинчи ва учинчи ўринни бермай келишади.

Жаҳон рейтингида коррупция ботқоғига томоғигача ботган давлатлар қаторида Жанубий Судан, Сурия ва Сомали давлатлари тилга олинади.

Марказий Осиё давлатлари ичидан Қозоғистонда аҳвол 2021 йилдагига нисбатан бир баллга (36 балл) ёмонлашган бўлса, Ўзбекистон бир йил олдингига нисбатан аҳволни 3 баллга ўнглаб, 31 балл олишга муваффақ бўлган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг